Линклар

Лукашенко ҳар қачонгидан ҳам кўп яккалаб қўйилди.


Акрам Файзулло

Ноябр Белорус президенти Александр Лукашенко учун ëмон ой бўлди.

Дастлаб, Лукашенко, “Тинчлик учун ҳамкорлик” дастурига аъзо бўлган мамлакат лидери сифатида, НАТО саммитига иштирок этиш учун Прагага келишни истаган эди. Аммо Чехия ташқи ишлар вазирлиги Минск ҳукумати инсон ҳуқуқларини поймол этмоқда, деган сабаб билан Лукашенкога виза беришдан бош тортди.

Шундан кейин, айни сабаб билан, Лукашенконинг Америкага ва Португалиядан ташқари Европа Иттифоқига аъзо бўлган барча давлатларга саëҳат қилиши таъқиқланди.

Ғарб ва Белорус орасидаги муносабатлар бир неча йилдан бери кескинлашган. Хўш, Америка ва Европа давлатлари нима сабабдан Лукашенкони янада яккалаб қўйишга қарор қилди?

Минскдаги мустақил стратегик тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Валерий Карбалевичга кўра, Лукашенко 2001 йил сентябр ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларида қайта сайланганидан кейин, Ғарб давлатлари Белорус билан алоқаларни яхшилашни таклиф қилган. Аммо Лукашенко бунга эътибор бермай, Ғарбни янада ўзига қарши қилиб қўйган.

“Лукашенко муросага муроса билан жавоб бериш ўрнига тескарисини қилди. У ўзининг Ғарбга қарши бўлган сиëсатини ошириб, Белорусда зуғумни кучайтирди. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Минскдаги идорасини ëпди. Ироқ билан яқиндан алоқалар ўрнатишни бошлади. Бир сўз билан айтганда, Лукашенко Ғарбнинг Белорус билан алоқаларни яхшилаш тўғрисида киритган таклифига кўплаб қарама-қарши харакатлар билан жавоб қайтарди”, - деди таҳлилчиси Валерий Карбалевич.

Сўнгги 3 ой ичида Ироқ бош вазир ўринбосари Абдул-Таваб Мулла етакчилигидаги делегация икки марта Минскка ташриф буюрди. Расмий Минскка кўра, Белорус ва Ироқ орасидаги алоқалар, фақат қонуний гуманитар савдога асосланган. Аммо Қўшма Штатлар икки мамлакат ўртасидаги алоқалар тоборо ривожланиб бораëтганидан ташвишланмоқда.

Чоршанба куни Москвада Белорус президенти Александр Лукашенко ва Россия президенти Владимир Путин ўзаро интеграция масалаларини муҳокама қилдилар.

Путинга кўра, айрим келишмовчиликларга қарамай, интеграция жараëни, шу жумладан, 2005 йилда Белорусда рублни муштарак пул бирлиги сифатида қабул қилиш ишлари “кўнгилдагидек” бормоқда.

Лукашенконинг айтишига қараганда, интеграция жараëнида муаммолар бор ва улар зудлик билан ҳал этилиши керак, аммо у муаммолар нималардан иборат экани ҳақда сўз юритмади. Лукашенко Россия матбуотини Белорус ва Россия орасида келишмовчиликлар чиқаришга уринаëтганликда айблади.

“Белорус ва Россия халқлари орасида бошланган саъй жараëнни йўққа чиқариш учун, кимлардир менинг жаноб Путин билан бўлган шахсий алоқаларимга зарар етказишга уринмоқда. Мен шу нарсани яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиманки, биз бир-биридан юз ўгирадиган маъсулиятсиз кишилар эмасмиз”, - деди Лукашенко.

Мухбирлар унинг Ғарб давлатларига саëҳат қилиши таъқиқлангани ҳақда сўрашганида, Лукашенко “президент сифатида Қўшма Штатларга саëҳат қилиш учун менда эҳтиëж йўқ, мен Америкасиз ҳам яшай оламан”, - деб жавоб берди.

Президент Путин мухбирлар олдида Лукашенкога Минскнинг алоқаларни янада ривожлантириш учун қўшаëтган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди.

“Собиқ совет республикалари орасида Белорус биринчи бўлиб Россия билан бирлашишга тарафдор эканини маълум қилгани биз учун муҳимдир. Россиянинг ташқи сиëсати очиқдир ва биз барча ҳамкорларимиз билан, шу жумладан, Белорус билан ҳам алоқаларни ривожлантиришни давом эттирамиз”, - деди Путин.

У июн ойида ҳатто Лукашенко ўйлаганидан ҳам кўпроқ бирлашишни таклиф этганида, Белорус президенти ҳокимиятни қўлдан чиқариши эҳтимолидан чўчиб қолган эди. Эндиликда Белорус ва Россия ўртасидаги иттифоқ сиëсий эмас, балки, иқтисодий масалалар билан чекланиб қолган.
XS
SM
MD
LG