Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:57

НАТО САММИТИДА МАРКАЗИЙ ОСИЁ ВАКИЛЛАРИ ҲАМ ИШТИРОК ЭТМОҚДА


НАТОнинг олий даражадаги Прага саммитида Марказий Осиё вакиллари ҳам иштирок этмоқда. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон президентлари анжуманда иштирок этиш учун ушбу ҳафта Чехия пойтахти Прагага келдилар. Қирғизистон ва Туркманистон эса саммитга мудофаа ва ташқи ишлар вазирларини юбориш билан кифояланиб қўяқолди. Саммитга Марказий Осиё раҳбарлари ҳам таклиф этилган бўлсада, анжуманда ташкилотнинг шарққа кенгайиши ҳамда унинг ҳарбий ҳаражатлари билан боғлиқ масалаларга асосий эътибор қаратилади. НАТОнинг Тинчлик учун ҳамкорлик дастурида иштирок этиб келаётган Марказий Осиё давлатлари учун бу галги саммитнинг аҳамияти қандай бўлади? Бу саволга Озод Европа-Озодлик радиоси мухбирлари Замира Эшонова ва Антуан Блуалар жавоб излашга ҳаракат қиладилар.

Прагада очилган НАТО саммитида кўрилаётган асосий масала ташкилотнинг шарққа кенгайиши бўлса-да, Марказий Осиё давлатлари ҳам саммит ишида эътибордан четда қолмасликка ҳаракат қилишмоқда. Саммитда иштирок этиш учун Марказий Осиёнинг уч раҳбари: Ўзбекистон президенти Ислом Каримов, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмонволар етиб келишди. Туркманистон ва Қирғизистон Прагага мудофаа ва ташқи ишлар вазирларини жўнатди.

Ташкилот матбуот вакили Ив Брудор Марказий Осиё давлатларининг НАТО саммитида иштирок этаётгани анжуманнинг минтақа давлатлари учун ҳам муҳимлигидан далолат беришини қайд этди. "Марказий Осиё давлатлари учун бу сафарги саммит алоҳида аҳамият касб этади. Улар НАТОга аъзо давлатлар раҳбарлари билан минтақа хавфсизлигига оид масалаларни мухокама этишлари, ўзларини ўйлантираётган муаммолар юзасидан фикр алмашишлари мумкин. Қолаверса, НАТО саммити Марказий Осиё раҳбарларига ҳарбий ёрдам нуқтаи назаридан улар Шимолий атлантика ташкилотидан нима кутаётганликларини очиқ-ойдин айтиш фурсатини ҳам беряпти. Шу боисдан Прага саммити улар учун аҳамиятли бўлади, -деди НАТО матбуот вакили.

Маълумки, Марказий Осиёнинг аксарият давлатлари НАТОнинг тинчлик учун ҳамкорлик дасутрида иштирок этади. Дастур доирасида муштарак ҳарбий машқлар ўтказиб борилади, минтақа давлатларига техникавий ёрдам берилади.

Тожикистон ҳам НАТОнинг Тинчлик учун ҳамкорлик дастурида 1992 йилдан буён иштирок этиб келмоқда. Тожикистоннинг НАТОдаги элчиси Шариф Раҳимов Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда унинг давлати НАТО билан алоқаларни янада кенгайтириш ниятида эканини айтади:
"Бу ҳамкорлик дейди, - дейди тожик элчиси, - тинчлик йўлида қилинмоқда. Дастур террорчиликка қарши биргаликда курашиш, ҳарбий режаларни мувофиқлаштириш, фавқулодда вазиятларда биргаликда ҳаракат олиб боришни ҳам кўзда тутади. Масалан, Тожикистонда деярли ҳар йили табиий офатлар, кучли сел-ёғинлар ёки бўлмаса зилзила рўй бериб туради. Ўз навбатида 1992-97 йиллардаги фуқаролар уруши оқибатларини бартараф этиш, мамлакатни миналардан тозалаш ишлари ҳам ҳамкорлик доирасига киради", - дейди Раҳимов.

Прагада ўтаётган саммитда Марказий Осиё давлатларининг роли ҳозирча номаълум. Лондонда чиқадига "Жэйнс Сентинел" журнали таҳлилчиси Алекс Ватанкага, кўра саммитда асосан АҚШ ва Европа давлатлари ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик масалалари ва уларнинг молиявий жиҳатлари мухокама этилмоқда. "Вашингтон ва НАТОга аъзо Европа давлатлари ўртасида мудофаа ишлари билан боғлиқ ҳаражатлар ҳамда Европанинг Вашингтонга кўмаги қандай бўлиши мухокама этилмоқда. Аммо менимча, бу галги саммитда НАТО-Марказий Осиё муносабатлари масаласи кўтарилмаса керак", -дейди Ватанка.

