Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:51

Туркияга АҚШ таянчи ёрдам берадими?


Фарангис Саид

Маълумки, Туркия Европа иттифоқига қўшилиш илинжида. Бир неча йилдан буён Анқара раҳбарияти Европа давлатлари билан ушбу масалани муҳокама қиляпти. Социалистик тизим парчаланганидан сўнг Европа иттифоқи сафларига собиқ социалистик давлатларнинг ҳам киришлари кутилмоқда. Лекин Туркия ҳамон ўз мақсадига эриша олмаяпти.

Сешанба куни Туркиянинг ҳокимиятдаги партияси раҳбари Режеп Тайип Эрдоган Вашингтонда АҚШ президенти Жорж Буш билан учрашди. Учрашув давомида Туркиянинг Европа иттифоқига қўшилиши масаласи ҳам муҳокама қилинди. Жорж Буш Туркиянинг Иттифоққа қўшилишини қўллаб-қувватлашини билдирди ва Европадаги ҳамкорлари билан бу масалани муҳокама этажаги ҳамда масаланинг ижобий ҳал этилишига ҳаракат қилажагини айтди. АҚШ нима сабабдан бундай қиляпти? У Туркиянинг Европа иттифоқига қабул қилинишини таъминлай оладими?

Европа иттифоқининг пайшанба куни Дания пойтаҳти Копенгагендаги саммитига борган раҳбарлари Туркияни Иттифоққа қабул қилиш масаласини Туркиянинг бир ўзи билан эмас, балки АҚШ билан ҳам муҳокама қилишга мажбур бўладилар. Сешанба куни Оқ Уйда Туркиянинг ҳокимиятдаги партияси етакчиси Режеп Тайип Эрдоган ушбу масалани АҚШ президенти Жорж Буш билан муҳокама қилди ва АҚШнинг таянчини олишга муваффақ бўлди.

Туркиянинг кўплаб йиллардан буён Европа иттифоқига қўшила олмаётганининг ўз сабаблари бор. Бир тарафдан, Туркия Европанинг инсон ҳуқуқлари ва демократик ислоҳотлар ҳақидаги талабларига тўла жавоб беришда ожизлик қилаётган бўлса, бошқа тарафдан Анқара расмийларининг “Туркия мусулмон мамлакат бўлганлиги сабабли, европаликлар уни ўз сафларига қўшишни истамаяптилар”, деган баёнотларида ҳам жон бор. Хўш, унда нима сабабдан АҚШ инсон ҳуқуқларини онда-сондами, систематик равишдами, поймол қилаётган, аҳолисининг аксарияти ҳақиқатдан ҳам мусулмон бўлган давлатни қўллаб-қувватлаяпти? Албатта, бунинг сабаби Туркиянинг НАТО ташкилотига аъзолиги ва энг муҳими – жўғрофий жиҳатдан Ироққа яқинлигидадир. Бағдодни бомбардимон қилиш ва Саддамни ҳокимиятдан ағдаришни режалаштираётган АҚШ расмийлари Туркиянинг таянчига муҳтожлар. Айнан шу сабабдан расмий Вашингтон Туркиянинг Европа иттифоқига қўшилиши масаласида Анқарани қўллаб-қувватлашга қарор қилди. Сешанба куни Эрдоган билан учрашувидан сўнг Жорж Буш Европа давлатлари раҳбарлари билан телефон орқали боғланиб, ушбу масалани муҳокама қилди. Камералар олдида исломий партия раҳбари билан ёнма-ён турган Буш “биз сизлар билан ёнма-ён туриб, Европа иттифоқига қўшилиш мақсадингизни қўллаб-қувватлаймиз”, деб айтди.

Буш, шунингдек, Эрдоган ва у етакчилик қилаётган Адолат ва тараққиёт партиясини сайловларда ғолиб чиққанлиги билан табриклаб, Туркия НАТО ташкилотининг аъзоси эканини яна бир бор қайд этди ва Бағдод бўҳронининг тинч йўл билан ҳал этилишига умид билдирди.

Эрдоган жорий йилнинг бошида Вашингтонга ташриф буюрганида, АҚШ расмийлари уни менсимаган эдилар. Лекин Эрдоган ва у бошқараётган АК партиясининг 3 ноябрги сайловлардаги ғалабаси Вашингтон расмийларини Эрдоганга нисбатан муносабатни ўзгартиришга мажбур қилди. Эндиликда Оқ Уй вакиллари Туркиянинг исломий сиёсатчиларига амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва дунёвий демократия учун юқори баҳо беришдан чарчамаяптилар.

