Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:19

Россия ҳукумати муҳожирларни Чеченнистонга қайтишга мажбур қилаëтганликда айбланди.


Акрам Файзулло

Россия расмийларига кўра, улар муҳожирларни Чеченистонга қайтишга мажбур этаëтганлари йўқ. Ички Ишлар вазирлигидаги иммиграция бўлимининг бошлиғи Александр Ростовтсевнинг айтишига қараганда, куни кеча “кўнгилли” равишда Чеченистонга қайтган бир мингдан ортиқ муҳожир пул ëрдами билан таъминланган.

Россия расмийлари душанба куни Ингушетиянинг Аки-юрт худуди яқинидаги Иман муҳожирлар лагерини ëпиб қўйганларини эътироф этдилар. Бу лагерда 2.700дан ортиқ муҳожир турган эди. 20 декабргача Ингушетиядаги бошқа 5та муҳожир лагери ëпилиши эълон қилинди. Россия расмийларининг қайд этишларича, энди бундай лагерларга эҳтиëж сезилмаяпти ва муҳожирлар уйларига хавфсиз қайтиши учун Чеченистонда вазият барқарорлашган.

Аммо инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, жумладан “Мемориал” гуруҳининг маълум қилишига кўра, муҳожирлар юк машиналарида мажбуран Чеченистонга қайтарилмоқда.

“Мемориал” гуруҳининг аъзоси, ҳамда президентлик маҳкамаси қошида ташкил қилинган инсон ҳуқуқлари қўмитасининг ходими Светлана Ганнушкина яқинда Ингушетиядаги муҳожирлар лагерларида бўлиб, у ердаги вазиятни ўрганиб қайтди.

Унинг қайд этишича, муҳожирлардан Чеченистонга қайтишни исташ-истамасликлари, умуман сўралмаяпти. Муҳожирларни мажбуран юртига қайтариш халқаро инсон ҳуқуқлари қоидаларига зиддир.

“Ҳозир қилинаëтган ишлар мантиққа эмас, балки, ëлғонларга асослангандир. Биз бу ëлғонларга узоқ вақтдан бери гувоҳ бўлиб келяпмиз. Бизга расмийлар лагерлар ëпилмаслигини ва муҳожирлар мажбуран Чеченистонга қайтарилмаслигини кўплаб марта айтган эдилар. Бу ëлғондир, бундай алдашлар бугун ҳам давом этмоқда”, деди Светлана Ганнушкина.

Ингушетияда ëпилиши эълон қилинган лагерларда 20 минг чечен муҳожири яшайди. Бошқа 110 минг чечен Ингушетиядаги қариндошлариникида бир амаллаб кун кечирмоқда.

Россия 1999 йилда Чеченистонда иккинчи урушни бошлаганидан кейин тахминан 350 минг чечен юртини тарк этишга мажбур бўлди.

Расмий Москва ўзининг Чеченистондаги ҳарбий компанияси ниҳоясига етаëтгани ҳақидаги даъвосини исботлаш учун муҳожирларнинг Чеченистонга қайтишини истайди. Муҳожирлар лагерлари Чеченистонда уруш давом этаëтганини эслатмоқда.

Чеченистон миллий қутқарув қўмитасининг раиси Руслан Бадаловнинг таъкидлашича, Россия ҳукумати сиëсий сабабларга кўра муҳожирлар лагерларини ëпиб қўймоқда.

“Қишнинг совуқ ҳавосида ташқарида қолган кишиларга раҳмим келади. Русларда шундай бир мақол бор: яхши ҳўжайин ўз итини кўчага хайдамайди. Аммо муҳожирларнинг тақдири нима бўлиши расмийларни қизиқтирмаяпти. Юқоридан берилган сиëсий топшириққа кўра муҳожирлар лагерлари ëпилмоқда”, деди Руслан Бадалов.

Уруш оқибатида Чеченистондаги турар-жой биноларининг аксарияти вайрон бўлди, аҳолининг кўпчилиги тоза ичимлик суви ва иссиқлик билан етарли таъминланмаган.

Аммо “Мемориал” гуруҳининг аъзоси Светлана Ганнушкинага кўра, муҳожирлар Чеченистонга қайтишни истамаëтганининг энг асосий сабаби ҳукумат аҳоли хавфсизлигини таъминлай олмаяпти ва Чеченистондаги Россия ҳарбий кучлари инсон ҳуқуқларини поймол этишни давом эттирмоқда.
XS
SM
MD
LG