Линклар

logo-print

11 сентябр терактлари кўплаб америкаликлар қаторида мамлакатдаги иммигрантлар ҳаëтига ҳам жиддий таъсир қилди.


Акрам Файзулло

Ивановлар оиласи яхшироқ яшаш ва диний тазйиқлардан қутилиш мақсадида 10 йил олдин Белорусдан Америкага кўчиб келдилар. Катерина ва Дмитрий Ивановлар бир қизи билан Нью-Йоркдаги Брайтон Бич маҳалласида жойлашдилар. Бу маҳаллада 15 мингдан ошиқ рус иммигранти истиқомат қилади.
Ивановлар оиласи ўзи орзу қилган ҳузур-ҳаловатли ҳаëтга эришганидан жуда мамнун эди. Аммо 2001 йил 11 сентябр фожиалари кўплаб оилалар қаторида Ивановлар ҳаëтига ҳам таъсир қилди.
Манхеттендаги бир фирмада манеджер бўлиб ишлаган 55 ëшли Катерина Иванова, Нью-Йоркда терактлар содир этилганидан сўнг аксарият иммигрантларнинг ҳаëти кескин даражада ўзгарганини қайд этди.
“11 сентябр воқеаларидан кейин ҳаëтимизда ҳамма нарса ўзгарди. Мен ишсиз қолдим, олдингидек роҳат ҳаëтда яшай олишимизга кўзим етмайди. Менинг фикримча, Америка иқтисоди илгарги ҳолига қайтиши учун, камида, 10 йил керак бўлади. Фожиа оқибатида айрим дўстларимнинг фарзандлари қурбон бўлди. Тўсатдан ҳамма нарса ўзгариб кетди”, - деди Катерина Иванова.
Брайтон Бичдаги бошқа бир рус иммигранти Марк 11 сентябр фожиаларидан бери ўзининг ҳаëтида жиддий ўзгариш бўлмаганини қайд этди. Аммо унинг айрим дўстлари Америкага кўчиб келиш режаларидан воз кечганлар, бошқалари эса виза олишда қийинчиликларга учрамоқдалар.
“Америкага келаëтганлар сони камайиб қолди, айрим кишилар бу ерга келишни, умуман, ҳоҳламайди. Кўплаб кишиларга виза берилмаяпти. Бир амаллаб Америкага келиб олган кишилар бу ерда қолиб, яшашни истайдилар”, - деди Марк.
Қўшма Штатлар чегарасида хавфсизликни мустаҳкамлаш учун май ойида қабул қилинган қонунга кўра, кишилар шахсини синчиклаб текшириш бўйича янги тизим жорий этилди. Ушбу тизим потенциал террорчиларнинг Америкага келишига йўл қўймасликка, шунингдек, иммиграция ва ҳуқуқ-тартибот органлари орасида янада кўпроқ информация алмашиш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган.
Иммиграция бўйича мустақил тадқиқот марказининг таҳлилчиси Жон Келэга кўра, янги тизим Қўшма Штатларга келаëтган иммигрантлар сонини қисқартиришга эмас, балки турист ва талаба визалари билан мамлакатга келувчиларнинг шахсини янада синчиклаб текширишга қаратилган.
“Қўшма Штатлар ҳукумати турист ва талаба визалари билан мамлакатга келишни истаганларнинг шахсини синчиклаб ўрганмоқда, чунки ҳар йили шундай визалар билан 10 миллиондан ошиқ киши Қўшма Штатларга келмоқда ва улар орасида бир неча юз хавфли шахслар бўлиши мумкин. Америка билан ëмон муносабатда бўлган давлатларнинг фуқаролари янада жиддийроқ текширилмоқда”, - деди таҳлилчи Жон Келэ.
Иммиграция ва Натурализация бошқармаси маълумотларига қараганда, ўтган йил давомида бир миллиондан ошиқ иммигрантга Қўшма Штатларда доимий яшаш рухсати берилган. Бошқармага кўра, бу кўрсаткич 2000 йилдагига қараганда 200 минг кишига кўпдир. Ўтган йил давомида Қўшма Штатларда доимий яшаш рухсатини олганларнинг тахминан 4 фоизини россиялик ва украиналик иммигрантлар ташкил қилади.
Аммо АҚШ Конгрессининг айрим аъзолари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳлар мухожирларни қабул қилиш ишлари жуда секинлашиб қолгани ҳақда хавотирланиш билдирмоқдалар. 11 сентябр терактларидан кейинги хавфсизлик борасидаги хавотирлар туфайли, Қўшма Штатлар муҳожирларни қабул қилишни кескин даражада камайтирди. 2001 ва 2002 йиллар ўртасида Қўшма Штатлар 70 минг муҳожирни қабул қилишни режалаштирган эди, аммо 27 минг муҳожирни қабул қилди. 2000 ва 2001 йиллар мобайнида Қўшма Штатлар тахминан 68 минг муҳожирни қабул қилган эди.
Қўшма Штатларда аҳолини руйхатга олиш учун ўтказилган сўнгги ҳисоб-китобга кўра, эндиликда Америкада 2 миллиондан ошиқ русий забон аҳоли истиқомат қилади, уларнинг 600 минг нафари Нью-Йорк штатида яшайди.
XS
SM
MD
LG