Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:38

Қийноқлар, қийноқлар, қийноқлар...


Сарвар УСМОН

Совет даврида қамоқхоналардаги аҳвол тўғрисида тилдан тилга ўтиб юрадиган гапларда, сўз, асосан, турма контингенти орасидаги ўзаро муносабатлар ҳақида борарди. Турмада ўтирганларнинг турли табақаларга бўлиниши, юқорироқ табақада турганлар қуйироқдагиларни қийнаши тўғрисида гапирилар эди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларнинг қийноқларга солиниши тўғрисида турли доираларда сўз борар экан, асосий урғу маҳбусларнинг қамоқхоналарда, жиноят содир этганликда гумон этилаётганларнинг тергов изоляторларида милиция ходимлари томонидан қийноқларга солинаётганликлари тўғрисида кўпроқ гапирилмоқда.

Мазкур муаммонинг долзарб эканлигини Ўзбекистон расмийларининг ўзлари ҳам тан олаяптилар. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистон маркази раҳбари Акмал Саидов, радиомизга берган интервьюсида, муаммонинг бор эканлигини тан олиш билан бирга, нафақат Ўзбекистондаги, балки жаҳоннинг барча мамлакатларидаги қамоқхоналарда ҳам маҳбуслар қийноққа солинадилар, деган фикрни билдирган эди:
"Бу муаммо нафақат Ўзбекистонга хос бўлган муаммо, балки умумжаҳон характерига эга бўлган муаммодир. Тўғри у ёки бу давлатда бу муаммо кўп учрар, кам учрар, лекин қийноқ масаласида Ўзбекистонда ўта фавқулодда аҳвол дейишга ўрин йўқ", деган эди, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи давлатга қарашли марказ раҳбари Акмал Саидов. Жаноб Саидовга кўра, вазият, агар таъбир жоиз бўлса, "жаҳон стандартлари" даражасида ва шунинг учун ваҳима қилишга ўрин йўқ.

Хўш, чиндан ҳам шундайми?

Бир қатор мустақил кузатувчилар ҳамда қамоқхонадаги қийноқларни ўз бошидан ўтказган ўзбекистонликларга кўра, бундай эмас.

Аввало муаммонинг масштабига тўхталсак. Ўзбекистон "Эрк" демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов радиомизга берган интервьюсида бундай деган эди:" Қийноқ қўлланилмаётган биронта қамоқхона, биронта тергов камераси бўлмаса керак. Ҳаммасида бор қийноқ, лекин даражалари ҳар-хил. Айниқса, бутун дунёда номи чиққан Жаслиқ қамоқхонасида, Қаршидаги 61инчи қамоқхоналарда аҳвол ёмон. Тошкент шаҳар Собир Раҳимов туман милициясининг ўзида охирги бир йил ичида турли маълумотларга кўра, беш одам қийноқлар билан ўлдирилган", дейди, "Эрк" партияси бош котиби Отаназар Орипов. У киши айтган гапларни мавзу юзасидан радиомизга интервью берган бошқа қатор респондентлар ҳам тасдиқлайдилар. Улардан бири Ўзбекистондаги қамоқхонада ўтирган ва ундан тирик чиққан, кейинчалик турмада кўрган азобларини китоб қилган, ҳозирда мамлакатдан ташқарида яшаётган ёзувчи Сафар Бекжондир. "Ўзбекистонда ҳозирда юзга яқин қамоқхона бор, - деб бошлайди Сафар Бекжон,- улардан 40 таси доимий жазо ўташ қамоқхоналари, қолганлари эса тергов изоляторларидир. Тергов изоляторлари асосий қийноқ ўтказиш жойларидир. Судгача бўлган даврда энг асосий қийноқлар ўтказилади, кейинчалик бўладиганлари - оммавий тусдаги қийноқлардир. Индивидуал ва шахсга нисбатан биттама-битта ўтказиладиган қийноқлар - тергов изоляторларида терговчилар томонидан ўтказиладиган қийноқлардир. Қийноқнинг асосий турларидан бири - кичкинагина одамни қамоққа олиш учун юзта милициячининг автоматлар билан келиши, унга руҳий таъсир ўтказиб қийнашдир. Тергов изоляторига келтирилганидан кейин турли хил қийноқлар бошланади. Қилган жиноятлари учун ҳам, қилмаган жиноятлари учун ҳам қийноққа солинади", дейди, ёзувчи Сафар Бекжон.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи давлатга қарашли марказ директори Акмал Саидовнинг, қийноқлар жаҳондаги барча мамлакатлар қамоқхоналарида бор, деган гапларини мақоламизнинг бошида келтирган эдик. Бўлса бордир. Фақат қийноқ тушунчаси ҳам резинадай чўзилувчан бир тушунча.

