Линклар

ЗОЛИМНИНГ ДОЯСИ КИМ?<br>(Руҳшунос олим Людмила Норматова билан суҳбат)

  • Сарвар Усмон

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қийноқларга қарши қўмитаси махсус маърузачиси Тэо ван Бовеннинг Ўзбекистонга сафари, унинг мамлакат қамоқхоналари ва тергов изоляторларида бўлиши - бу мамлакат учун долзарб бўлган қийноқлар муаммосига янада синчковлик билан қарашга туртки берди.

Тэо ван Бовеннинг сафари муносабати билан жойлардаги ва Прагадаги ҳамкасбларимиз Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқларни ўз бошидан кечирган собиқ маҳбуслар ва уларнинг қариндош-уруғлари билан ўтказилган қатор суҳбатлар мазмуни билан сиз тингловчини таништирдилар. Суҳбатларда эсланган қийноқлар турлари ҳақида, жиноят содир этганликда гумон қилинганлар ёки жазо муддатини ўтаётганларга нисбатан ўтказилаётганган зулмнинг конкрет кўринишлари тўғрисида журналистик маданият талабларидан келиб чиқиб, Cиз тингловчининг асабларини зўриқтирмаслик учун батафсил гапириб ўтирмадик.

Қолаверса, "ҳалво" деяверган билан оғиз чучуклашиб қолавермаганидек, қийноқларнинг вахшиёна эканлиги тўғрисида қанчалик табиий гапирманг, мақолангиздан қон ва йирингнинг хиди қанчалик келмасин, маҳбуснинг юзига кирза этик билан тепаётган турма назоратчисига инсоф битиб қолмайди.

Хўш, ким ўзи ўша ваҳший турма назоратчиси ёки жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ҳамшаҳри, ҳаммиллатини ўласи қилиб калтаклаётган, уни махсус темир асбоб билан зўрлаётган терговчи? (Ўтган ҳафтада ҳавога узатганимиз мақолада марғилонлик бир терговчининг шундай қилиғи ҳақда Москвадаги "Мемориал" маркази тарқатган маълумотни эътиборингизга ҳавола қилган эдик)

Албатта, золим терговчи ва золим назоратчи тўғрисида сўз борар экан, энг аввало ўшаларни ишга ёллаган давлатнинг масъулияти ҳақида гапириш лозимдир. Ва мақоламиз давомида масаланинг бу жиҳатига ҳам тўхталамиз.

Ҳозирча эса, асрлар давомида инсоний ва исломий қадриятлар устивор бўлиб келган ўзбек жамиятида маънавий бузуқ каслар қайдан пайдо бўлиб қолгани ҳақда гаплашсак.

Бу ҳақда фикр билдирар экан, асли ўзбекистонлик руҳшунос олим, фалсафа фанлари номзоди Людмила Норматова шундай дейди: "Хайриятки ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг ҳаммаси ҳам ана шундай золим эмаслар, мен аввало шуни айтиб қўймоқчиман. Гап аввало конкрет шахслар ҳақида бориши керак. Ҳа, бундай шахслар ҳар доимгидан кўпайиб кетди. Чунки уларни жазоламаяптилар. Ҳозирча жазоламаяптилар".

Норматова хонимнинг фикрича, аристонларни қийноққа солганлари учун ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини жазолашни бошласалар золимлар сони кескин камайиб кетади.

Шу гапдан сўнг суҳбатдошимиз асосий мавзуга кўчди ва баъзи терговчи ва назоратчиларнинг золимликлари сабаблари ҳақида гапирди:
"Ҳар бир инсон табиатида агрессивлик ва шафқатсизлик бор. Бу ҳимоя шаклидир. Бу ўзига нисбатан ўтказиладиган зулмдан ҳимоя воситасидир", дейди суҳбатдошим. Шу ўринда мухбирингиз, табиийки, эътироз билдирди ва ахир, назоратчининг ҳаётига аристон ёки тергов қилинаётган шахс қандай таҳдид солиши мумкин, деб сўради.

Бу саволга руҳшунос олимнинг жавоби мана бундай бўлди: "Шафқатсизлик, кишида ўзига нисбатан қачонлардир ўтказилган зулмга жавоб тариқасида, пайдо бўлиши тўғрисида гапираяпман. Бундай зулм унга болалигида, ўта талабчан ота- онаси томонидан ўтказилган бўлиши ҳам мумкин, балки, ота-онаси уни кўп катаклагандир, балки тенгдошлари уни яккалаб қўйгандирлар, калтаклагандирлар, у эса ўзини ҳимоя қила олмай аламини ичига ютиб улғайгандир. Балки, қандайдир жисмоний ноқислиги бордир, хуллас, қўли остидагиларга зулм ўтказадиганлар синчковлик билан текшириб кўриладиган бўлса, уларнинг руҳияти қачонлардир қаттиқ лат еганлигини аниқлаш мумкин. Бундай одамлар чинакам меҳр нималигини билмай улғайган руҳий ногиронлардир", дейди руҳшунос олим Людмила Норматова ва давом этади: "Бундай одам, кейин, ҳаёти давомида яширин шуури даражасида вазиятнинг терсини ағдаришга ҳаракат қилади. Яъни болалигида кўрган хўрликларига зўравонлик билан жавоб қайтаришга ҳаракат қилади. Болалигида ота-онасига гап қайтаролмаган эди, мана энди, катта бўлгач, аламини бошқа одамдан олишга ҳаракат қилади. Ва энди бошқа одамнинг хўрланишидан завқ ола бошлайди. Бошқаларга зулм ўтказа олганидан ўзини енгил ҳис қилади".

-Демак, меҳр кўрмай катта бўлган бундай одамлар, садистлар ёки потенциал садистлар учун ҳуқуқ-тартибот органларида хизмат қилиш - яширин истакларини рўёбга чиқариш учун ўзига хос қонуний имкон эканда?

-Ҳақ гапни айтдингиз. Бундай одамлар учун ҳуқуқ тартибот органларида хизмат қилиш - нафақат бировга зулм ўтказиш, боз устига, бу иши эвазига қандайдир ижтимоий рағбат олиш учун имкон берадиган ҳаёт тарзидир, дейди руҳшунос олим Людмила Норматова.

-Демак, жамият ўзининг ҳуқуқ-тартибот органлари учун ходим ёллар экан, мана шундай шахсларнинг ишга кириб қолишининг олдини олишга ҳаракат қилиши лозим эмасми?

Шу ва шу каби саволларнинг жавоби руҳшунос олим билан ўтказган суҳбатимизнинг иккинчи қисмида.
XS
SM
MD
LG