Линклар

Буюк Сардорга суиқасд


Сарвар УСМОН

"Пулни биттасига тўлайсизу бироқ иккитасини оласиз". Рекламада бўлади, одатда, бундай трюк.
Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзовнинг жонига суиқасд уюштирилиши ўшандай трюкни эслатди. Яъни битта сенсациянинг ичида яна битта сенсация борлиги маълум бўлиб қолди.
Биринчи сенсация - Туркманбошини ўлдирмоқчи бўлганлари. Иккинчиси - Туркманбошига қилинган суиқасдда Россиянинг қўли борлиги тўғрисида расмий Ашхободнинг иддаолари.

Шунинг учунми, Россия газеталари 27 ноябрь сонларида мазкур мавзуга кенг ўрин бердилар. Мана баъзи сарлавҳалар: "Известия": "Туркманбоши ўзини ким ўлдирмоқчи бўлганини билади"; "Время новостей": "Ниёзов ва бўшлиқ"; "Коммерсант": "Изоҳ талаб қилмайдиган Туркманбоши"; "Время МН": "Инсценировками ёхуд террористик хуружми?"; "Московский комсомолец": "Туркманбошининг бошида нима бор?"
Сарлавҳалар билан таништиришни ҳали узоқ давом эттириш мумкин.

Хўш, нималарни ёздилар рус газеталари?

"Известия" Туркманбошига қилинган суиқасдда Россиянинг қўли бор, дейилган даъвога Россия "Оқ уй"и матбуот хизматининг жавобини келтиради.

"Сердар Дурдиев (Туркманистон президенти маъмуриятининг халқаро информация бўлими бошлиғи – C.У.) бирон-бир конкрет факт ёки фамилия келтириб ўтирмади. Шунинг учун бундай алаҳсирашни шарҳлашга ҳожат йўқ", - деган гап чиққан Россиянинг "Оқ уй"идан.

"Время новостей" газетаси эса, Россия Федерация кенгаши раиси Сергей Мироновнинг "бундай айбловларнинг куракда турмаслиги шу қадар ойдинки, уларни шарҳлашнинг ўзиёқ бемаъниликдир", деган гапини келтиради.

Суиқасд амалга оширилгандан сўнг Туркманистон расмийлари тўрт нафар грузин жиноят содир этган жойларида, яъни президент кортежига қаратиб ўқ узган жойида қўлга олинганликларини маълум қилди, деб ёзади "Время новостей".
"Коммерсант" газетасига кўра, Грузиянинг Туркманистондаги элчиси Петр Чхеидзе бундай даъвони кескин рад этган.

Расмий Ашхобод суиқасдни уюштирувчи асосий куч сифатида туркман мухолифатини айбламоқда. Аниқроғи тўрт кишини. Мана ўша тўртовлон: мамлакат бош вазирининг собиқ муовинлари Борис Шихмурадов ва Худойберди Ўразовлар, собиқ элчи Нурмуҳаммад Ханамов ҳамда тўртинчиси - Туркманистон қишлоқ хўжалиги вазирининг собиқ муовини Сапармурот Иқлимов.
Жаноб Иқлимов, "Время новостей"га кўра, 1994 йили истеъфога чиққан. 97 йилдан буён эса, Швецияда яшайди. Шу кунда у Швеция фуқаросидир. Газета Иқлимовнинг ҳеч қачон мухолифатчилар сафида ҳам, диссидентлар сафида ҳам бўлмаганлигини таъкидлайди. "Время новостей"га берган интервьюсида Сапармурат Иқлимов ўзига қўйилаётган айбловни шарҳлар экан, "бундан баттарроқ алжирашни ўйлаб топиб бўлмаса керак", деган.
Туркманистон қишлоқ ҳўжалиги вазирининг собиқ муовини Сапармурат Иқлимов Озодлик радиосига ҳам воқеа юзасидан интервью берган. Иқлимовга кўра, суиқасд Туркманистон раҳбарининг ўзи ўйлаб топган найрангдир. "Афтидан фантазиялари соб бўлган кўринади", - дейди Иқлимов Ниёзовни назарда тутар экан.
Умуман, шу кунларда Туркманбошига қарши уюштирилган суиқасд расмий Ашхободнинг навбатдаги найранги, деган фикрлар кўп айтилмоқда.
Бундай фикрни мутолаа қилаётганимиз - Россия газеталарида босилган мақолаларнинг сатрларидан ҳам, сатрлари орасидан ҳам уқиш мумкин.
"Қолаверса, бу ғалати суиқасдга биронта одамнинг ишонмаслигини Туркманбошининг ўзи ҳам сезиб турибди", - деб ёзди "Московский комсомолец".
Рус газеталарининг Россияга қилинаётган маломатни нарироқ суришга ҳаракат қилаётганликларини тушунса бўлади.
Хўш, Туркманбоши айблаётган мухолифатчилар қандай фикрда.
Туркманистон бош вазирининг собиқ муовини Борис Шихмурадов Озодлик радиосига берган интевьюсида: "Бу Туркманбошининг ўзи уюштирган улкан иғво бўлиши ҳам, ночорликдан бошини қайси тошга уришни билмай юрган баъзи туркманистонликларнинг иши бўлиши ҳам, қамоқхоналарда сиёсий маҳбуслар ушлаб қолинган бир пайтда озодликка чиқарилган юзлаб жиноятчиларнинг иши бўлиши ҳам, ва ниҳоят, тирикчилигини қандай ўтказишни билмай боши қотган, эртанги куни қоронғу бўлган ва шунинг учун ҳам қўлида таёқ билан унинг зирҳланган лимузинига ташланишга тайёр бўлиб қолган оддий кишиларнинг иши бўлиши ҳам мумкин", - деди Борис Шихмурадов.
Борис Шихмурадов ҳам ўзига нисбатан қилинаётган маломатларни четга суриш учун шундай гап айтаяпти, дейишимиз мумкин.
Шунинг учун баъзи бир мустақил кузатувчиларнинг, на Россияга ва на Туркманистонга бевосита алоқаси бор кузатувчиларнинг фикри қизиқтириши мумкин, Cиз тингловчини. Ўшандай кузатувчилардан бири - ўзбекистонлик мустақил журналист Алишер Таксановдир. Радиомизга берган интервьюсида у "Мен суиқасд қилинди деб ҳисобламайман, суиқасд деб аталаётган ҳаракатнинг қандай ташкил қилинганига эътибор берилса, у кўпроқ инсценировкага ўхшаб кетади", - дейди Алишер Таксанов. Фикрини далиллар экан, у президентнинг зирҳланган лимузинига оддий қуролдан ўқ узилганини айтади. Асл мақсад эса, дейди Таксанов: "Бу ишни рейтингини кўтариш учун ёхуд пайдо бўлиб қолган мухолифат хавфига эътибор қаратиш учун президентнинг ўзи қилган бўлиши мумкин",- дейди.
Хуллас, гап кўп. Ҳар икки томонда ҳам кўп гап. Расмий Ашхабоднинг ўз ҳақиқати бор.
Туркманистон чегараларидан ташқаридагиларнинг ўз ҳақиқати бор.
Шу кунда етиб келаётган хабарларга қараганда, Туркманистонда қама-қамалар давом этмоқда. Яқин орада қўлга олинганлар суд қилинарлар ҳам. Бироқ, қамаладиганларнинг чиндан ҳам айбдор эканлигига жаҳон жамоатчилиги тўла ишонадими?

Туркманларнинг буюк сардорига бу савол жавобининг икки пуллик қизиғи йўқ.
XS
SM
MD
LG