Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:43

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯЧИЛАРИ ЕТТБ ЙИҒИНИНИНГ ТОШКЕНТДА ЎТИШИГА ҚАРШИ


Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистонни танқид остига олди. Шу билан бирга Тошкнтда ўзининг йиллик йиғинини ўтказишни режаламоқда.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) собиқ Совет Иттифоқининг уч давлатини мамлакатларида сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни пайсалга солаётганликлари учун танқид остига олди. Банк чиқарган ҳисоботда ўтиш даврини кечаётган 27 давлат орасида Ўзбекистон, Туркманистон ва Беларус иқтисоди кучли назорат остида қолаётган мамлакатлар сифатида тилга олинади.
Мустақилликка эришганларига 11 йилдан ошиқроқ вақт бўлибдики, бу давлатларда Иттифоқ пайтида бошланган иқтисодий ислоҳот куртаклари яксон этилди. ЕТТБ ҳисоботида ўтиш даврини кечаётган давлатлар орасида Ўзбекистон, Туркманистон ва Беларус энг паст иқтисодий кўрсаткичларга эришгани айтилади. Банк таҳлилчиси ҳамда ҳисобот муаллифларидан бири Уильям Бауттер бу ҳусусда шундай дейди:
"Ҳисоботнинг махсус қисмида таъкидланганидек, ушбу йилда Ўзбекистон тарафидан ислоҳотлар сари силжишлар ҳеч бир шаклда кузатилмади. Шу боисдан бу давлат Туркманистон ва Беларус қатори ўтиш даврини кечаётган 27 давлат орасида энг паст иқтисодий кўрсаткичларга эришган давлатлар сирасига қўшиб қўйилди. Бу ҳисоботда аниқ ва равшан қилиб кўрсатилган", - дейди Уильям Баттер.
Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда ислоҳотларга ғов бўлаётган асосий омил валюта бозорининг эркин эмаслиги. Январ ойидан буён ўзбек расмийлари Халқаро валюта жамғармасининг махсус дастури доирасида иш олиб бордилар. Ўзбекистон ва Халқаро валюта жамғармаси ўртасида имзоланган меморандумга мувофиқ Тошкент ҳукумати 2002 йил ўрталарига келиб сўм конвертациясига чекловларни олиб ташлаши керак эди. Чунки, мамлакатда хорижий валюталарнинг эркин алмашинувининг таъминланиши Халқаро валюта жамғармаси дастурининг муҳим жиҳати ҳисобланади. Аммо Ўзбекистонда ҳали ҳам сўмнинг хорижий валюталарга нисбатан турли курслари сақланиб қолмоқда. Булар ҳукумат тарафидан белгиланадиган икки давлат курси, яъни тижорат ва биржадан ташқари курси ва қора бозор курсларидир.
Ўзбекистондаги вазиятни ўрганиш учун Халқаро валюта жамғармаси сентябр ойида ўзининг махсус делегациясини Ўзбекистонга жўнатган эди. Жаҳоннинг йирик молия муассасаси ўз вакилларининг ҳулосасига таяниб Ўзбекистонда пул бозори эркинлашмагунча Тошкент билан музокара бошламасликка қарор қилди.
Аммо ЕТТБ келаси йили ўзининг йиллик йиғинини Тошкентда ўтказишни режаламоқда. Банк вакили Бауттер гапиради:
"Банк ўзининг 11 йиллик фаолияти давомида ҳеч қачон Марказий Осиёда йиллик йиғинини ўтказмаган эди. Ҳозир эса бунга фурсат етди, - дейди Уильям Бауттер. "11 сентябр воқеаларидан сўнг минтақанинг иқтисодий стратегик аҳамияти ортди. Ҳозир эса Марказий Осиёда учрашув ўтказиш учун айни палла. Минтақа марказида эса 25 миллион аҳолисига эга Ўзбекистон жойлашган. Қолаверса, бу мамлакатда кечаётган жараёнларнинг Марказий Осиёнинг қўшни давлатларига ҳам таъсири катта. Учрашувимизнинг Тошкентда ўтиши Ўзбекистонда ислоҳотлар пайсалга солинаётганига кўз юмиш ёки бўлмаса уни рағбатлантириш маъносини англатмайди. Биз мамлакатдан нималарни кутаётганимизни очиқ-ойдин айтиб келяпмиз. Мамлакат иқтисодий жиҳатдан оёққа туриб олишида сиёсий плюрализм ва иқтисодий ислоҳотларнинг унга ҳамоҳанг равишда олиб борилиши энг муҳим масала. Булар амалга ошмас экан иқтисодий ўсиш ҳам бўлмайди", деб қайд этди Европа тикланиш ва тараққиёт банки таҳлилчиси.