Бир тарафдан, бунинг сабаби яна ўша Ироққа қарши эҳтимолий уруш ва Туркиянинг ундаги потенциал иштирокида бўлса, бошқа тарафдан, Эрдоган Туркияда демократизация жараёнини жадаллаштиришга ва мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятни яхшилашга ҳаракат қилаётганлигидадир. Инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилотлари Туркиянинг бу борадаги муваффақиятли ташаббусларини тан олган ҳолда ҳали амалга оширилиши керак бўлган ислоҳотлар кўп, деяётган бўлсалар, Эрдоганнинг ўзи “Туркия Европа иттифоқига қабул қилиниши керак, у Европанинг талабларига жавоб беради”, деб таъкидламоқда. “Европа иттифоқига қўшилиши муддати белгиланган тақдирда Туркия ислоҳотларни янада каттароқ суръатлар билан амалга оширади”, демоқда Туркия раҳбари.

“Бу демократия учун жиддий силжишни англатади, - дер экан, Эрдоган, - Европа иттифоқининг шу ҳафта Копенгагенда бўлиб ўтадиган саммити Туркия учун жуда муҳим бўлади, тарихдаги муҳим бурилиш нуқтасини англатади”, деб айтди.

Европа иттифоқининг ташқи ишлар вазирлари Туркиянинг Иттифоққа қабул қилиниши масаласини 2005 йилнинг бошида кўриб чиқиш керак, 2004 йил охирида эса ундаги инсон ҳуқуқлари бўйича вазиятга баҳо бериш лозим, демоқдалар. Туркия раҳбарлари эса бундай муддатларга рози бўлмаяптилар. АҚШ расмийлари ҳам уларни қўллаб-қувватладилар.

Оқ Уй матбуот котиби Ари Флайшернинг айтганидек,

“Эрдоган Европа иттифоқи учун Туркия каби буюк исломий демократик давлатни инобатга олиш муҳим, деб ҳисоблаяпти. Европага қўшилиш йўлида катта муваффақиятга эришган ва Европанинг ошкор ва очиқ тизимининг бир қисмига айланиш йўлида жиддий ислоҳотларни амалга оширган Туркиянинг бундай деб ҳисоблашга ҳаққи бор”, - деди Оқ Уй расмийси.

Бундай баёнотларни эшитган, Вашингтондаги учрашувларни кузатиб борган киши Буш ва Эрдоган ўртасидаги музокаралар силлиқ кечди, икки раҳбар нафақат шерик, балки дўстга ҳам айланди, деган фикрга келиши мумкин. Аммо бундай фикр нотўғри. Икки мамлакат ўртасидаги алоқаларда зиддият манбасига айланиши мумкин бўлган бир масала бор. У ҳам бўлса курдлар масаласидир. Вашингтон Саддам Ҳусайнни ҳокимиятдан ағдариш йўлида курдларнинг Ироқдаги диаспорасини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиляпти. Лекин курдлар нафақат Ироқда, балки Туркияда ҳам яшайдилар ва Туркия сиёсий ҳаётида муҳим рол ўйнайдилар. Ироққа қарши уруш натижасида Ироқ шимолида курдларнинг мустақил давлати барпо этилса, бу Туркиядаги курдлар орасида мустақиллик ҳиссиётларини кучайтириб юборади, бу эса Анқара учун жиддий муаммо бўлади.

Шу сабабдан Буш билан сўзлашувлар давомида Эрдоган Ироққа қарши уруш бошланган тақдирда Ироқ бир неча давлатга бўлинмаслиги керак, деб қайта-қайта таъкидлади. Буш буни тушунгандек бўлди.

Шундай қилиб, Эрдоган ўзининг Вашингтонга ташрифи якунида Европа иттифоқига қўшилиш масаласида АҚШнинг таянчини олишга муваффақ бўлди, Ироққа қарши ҳарбий ҳаркатларда иштирок этмай, АҚШга ўз ҳаво базаларини очиб беришга розилик берди ва бунинг эвазига АҚШдан Ироқдаги урушдан азият чеккан иқтисодиётини тиклаш учун келаси 5 йил давомида 4 миллиард доллар ёрдам оладиган бўлди. Ташриф муваффақиятли бўлганига шубҳа йўқ. Туркиянинг Европа иттифоқига қўшилиш масаласида АҚШ таянчи ёрдам бердими ёки йўқми, буни пайшанба-жума кунлари Копенгагенда бўлиб ўтадиган саммит кўрсатади.
XS
SM
MD
LG