Линклар

Президент Буш маъмурияти Саудия Арабистонини террорчиларни молиявий ëрдамдан маҳрум қилишда кўпроқ ҳамкорлик қилишга чақирмоқда.


Акрам Файзулло

Куни кеча Америка матбуотида Саудия Арабистони Вашингтондаги элчисининг рафиқаси 11 сентябр терактларида иштирок этган икки кишига билвосита молиявий ëрдам берган бўлиши мумкин, деган хабарлар тарқатилганидан кейин АҚШ-Саудия муносабатларида кескинлик кузатилмоқда.
АҚШ давлат котиби Колин Пауэлл “Саудия Арабистонидан молиявий ëрдам олаëтган айрим ҳайрия ташкилотларининг террорчилар билан алоқа ўрнатган бўлиши эҳтимоли Америка расмийларини хавотирга солмоқда”, - деди. Аммо Пауэллга кўра, Вашингтон Қўшма Штатларнинг узоқ йиллик дўсти ва стратегик ҳамкори бўлган Саудия Арабистони билан муносабатлар ëмонлашишига йўл қўймайди.
Сешанба куни Оқ уй матбуот вакили Ари Флишернинг мухбирларга айтишига кўра, президент Жорж Буш Саудия Арабистони аксилтеррор кампанияда “яхши ҳамкор” эканлигига ишонади. Аммо Қўшма Штатлар Саудия ҳукуматини янада кўпроқ ҳамкорлик қилишга чақирмоқда.
Мухбирлар 11 сентябр терактларини содир этган 19 кишидан 15 нафари саудиялик эди ва саудияликлар пули террорчи ташкилотларни молия билан таъминлаëтганига ишонилмоқда, шундай экан, қандай қилиб Оқ уй маъмурияти Саудия Арабистонини “яхши ҳамкор”, деб атай олади, деб сўраганларида, Флишер:
“Террорчиларнинг аксарияти саудиялик бўлгани – Саудия Арабистони терроризмни қўллаб-қувватлаяпти, деган маънони англатмайди. Терактларни уюштирган кишилар Америка ва Саудия Арабистони орасидаги муносабатларга раҳна солиш ниятида, терактларни содир этиш учун Саудия фуқароларини танлаган бўлишлари мумкин”, - деди.
Яқинда “Вашингтон Пост” газетасида чоп этилган бир мақолада ëзилишича, ишчи гуруҳи Миллий Хавфсизлик кенгашини Саудия Арабистонидан террорчиларга молиявий ëрдам бераëтган фуқароларни ҳибсга олишни талаб қилиш кераклигини президентга тавсия қилишга чақирган.
“Саудия ҳукумати 90 кун ичида террорчиларнинг ҳомийларини қамоққа олиши керак, акс ҳолда Қўшма Штатларнинг ўзи бу ишни амалга оширади. Америка разведкаси 9та бой киши, жумладан 7 саудиялик, бир покистонлик ва бир мисрлик Усама бин Ладиннинг “Ал-Қоида” ва бошқа террорчи гуруҳларни молия билан таъминламоқда, деган хулосага келган”, - деб ëзилади айни мақолада.
Оқ уй матбуот вакили Ари Флишер мазкур мақола номи ошкор бўлишини истамаган манбаларга асослангани туфайли унга ишониб бўлмайди, деди.
Айрим танқидчилар Саудия ҳукуматини терактларни текшириш ишларида тўлиқ ҳамкорлик қилмаëтганида айбламоқдалар. Уларга кўра, Саудия қиролининг оиласи 1996 йилда Американинг Дахрандаги ҳарбий базасига қарши содир этилган терактни текшириш ишларига ҳалақит бермоқда. Бу ҳужум оқибатида Американинг 19 нафар аскари ҳалок бўлган эди.
Эндиликда Қўшма Штатлар маъмурияти ўзини Яқин Шарқдаги камбағалларга ëрдам берувчи, деб таништирган, аммо аслида пулни террорчи гуруҳларга жўнатаëтган айрим ҳайрия ташкилотлар устидан текширув ишларини олиб бормоқда.
Яқинда Вашингтондаги Саудия элчисининг рафиқаси Калифорнияда яшовчи бир саудияликка молиявий ëрдам бергани ва бу саудиялик Нью-Йорк ва Вашингтонда терактларни содир этишда иштирок этган икки кишининг дўсти экани аниқланганидан сўнг, айрим расмийлар ва таҳлилчилар Саудия ҳукуматига нисбатан шубҳа билан қарай бошладилар.
Элчининг рафиқаси малика Хаифа Ал-Фаизал хоним бир баëнот тарқатиб, “мен ҳақиқатан ҳам молиявий ëрдамга муҳтож бўлган кишига пул жўнатдим. Аммо менга террорчиларга ëрдам берган, деган айб қўйилиши мутлақо мантиқсиздир”, - деди.
Ҳозирча маликанинг терактларни молия билан таъминлаш ниятида бўлгани ëки унинг пули ҳақиқатан ҳам террорчиларга етиб боргани хусусида хеч қандай далил йўқ. Аммо АҚШ Конгрессининг айрим аъзолари Федерал Қидирув бюросидан масалани яқиндан ўрганишни талаб этмоқдалар.
XS
SM
MD
LG