Аммо инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар, жумладан қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Хьюман Райтс Уотч ташкилоти ЕТТБ йиллик учрашувининг Тошкентда ўтишига қарши. Ташкилотнинг Лондон ваколатхонаси раҳбари Стив Крошоуга кўра, агар Каримов ҳукумати мухолифат фаолларини қамоққа олиш кампаниясини тўхтатмаса, учрашувни бошқа жойга кўчириш керак.
"Агар йиғин Тошкентда бўладиган бўлса бу Ўзбекистон президенти Ислом Каримов учун ўз мухолифларига тазйиқларни кучайтириш, у ерда бўлаётган зўравонликларни давом эттиришга розилик маъносини англатмаслиги керак. Бу жуда муҳим. Биз ЕТТБнинг йиллик йиғини фақат демократия мақсадларини кўзлаб ўтказилаётганига умид қиламиз", - деди Хьюман Райтс Уотч вакили.
Гарчи сўнгги пайтларда, ўзбек сўмининг хорижий валюталарга нисбатан турли курслари, яъни расмий ва қора бозор курслари ўртасидаги тафовут бироз камайгани кузатилган бўлса-да, бу жараён кичик миқдорда кам пул эмиссияси ҳамда ҳукуматнинг кучли назорати остида амалга ошди. Шу боис мамлакат пул бозорида вазият яҳшиланди дейишга ҳали эрта кўринади. Чунки Ўзбекистонда ширкатлар ўз пулларини банклардан нақд пул кўринишида олишлари учун чекловлар ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Ҳукумат нақд пул оқими устидан кучли назорат ўрнатган. Бунинг оқибатида кампаниялар ўз пулларини банклардан фақат қора бозорга яқин курсда чиқариб олишлари мумкин.
Ҳозирда ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан давлат курси 920 сўм 5 тийин қилиб белгиланган. Банклараро тижорат курси эса 1070 сўмни ташкил этади. Қора бозорда эса валютафурушлар ҳар бир АҚШ доллари учун 1220-1250 сўмдан беришмоқда.
Халқаро валюта жамғармаси сўнгги ойлар мобайнида Ўзбекистон валюта бозорида кечаётган жараёнларни кузатиб борди. Агар валюта конвертацияси борасида ҳукумат бошлаган ислоҳотлар шу йўсинда давом эттирилганда эди, шу пайтга келиб курслар ўртасидаги тафовут йўқолган бўлар эди. Таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистон ҳукумати юргизаётган сиёсатда "шаффоф"лик етишмайди. Жараёнга ҳалақит бераётган яна бир омил бюрократик тўсиқлар.
ЕТТБ ҳисоботида таъкидланишича, ҳозирда Ўзбекистон аҳолисининг 31 фоизи қашшоқ аҳволда кун кечирмоқда. Уларнинг аксарияти мамлакатнинг чекка вилоятларига, Қорақалпоғистон ва Хоразмга тўғри келади. Шунга қарамай, Ўзбекистонда нафақахўрлар, кам таъминланган аҳоли ижтимоий жиҳатдан мухофазалангани айтилади ҳисоботда. Мамлакат ялпи ички махсулотининг 7 фоизи нафақахўрлар учун ажратилган.
XS
SM
MD
LG