Линклар

Бугун НАТО ташкилоти собиқ социалистик блокнинг етти давлатини ўз сафларига расман таклиф этди. Бу ҳодиса 2004 йилда рўй беради ва НАТОнинг 53 йиллик тарихида энг катта кенгайиш бўлади.


НАТО бош котиби Жорж Робертсон ташкилотнинг бугун Прагада очилган саммитида Латвия, Эстония, Литва, Словакия, Словения, Болгария ва Руминияларни НАТОга қўшилишга таклиф этди. Ташкилотнинг 19 аъзоси янги сафдошларни олқишладилар.

НАТОга таклиф этилган мамлакатлар раҳбарлари бу ҳодисага муносабат билдирмоқдалар. Латвия бош вазири Ейнар Репсес Латвиянинг таклиф этилгани унинг “доимий ва барқарор мустақиллик”ка эришганини намойиш қилганини айтди.

Литва мудофаа вазири Линас Линкевичус “ушбу таклиф янги ҳамкорлар учун синов бўлади”, деди.

Словакия бош вазири Микулас Дзуринда бугун қабул қилинган қарорни “демократия сари яна бир қадам”, деган бўлса, Болгария ташқи ишлар вазири Соломон Пасси уни “тарихнинг янги даврини бошлаётган ҳодиса”, деб атади.

Словения ташқи ишлар вазири Димитрий Рупел бугунги таклиф Словения Ғарбнинг бири қисми эканлигини намойиш қилди, деб айтди.

Грузия президенти Эдуард Шеварднадзе ўзининг Озод Европа -Озодлик радиоси қароргоҳига ташрифи давомида Грузия НАТОга қўшилиш ниятида экани, буни у эртага расмий чиқиши чоғида маълум қилажагини айтди.

Саммит давомида ташкилотнинг кенгайиши масаласидан ташқари Ироқнинг қуролсизланиши ҳам муҳокама қилинди. НАТОга аъзо давлатлар БМТ резолюциясини қўллаб-қувватлашга келишдилар, бироқ муштарак ҳарбий ҳаракатлар таклифи билан чиқмадилар. АҚШ ҳукумати НАТОдан Ироқ хусусида ёрдам сўраш режаси йўқлигини баён этган бўлса-да, бироқ ташкилот аъзоларидан Ироқни қуролсизлантиришга қаратилган уринишларида таянч кутган эди.

Айни вақтда НАТО аъзолари 2006 йилга қадар тезкор кучлар тузиш ва уларни жаҳоннинг зарурат туғилган қисмига турли мақсадларда юбориш режасини ҳам тасдиқладилар. Қабул қилинган баёнотга кўра, тезкор кучлар пиёда, денгиз ва ҳаво қўшинларидан таркиб топган бўлиб, юқори технологиялардан фойдаланадиган ва вазифаларни тез бажарадиган бўлиши кўзда тутилган. Кучларни тузиш 2004 йил октябрда бошланиб, 2006 йил октябрга қадар якунланиши керак.
Чехия расмийларининг маълум қилишларича, НАТО саммити бўлиб ўтаётган кунларда Чехия ҳаво ҳудудларини назорат қилишда ёрдам бераётган АҚШ учқичлари кеча кечқурун Қозоғистон мудофаа вазири самолётини қўнишга мажбур қилганлар ва қозоғистонлик расмий саммитнинг очилишига кеч қолган.

Чехия мудофаа вазирлиги вакили Милан Репка Мухтор Олтинбоев учиб кетаётган самолётнинг Прагада қўнишга рухсати бўлмагани сабабли у Пардубице аэропортида қўнишга мажбур қилинганини айтди. Ҳужжатлар текширилиб, расмийлаштирилганидан сўнг самолётга Прагага учишга рухсат этилган.

Шу кунларда АҚШнинг қарийб 15 ҳарбий учқичи Чехия осмонини назорат қилиш ва эҳтимолий террор ҳуружларининг олдини олишда Чехия ҳарбийларига кўмаклашмоқда.

Қозоғистон НАТОга аъзо бўлмаса-да, ташкилот билан Евроатлантика ҳамкорлик кенгаши орқали алоқаларни ривожлантириб келяпти.
XS
SM
MD
LG