Линклар

logo-print

БМТ инспекторлари Ироққа келдилар.


Акрам Файзулло

Душанба куни БМТнинг бир гуруҳ инспекторлари Ироққа келдилар. 18 нафар инспектордан ташкил топган ишчи гуруҳи БМТ резолюциясига мувофиқ, чоршанба кунидан бошлаб Ироқда кимëвий, биологик ва ядровий қуроллар бор-йўқлигини аниқлашга харакат қилади.

Ироқдаги инспекторларнинг жами сони шу йил охиригача 100тагача етиши кутилмоқда.

Ҳозир Бағдодда БМТнинг 40 нафар техник ходими коммуникация воситаларини ўрнатмоқдалар.

Халқаро Атом энергияси агентлиги бошлиғи Муҳаммад Ал-Барадейга кўра, БМТ инспекторларининг Ироқдаги қуролларни текшириш ишлари - уруш бошланишига олиб келмайди, балки аксинча урушнинг олдини олиши мумкин.

“Ироқ ҳукуматининг инспекторлар билан тўлиқ ҳамкорлик қилиши текшириш ишини осонлаштиради. Агар инспекторлар Ироқда текширув ишларини ўз вақтида амалга ошириб, БМТ Хавфсизлик кенгашига ижобий ҳисоботни тақдим этсалар, урушнинг олди олинади”, деди Ал-Барадей.

Аммо у душанба куни Қоҳирада мухбирлар олдида сўз юритиб, агар Ироқ ҳукумати БМТ ҳарбий инспекторлари билан тўлиқ ҳамкорлик қилмаса, бунинг оқибатлари нафақат Ироқ, балки, бутун минтақа учун ëмон бўлиши ҳақда огоҳлантирди.

Халқаро Атом энергияси агентлиги бошлиғининг сўзларига кўра, текширув иши Ироққа мамлакат оммавий қирғин қуролларига эга эмаслигини исботлаш ва халқаро ҳамжамият изоляциясидан қутилиш учун бир имконият яратади.

7 ноябр куни БМТ Хавфсизлик кенгашида бир овоздан қабул қилинган резолюцияда Ироқ ўзининг барча кимëвий, биологик ëки ядровий қуролларидан воз кечиши кераклиги, акс ҳолда у “ëмон оқибатларга” учраши тўғрисида огоҳлантирилган. Резолюция Ироқ ҳукуматидан 8 декабргача барча оммавий қирғин қуроллари, бундай қуроллар ишлаб чиқарилган заводлар ва ҳатто ноҳарбий кимëвий, биологик ва ядровий дастурлар тўғрисида батафсил ҳисобот беришини талаб қилади.

Расмий Бағдод ушбу талабни қабул қилди, аммо Ироқ расмийлари бундай ҳисоботни тайëрлаш учун оз вақт берилгани ҳақда хавотирланмоқдалар.

БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясида қайд этилишича, “агар Ироқ ҳукумати ўзининг қуроллари ëки қуроллар дастурлари ҳамда кимëвий, биологик ва ядровий дастурлари тинч мақсад йўлида қўлланилишини даъво қилиб, ëлғон маълумотлар берса, резолюция талаблари бажарилмаган, деб ҳисобланади ва бу ҳарбий ҳужум қилинишига сабаб бўлиши мумкин”.

Куни кеча Ироқ ташқи ишлар вазири Нажи Сабри БМТ бош котиби Кофи Аннанга йўллаган мактубида резолюция Қўшма Штатлар Ироққа қарши ҳужум қилиши учун баҳона яратаëтгани ҳақда норозилик билдирди.

Нажи Сабри БМТ Хавфсизлик кенгашини ҳарбий инспекторлар БМТ хартияси ва мақсадларига мувофиқ равишда фаолият олиб боришини таъминлашга чақирди. Унга кўра, агар шундай қилинса, “Қўшма Штатлар раҳбарияти томонидан қўйилаëтган айбномалар ëлғон экани ошкор бўлади”.

Душанба куни Россия ташқи ишлар вазири Игор Ивановнинг таъкидлашича, БМТ Хавфсизлик кенгаши Ироқни қуролсизлантириш учун бир ëқадан бош чиқариб ишлаши керак. Унга кўра, Россия кенгаш билан бу борада ҳамкорлик қилишга тайëрдир.

1991дан 1998 йилларгача БМТ инспекторлари Ироқда катта ҳажмдаги кимëвий ва биологик қуролларни ҳамда узоқ масофага отиладиган ракеталарни йўқ қилган эдилар. 1991 йилги Кўрфаз урушидан кейин қабул қилинган БМТ резолюцияларига мувофиқ Ироқнинг бундай қуролларга эга бўлиши таъқиқланган. Инспекторлар Ироқнинг ядровий дастурини ҳам тўхтатганлар. Аммо ўшанда инспекторларга Ироқдаги айрим объектларга киришларига рухсат берилмагани ва расмий Бағдод уларни Америка фойдасига жосуслик қилганида айблаб, норозилик билдирганидан кейин Ироқдаги текширув ишлари тўхтатилган эди.
XS
SM
MD
LG