Линклар

logo-print

АҚШ президенти Жорж Бушга кўра, Ироқ ҳукумати БМТ ҳарбий инспекторлари билан тўлиқ ҳамкорлик қиладиганга ўхшамайди.


Акрам Файзулло

АҚШ президенти Жорж Бушга кўра, Ироқ ҳукумати БМТ ҳарбий инспекторлари билан тўлиқ ҳамкорлик қиладиганга ўхшамайди.
Душанба куни Пентагонда чиқиш қилган Буш, Ироқ ҳукумати мамлакатда бир хафтадан бери оммавий қирғин қуроллари борасидаги ашëвий далилларни қидираëтган инспекторлар билан астойдил ҳамкорлик қилаëтганини якшанба кунига қадар исботлаши кераклиги ҳақида огохлантирди.
“8 декабргача Ироқ ҳукумати ўзининг оммавий қирғин қуроллари ва баллистик ракета дастурлари тўғрисида тўлиқ ва аниқ ҳисобот бериши зарур. Акс ҳолда, Ироқ диктатори халқаро ҳамжамиятга ўз сиëсатини ўзгартирмаслигини яна бир бор намойиш қилган бўлади”, деди Америка президенти.
Аммо Бушга кўра, Саддам Ҳусайн ўз сиëсатини ўзгартирадиганга ўхшамайди. У яқинда Ироқ кучлари учиш таъқиқланган худудларни қўриқлаëтган Америка ва Британия ҳарбий учқичларини ўққа тутганини, шунингдек Ироқ ҳукумати БМТга йўллаган мактубида оммавий қирғин қуролларига эга эканини рад қилганини эслатиб ўтди.
Бушнинг таъкидлашича, Ироқ ҳукумати БМТ инспекторлари билан ҳамкорлик қилган-қилмагани тўғрисида Қўшма Штатлар қарор беради. Аслида бу ҳақда техник жиҳатдан БМТ Хавфсизлик кенгаши қарор бериши керак. Буш бу хусусда БМТ Хавфсизлик кенгашини тилга олмади.
Америка президенти, агар Саддам Ҳусайн ҳамкорлик қилмаса, Ироқни қуролсизлантириш учун коалиция тузишини яна такрорлади.
Инспекторлар ҳозирча таъқиқланган қуроллар борасида ҳеч қандай далил топмаганларини ва Ироқ расмийларининг қаршилигига учрамаганларини қайд этдилар. Аммо улар душанба куни ракета ишлаб чиқарилган заводда айрим техник-жиҳозлар ва видео камералар йўқолганини маълум қилдилар.
Буш душанба куни Пентагонда қилган чиқишида инспекторлар ролини ҳимоя қилиб, “инспекторлар Ироқда яширилган даҳшатли қуролларни топиш имкониятига эга эмаслар. Улар тўлиқ қуролсизланиш борасида кўнгилли равишда берилган далилларни тасдиқлайдилар, холос. Саддам Ҳусайн бундай далиллар билан таъминлашга жавобгардир”, - деди.
Ироқ масаласида Американинг энг яқин иттифоқдоши бўлган Британия душанба куни бир ҳисобот тарқатиб расмий Бағдодни инсон ҳуқуқларини поймол этаëтганликда айбланган.
Ҳисоботда Ироқ президенти Саддам Ҳусайн ўз режимига қаршилик кўрсатган ироқликларни систематик равишда ўлдираëтганликда ва оғир қийноқларга солаëтганликда айбланди.
Британия ташқи ишлар вазири Жак Страу, разведка маълумотлари ва Ироқни тарк этган кишиларнинг гувоҳликларига асосланган мазкур ҳисобот, Ироқ ўзининг халқаро мажбуриятларига амал қилмаëтганини кўрсатмоқда, деди.
Халқаро Амнистия ташкилоти Британия ҳукуматини Ироққа қарши ҳарбий ҳужум қилинишини қўллаб-қувватлаш учун Ироқдаги инсон ҳуқуқлари вазиятидан бир баҳона сифатида фойдаланишга уринаëтганликда айблади.
Мичиган университетининг профессори Раймонд Тантер Америка келаси йил бошларида Ироққа қарши уруш эълон қилишига ишонади.
Ироқ оммавий қирғин қуролларига эга эмаслигини даъво қилаëтган бўлсада, деди профессор Тантер, Бағдод режими БМТга ўзининг турли объектлари, жумладан, кимëвий лабораториялари ҳақида узундан-узун руйхат тақдим қилиши кутилмоқда.
Олим Раймонд Тантерга кўра, Саддам Ҳусайннинг бундан кўзлаган асосий мақсади, инспекторларни Ироқда узун руйхат устида ишлашни банд қилиб қўйиш орқали Америка ҳужумини имкон қадар узоқроқ муддатга кечиктиришдан иборатдир, аммо Буш худди шу нарсага асло тоқат қилишни истамайди.
XS
SM
MD
LG