Мухбирингиз бундан 3 - 4 йил аввал Швецияга қилган сафари чоғида мазкур масалани ҳам ўрганишга ҳаракат қилган эди. Ўшанда у Швеция турмаларидаги камераларда телевизордан тортиб видеомагнитофонгача бўлиши, маҳбуслар турли тўгаракларда шуғуллангани учун (расм ёхуд рақс тўгараги каби) ёки спорт билан шуғуллангани учун ҳисобига соатига 5 крондан ўтказилиши тўғрисида эшитган эди.

Швеция турмасида камерадан телевизорнинг олиб чиқиб кетилиши - маҳбус учун чидаб бўлмас қийноқдир. Ахир, бечора вақтини қандай ўтказсин, телевизор кўролмаса?!

Ўзбекистондаги қийноқ усули эса мана бундай. Ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи Москвадаги "Мемориал" маркази 4 ноябрь куни ёйинлаган материалида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Марғилон шаҳар бўлимида 2001 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида содир этилган жиноят тафсилотларини келтиради. "Мемориал" маркази тарқатган ҳужжатни тўла келтиришга вақт ҳам йўқ, энг муҳими сиз тингловчининг асабларини қақшатиш истаги йўқ. Бироқ, муаммонинг қай даражада долзарблигини таъкидлаш учун материалдан бир парча келтириш зарурати бор. Парчада Охунбобоев тумани Дўрмон қишлоғида истиқомат қилувчи 1974 йилда туғилган Аломиддин Хамидовнинг қандай қийноқларга солингани тўғрисида сўз боради. Мана ўша қийноқларнинг бир эпизоди: "Хамидовни иситиш батареясига кишанлаб қўйгач, Фозилов (СНБнинг Марғилон шаҳар бўлими ходими) икки соат давомида тўқмоқ билан унинг бошига, кўкраги ва қорнига урди. Айбига иқрор бўлишини талаб қилиб тепди. Айни пайтда шу жойда турган маскачанлардан бири қулай бўлсин учун Хамидовни сочидан ушлаб, унинг жағини зарбага Фозиловнинг зарбасига тўғрилаб бериб турди. Бундан ташқари Фозилов махсус металл асбоб - кенг қисми 4-5 сантиметрли алюминий конус билан Хамидовни зўрлади. Ишлатишга қулай бўлсин учун асбобнинг сопи бармоқларга мослаб ўйилган эди", деб ёзади Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Москвадаги "Мемориал" маркази.

Биз асабингизни аяб Аломиддин Хамидов кечирган қийноқларнинг бир эпизодини келтирдик холос.

Ўзбекистон қамоқхоналари ва тергов изоляторларида қийноқларга барҳам бериш учун жуда кўп ишлар қилиниши, энг аввало, мамлакатда том маънода демократик ислоҳотлар ўтказилиши, сўз ва матбуот эркинлигига, бошқа демократик ҳуқуқ ва эркинликларга йўл берилиши лозимлигини такидладилар радиомизга мавзу юзасидан интервью берган респондентларнинг мутлақ ҳаммаси. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро лига вакили Питер Залмаев ҳам мавзу юзасидан радиомизга берган интервьюсида аҳволни ўнглаш учун қилиниши лозим бўлган бир қатор чоралар тўғрисида гапирган, биринчи навбатда, мамлакат жиноят процессуал кодексига "қийноқ" тушунчасини киритиш зарурлигини таъкидлаган эди.
XS
SM
MD
LG