Линклар

logo-print

Марказий Осиё инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари тақдирландилар

  • Ҳурмат Бобожон

Сергей Дуванов "Қўзичоқлар жимлиги" мақоласи билан танилган Қозоғистонлик журналист. У ўз мақоласи орқали коррупция ботқоғига ботган Назарбоев салтанати ва қозоқ президентининг Швецария банкидаги бир миллиард АҚШ доллари борлигини биринчи бўлиб фош этди. Бу билан Дуванов халқаро ҳамжамиятда ҳурмат қозонган бўлса, Қозоғистонда Назарбоев ҳукуматининг душманига айланди. Октябр ойининг охири Дуванов Қўшма Штатларга учишидан бир соат олдин вояга етмаган қизни зўрлаганлик айби билан ҳибсга олинади. У АҚШда Қозоғистондаги матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият хусусида маъруза қилиши керак эди. Дуванов ҳимоячилари бу воқеалар ғирт уйдирма эканини, Сергей президент Назарбоевни танқид қилгани учун қамоққа олинганини айтишди.

"Сергей нафақат Қозоғистондаги, балки минтақадаги энг холис ва энг ҳалол журналистлардан биридир. Мен Сергей билан боғлиқ воқеанинг ғирт уйдирма эканлигини, унга биз мутлақо ишонмаслигимизни таъкидламоқчиман. Сергейни яқиндан биламан, унинг бундай ишга қўл урмаслигига ишончим комил", - деган эди Инсон ҳуқуқлари халқаро лигаси вакили Питер Залмаев Озодлик мухбири саволларига жавоб бературиб.

Сергей Дуванов озод қилинишини сўраб кўплаб маҳаллий ва халқаро ташкилотлар республика раҳбариятига мурожаат қилмоқдалар. Шунга қарамай, қозоқ журналисти ҳозир ҳам темир панжара ортида. Душанба куни қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Инсон ҳуқуқлари халқаро лигаси Дувановни халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари куни муносабати билан махсус мукофот билан тақдирлади. Мукофотни отаси номидан унинг қизи Денисса Дуванова қабул қилиб олар экан, Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилашда халқаро ҳамжамият Астана расмийларига босимларни кучайтириши лозимлиги ҳақида гапирди.

"Бир ой олдин Вашингтонга илк бор келганимда, менда халқаро ҳамжамият босимлари қозоқ расмийлари эс-хушини жойига келтирар, деган умид бор эди. Очиғи мен, отам тез орада қамоқдан чиқарилишига, Қозоғистонда ҳур фикр инсонларга бошқа тазйиқлар бўлмаслигига ишонгандим. Аммо улар Ғарб давлатлари айтаётган демократия ва инсон ҳуқуқлари ҳақидаги гапларни назар-писанд ҳам қилишмаяпти. Бу босимлар туфайли қозоқ расмийлари феъл-атворида зиғирча ҳам ижобий ўзгариш сезилмади. Буларнинг бари Қозоғистон режимининг ҳақиқий башарасини кўрсатмоқда. Ғарб давлатлари уларнинг демократик жамият қуриш ҳақидаги баёнотларига ишонмасинлар. Ислоҳотлар ва инсон ҳуқуқлари ҳақида улар айтаётган гапларнинг бари юзаки. Аслида Қозоғистонда авторитар тузум илдиз отмоқда. Бу режим ўз фуқароларини қийноқларга солиб, уларнинг фундаментал ҳуқуқларини поймол этмоқда. Менинг умидим, ғарб буни тушуниб Қозоғистонга ёндашувини ўзгартирсин" – деди Денисса Дуванова.

Мукофот билан тақдирланган яна бир Марказий Осиёлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Тўпчибек Турғуналиевдир. У биринчилардан бўлиб Қирғизистонда Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари институтига асос солди, шу билан бирга Турғуналиев Қирғизистоннинг 1993 йилда қабул қилинган Конституцияси муаллифларидан биридир.

Турғуналиев мамлакатда демократия ва ошкоралик қарор топиши учун курашди. Бир неча бор қамалиб ҳам чиқди. У фаолиятининг тўрт йилини қамоқда ўтказди. Душанба куни Нью-Йоркда уни тақдирлаш маросимида сўзлаган Турғуналиев у ерда ҳозир бўлганлар эътиборини Марказий Осиёнинг барча давлатларида инсон ҳуқуқлари поймол этилишининг ўхшаш жиҳатларига қаратди.


"Марказий Осиё мамлакатларида бир-бирига ўхшаш тенденцияни кузатиш мумкин. Булар, авваламбор, авторитар – диктатуранинг турли шакиллари. Масалан, Қирғизистонда диктатура яширин шаклда мавжуд. Қирғизистонда ҳукумат тарафидан поймол этилмайдиган ҳуқуқнинг ўзи йўқ. Фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ҳуқуқлари бузулиш холлари авж олмоқда. Қирғизистонда тазйиқ-таъқибга учрамаган, қамоқда ўтириб чиқмаган биронта ҳам сиёсий етакчи йўқ",- дейди қирғиз инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси.

Ўз сўзининг тасдиғи сифатида Турғуналиев Феликс Қулов кўргиликларини мисол қилиб келтиради. Қирғизистон мухолифатининг кўзга кўринган етакчиларидан бўлган Кулов сўнгги икки йилни темир панжара ортида ўтказди.Турғуналиевга кўра, қирғиз расмийлари мухолифатнинг тинч чиқишларига ҳам тоқат қилолмайди. Шу йилнинг март ойида Ахси намойишларида олти киши ҳалок бўлган эди.

"Қирғизистонда ҳозир инсонларнинг илоҳий ва табиий ҳуқуқи ҳисобланмиш – яшаш ҳуқуқлари поймол этилмоқда. Акаев ҳукумати шу йилнинг 17-18-19 март кунлари Ахсида куппа-кундузи тинч фуқароларни ўққа тутди. Мен раҳбарлик қилаётган мустақил комиссия Ахси фожиалари сабабларини ўрганиб чиқди ва ўққа тутиш Акаев бошлиқ ҳукумат расмийлари тарафидан атайлаб уюштирилганини исботлади" – деди Турғуналиев.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига мукофот бериш маросими Нью-Йоркдаги Очиқ жамият институти тарафидан уюштирилган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари мавзусидаги давра суҳбати билан давом этди. Тадбирда Бўхронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Осиё дастури раҳбари Роберт Темплер ҳам иштирок этди. Маросимда сўзга чиққан Темплер, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқларининг таъминланишида ҳуқуқни мухофаза қилиш органларининг роли катта бўлиши кераклиги ҳақида гапирди. Аммо Темплерга кўра, Марказий Осиё давлатларида улар бутунлай бошқа нарса билан шуғуланишади.

"Полициячининг иш куни машинасига тўлдириб бензин қуйиш билан бошланади ва кун бўйи пора олиш билан овора бўлади. Чунки полиция билим юртига кириш учун тўлаган пулларини ундириб олиши керакда. Масалан, Тошкентда милиция академиясига кириш 15 минг АҚШ доллари туради. Полиция ва фуқаро орасида катта тўсиқ вужудга келган. Марказий Осиёда фуқаролар ички ишлар ходимларига ўзларининг ҳимоячилари сифатида қарашмайди", - қайд этади Роберт Темплер.
XS
SM
MD
LG