Марказий Осиё-НАТО ҳамкорлигига келадиган бўлсак, 2001 йил 11 сентябр террор ҳужумлари ва шундан сўнг бошланиб кетган Афғонистон урушидан сўнг бу ҳамкорлик анча кучайди. Ҳозирда АҚШ ҳамда НАТОга аъзо бошқа давлатлар қўшинлари Туркманистондан бошқа Марказий Осиёнинг 3 давлатига жойлаштирилган.

АҚШ етакчилигида бошланган терроризмга қарши кураш натижасида Вашингтон Марказий Осиё давлатларидаги инсон ҳуқуқлари бузулишларига камроқ эътибор бера бошлагани кўплаб инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини ташвишга солган эди. Улар Марказий Осиёда демократик ислоҳотлар четда қолиб асосий эътибор минтақавий хавфсизлик масласига қаратилиши юзасидан хавотир билдириб, НАТОни бу давлатлардаги инсон ҳуқуқлари бузулиш ҳолларига кўз юммасликка даъват этишганди. Аммо НАТОнинг Прага саммитида бу масала ҳам четда қоладиган кўринади.
Ўзбекистон Эрк демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ НАТО каби салоҳиятли ташкилотлар Марказий Осиё ҳукуматларига ўз мамлакатларида демократия тамойилларини қарор топтиришда босимни кучайтиришлари кераклигини айтади.
"Бугунги мавжуд режимлар Ўрта Осиёдаги, ҳусусан Ўзбекистондаги режим халқнинг талабига жавоб бериши у ёқда турсин, халқнинг орзуларини ҳисобга олмайдиган ва унга тескари бир йўналишда кетаётган сиёсатни олиб боряпти. Лекин, шунга қарамай биз интеграциялашув тарафдоримиз. Умуман, мухолифат ўлароқ доим биз буни гапирдик. Ва доим гапирганимиздай яна ўша режимларнинг, мана шу аксилтеррор кампаниясини баҳона қилиб, барқарорликни баҳона қилиб халққа қарши юритаётган репрессиясини кучайтираётганини ғарб давлатлари кўриши керак ва ғарб давлатлари бунга қарши тадбир олиши керак", - дейди Муҳаммад Солиҳ.

НАТО матбуот вакили Ив Брудорнинг таъкидлашича, ташкилот Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро мулоқотни йўлга қўйишга ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирга ташкилот демократик меъёрларга ва қонун устуворлиги тамойилларига риоя этилишига ҳам жиддий эътибор бермоқда. Аммо Брудорга кўра, бу жараён анчага чўзилса керак.
"Бу ўзаро фикр-алмашувлар анжумани минтақа давлатларига ҳарбий соҳасини ислоҳ этишда ёрдам берилишига имкон яратади. Аммо бу ёрдам, дейди НАТО вакили, Марказий Осиё давлатларидан ташкилот қабул қилган қоидаларга, масалан ҳарбий соҳанинг фуқаролар тарафидан назорат қилиниши, қонун устуворлигининг таъминланиши ва этник озчиликларга ҳурмат каби қадриятларга риоя этишларини тақозо этади.

АҚШнинг стратегик тадқиқотлар институти профессори, ҳарбий соҳа мутахассиси Штефан Блэнк НАТОнинг минтақа давлатлари билан алоқаларини кучайтириши Марказий Осиё давлатларига ислоҳотлар бошлаш учун ўзига хос туртки бўлиши мумкин, деб ўйлайди.
"Нато бўхронларнинг олдини олиш ва коллектив ҳавфсизликни таъминловчи ташкилотга айланиб бормоқда. Бундан Марказий Осиё давлатлари фақат фойда кўришлари мумкин. Аммо НАТО ҳам Европа Иттифоқига ўхшаб, ҳамкорлик эвазига демократия сари ўзгаришларни ўтказиш борасидаги қатор талабларни қўяди".
Аммо Блэнкнинг айтишича, бу ҳамкорлик Марказий Осиё давлатларининг ҳарбий соҳалари шаффоф ва очиқ бўлсагина самара бериши мумкин.
XS
SM
MD
LG