Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:56

ИРОҚ МУХОЛИФАТИНИНГ ЛОНДОН УЧРАШУВИ


Ироқ мухолифатининг бу сафарги учрашуви сўнгги ўн йил ичидаги учрашувларнинг энг нуфузлиси экани айтилмоқда. Шанба куни мухожиратда яшаётган Ироқ мухолифатининг 300дан ортиқ аъзоси Лондоннинг "Метропол-Хилтон" мехмонхонасида йиғилдилар. Уларнинг аксариятини ироқлик курдалар ва шиа масҳабидаги ироқлик мусулмонлар ташкил этади.
Ироқ мухолифатининг Лондон учрашуви икки кунга мўлжалланган бўлса-да, йиғин душанба куни ҳам давом этди.

Ҳали Саддам Ҳусайн режими ағдарилмасданоқ, учрашув иштирокчилари Саддамдан кейинги Ироқ ва бу давлатнинг истиқболлари ҳақида гапира бошладилар. "Саддам Ҳусайн диктатор, уни ҳокимиятдан четлаштиришнинг ягона йўли куч ишлатиш", - дея таъкидлашди Ироқ мухолифати вакиллари.

Ироқ миллий конгресси етакчиси Аҳмад Чалоби Саддам режимини фашистик диктатура билан қиёслаб, уни ағдаришда АҚШ ҳарбий салоҳиятига таяниш кераклигини айтди. Кузатувчилар, агар Саддам Ҳусайн хокимиятдан четлаштирилса унинг ўрнига айнан Аҳмад Чалоби муносиб номзод бўлишини таҳмин этишмоқда.

Учрашувнинг кўплаб иштирокчилари Аҳмад Чалоби айтган сўзларга қўшилишди. Аммо Ироқ мухолифатининг ҳамма аъзолари ҳам АҚШнинг Ироққа қарши режалаштирган ҳарбий амалиётларини қўллаб-қувватлашаётгани йўқ.

Лондандаги "Хилтон" меҳмонхонасида Ироқ мухолифати вакиллари ўртасида бахс-мунозара давом этаётган бир пайтда 500га яқин ироқлик меҳмонхона олдида тўпланиб АҚШнинг Ироққа қарши режалаштирган ҳужумларига норозилик намойиши ўтказдилар. Намойиш иштирокчиларидан бири Дашти Самал ўз чиқишида: "Тинч аҳолини бомбалаш бу қотиллик. Биз Саддам Хусайннинг ўзи истеъфо бериши тарафдоримиз. Бунинг учун ҳарбий ҳужумларнинг ҳеч кераги йўқ. Иқтисодий санкциялар орқали ҳам Саддамдан қутилса бўлади",- деб қайд этди. Дашти Самалга кўра, "Хилтон" мехмонхансида йиғилганларнинг бари Ироқ халқини намоён этаётгани йўқ. Айтиш лозимки, учрашувни яқин-яқинларгача Саддамни кўкларга кўтариб келган исломий гурҳлар ташкиллаштирган. "Америка Ироқ мухолифатини эмас, Ироқ халқини қўллаб қувватласин", -дея баён қилишди намойиш иштирокчилари.
Шиа масҳабидаги ироқлик мусулмонлар етакчиси Саид Муҳаммад ал-Улум анжуманнинг мувоффақиятли якун топишига ишонади. "Биз учун энг муҳими Саддам Ҳусайннинг диктаторлик режимидан қутилиш. Бунинг учун эса мухолифат орасида якдиллик бўлиши лозим. Ўйлайманки, бу масалада бир тўхтамга келинади", -деб қайд этди Саид Муҳаммад Ал-Улум.
Аммо шиа масҳабидаги ироқлик мусулмонлар етакчиси айтаётган якдиллик анжуман давомида сезилмади. Гап шундаки, Саддам Ҳусайн режимига мухолиф бўлган гуруҳлар ўз манфаатларидан келиб чиққан холда иш тутмоқдалар. Ироқ жанубида шиа масҳабидаги мусулмонлар аксар кўпчиликни ташкил этса, шимол ироқлик курдлар назорати остида. Қолаверса, ироқлик курдлар ўртасида ҳам бирдамлик кам. Аммо Лондон анжуманида ироқ мухолифати аъзолари бирлашиш пайти келгани ҳақида гапириб қолишди.
"Биз Саддам Ҳусайнга қарши бирлашаётганимизни дунё аҳлига билдириб қўймоқчимиз. Ўйлайманки, бу амалга ошади. Ироқда демократик тузум ўрнатилиши, маданиятлар ҳилма-ҳиллиги қарор топиши, барча фуқаролар тотувликда ҳаёт кечириши учун биз биргаликда ҳаракат қилишимиз керак", - деб таъкидлади Лондон анжуманининг яна бир иштирокчиси Эмануэл Камбер.

Анжуман давомида Ироқ мухолифати аъзолари Саддам Ҳусайн ва унинг атрофидагилар қилган жиноятлари учун жавобгарликка тортилиши керак, деган ташаббусни олға сурдилар. Жиноий жазога тортилиши керак бўлган ҳозирги Ироқ раҳбариятининг аъзолари рўйхати тузилиб, у Хаага халқаро маҳкамасига топшириладиган бўлди. Ушбу рўйхатга президент Саддам Ҳусайн, унинг оила аъзолари шунингдек ҳозирги ҳукумат аъзоларидан 49 шахснинг номи киритилган. Анжуманнинг якунловчи ҳужжатида уларга нисбатан энг оғир жазо қўлланиши кераклиги талаб этилади. Душанба куни якунланган Лондон учрашуви иштирокчилари яна бир ҳужжатни қабул қилдилар. У ҳам бўлса Саддам Ҳусайн режими ағдарилган тақдирда Ироқда демократик республикани тузиш тўғрисидаги декларациядир. Ҳужжатда Ироқ давлати федератив демократик республика бўлиши кераклиги таъкидланади.
XS
SM
MD
LG