Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:06

Ироқ БМТга ҳисоботни тақдим этди, бироқ АҚШ уруш режасидан қайтмаяпти


Фарангис Саид

Ўтган шанба куни Ироқ раҳбарияти Бирлашган Миллатлар Ташкилотига қурол-аслаҳа дастури бўйича тўлиқ ҳисоботини тақдим этди. БМТ Хавфсизлик кенгашининг қолган тўрт аъзосини ҳужжатни кўриб чиқиши кераклигига ишонтирган расмий Вашингтон ҳисобот хусусида ҳозирча ҳеч қандай шарҳ бермади. Бироқ, кузатувчиларнинг фикрича, Ироққа қарши уруш бошлаш илинжида бўлган Оқ Уй ҳисобот тўғри ёки нотуғри бўлишига қарамай уруш учун сабаб топади.

Кузатувчиларнинг фикрича, агар АҚШ президенти Жорж Буш Ироқда режимни ўзгартиришга интилаётган бўлса, Саддам Ҳусайн бунинг учун энг қулай имконият яратди.

Деярли 12 минг бетдан иборат бўлган ҳисоботни БМТга белгиланган муддатдан бир кун олдин тақдим этар экан, Ироқ мамлакатда биологик, кимёвий ва ядровий қурол йўқлигини таъкидлашда давом этаётир. Ироқда оммавий қирғин қуроллари борлиги ва буни исботловчи далилларни тақдим этишга тайёрлигини таъкидлаётган Оқ Уй БМТ Хавфсизлик кенгашининг аъзоларини ҳисоботни ўрганиши кераклигига ишонтирди, унинг нусхасини қўлга киритди ва кўп ўтмай ҳужжатни бошидан охиригача ўрганиб чиқмагунича, у хусусида шарҳ бермаслигини билдирди. Айни вақтда Оқ Уй матбуот котиби Ари Флайшер Ироқда оммавий қирғин қуроллари бор, деб яна бир бор таъкидлади.

“Ироқ тарихи шуни кўрсатадики, Ироқ расмийлари ҳар доим ёлғон гапирадилар. Улар АҚШга ҳам, БМТга ҳам ёлғон гапирганлар, инспекторларни ҳам алдашга уринганлар. Кўп бетли ушбу ҳисоботнинг мазмуни нимадан иборатлиги – ҳозирги кунда энг долзарб масала. Биз бу саволга жавобни ҳозирча билмаймиз”. – деди Вашингтон расмийси ва жавоб қандай бўлиши хусусида тахмин қилишдан бош тортди. Мустақил кузатувчилар эса ушбу саволга жавоб “Ироққа қарши уруш январда бошланадими ёки йўқми”, деган саволга ҳам жавоб бўлади, дейишмоқда. Уларнинг фикрича, ҳисоботни ўрганиб чиққан Жорж Буш икки йўлдан бирини танлаши мумкин. Биринчиси: у ҳисобот БМТнинг Ироқни қуролсизлантириш ҳақдаги резолюциясига зид, дейиши ва Бағдодни резолюцияга риоя қилмаганликда айблаб, тез орада унга қарши ҳарбий ҳаракатлар бошлаши мумкин. Форс кўрфазидаги илгариги урушлар эса январ уларни бошлаш учун энг қулай вақт эканини намойиш қилганлар. Иккинчи йўл: Буш ҳисоботда аниқ ва тўла маълумот берилмаганини кўрсатади. Бу ҳолда инспекторлар Ироқдаги фаолиятларини яна бир йилга узайтирадилар. Бу эса урушнинг бир йилга кечиктирилганини англатади.

Таниқли америклик олим, Яқин Шарқ бўйича мутахассис, илгари АҚШнинг Исроилдаги элчиси бўлиб хизмат қилган, ҳозир эса Вашингтондаги Брукингс институти ҳодими Мартин Индик агар Буш Ироқдаги режимни ўзгартирмоқчи бўлса, инспекциялар фаолиятининг давом этиши унга қўл келмайди, деб фикр билдиради.

“Албатта, халқаро ҳамжамиятнинг кўплаб аъзолари Ироққа ишонмаяптилар, унга шубҳа билан қараяптилар. Ироқ раҳбарияти эса халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилиб, аста-секин шубҳаларни йўқ қилишга, Ироқда оммавий қирғин қуроллари йўқлигига ишонтиришга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун вақт керак. Шундай қилиб, вақт ўтган сари, Ироқнинг позицияси мустаҳкамланади. Айни вақтда, АҚШнинг Ироқда оммавий қирғин қуроллари борлигини исботлаш учун имкониятлари камайиб боради”, - дейди мутахассис ва Саддам Ҳусайн вақтдан фойдаланишни жуда яхши билишини айтади:

“Саддам ҳозир нима қилаяпти? У бизни аста-секин боши берк кўчага киритяпти. Инспекциялар ишларини давом эттирадилар. Биз “Ироқда оммавий қирғин қуроллари бор”, дейишда давом этамиз, лекин буни исботлай олмаймиз”.

Яна бир мутахассис Кеннет Поллак бу фикрга қўшилади. 1999-2001 йилларда Оқ Уйнинг Форс кўрфази масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлган Поллак Вашингтон Ироқда оммавий қирғин қуроллари борлигини исботлай олмаслиги мумкин, дейди.

“Буш маъмуриятининг Ироқда оммави
й қирғин қуроллари борлигини исботловчи далилларга эгалигига, улар ошкор этилганида, барча шубҳалар йўқ бўлишига умид қиламан. Лекин мен шу кунга қадар кузатганларим Буш маъмуриятининг бундай далиллари йўқлигини намойиш қилаяпти,” – дейди Кеннет Поллак. Буш маъмуриятидан қандай ҳаракатларни кутиш мумкин, деган саволга эса мутахассис Бушнинг ҳозирча аниқ бир режаси йўқ, деб фикр билдиради. “Буш ёки “инспекторлар фаолияти давом этиши керак”, деб улар далилларни қўлга киритишларини ёки бўлмаса, Саддамнинг жиддий хато қилишини кутади”, - дейди Поллак.

Баъзи мутахассисларнинг фикрича, Буш бошқача йўл тутиши мумкин. У инспекторлардан фаолроқ ишлашни, хусусан Ироқнинг оммавий қирғин қуроллари ҳақида маълумотга эга бўлиши мумкин бўлган ироқлик олимлар билан алоқалар ўрнатишни таклиф қилиши мумкин. БМТнинг Ироқ бўйича сўнгги резолюциясида инспекторларга бундай йўл тутиш ҳуқуқи берилган.

Агар Буш маъмурияти Ироқ ҳисоботи БМТ резолюциясига зид, деган хулосага келса, у Ироққа қарши урушни қачон эълон қилиши, АҚШ жамоатчилиги ва жаҳон ҳамжамиятига буни қандай ва қачон маълум қилиши катта аҳамиятга эга. Таҳлилчиларнинг фикрича, Буш келаси 4-5 ҳафта давомида уруш эълон қилмай, ўзининг аксил-террор коалиция бўйича ҳамкорлари билан урушни бошлаш режасини муҳокама қилиб, уларни ўз тарафига оғдиришга ҳаракат қилади. Етарли таянчга эга бўлганидан сўнг Вашингтон урушни эълон қилади.
XS
SM
MD
LG