Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:14

Сербиянинг собиқ президенти айбларини тан олди


Фарангис Саид

Илгари хабар қилганимиздек, шу кунларда Хаагадаги халқаро трибуналда Босния серблари республикасининг собиқ президенти Биляна Плавшич иши юзасидан маҳкама жараёни давом этмоқда.

Ихтиёрий равишда судга келган 72 ёшли Плавшич хоним тўқсонинчи йиллар бошларида Боснияда бўлиб ўтган урушда инсонийликка қарши жиноятлар учун айбдор эканлигини эътироф этди. Бу эса боснияликларни таажублантирди ва норозиликларига сабаб бўлди.


Босния ва герцеговиналик серблар Хаагадаги маҳкама жараёнида кимлар қатнашиб, нималар бўлаётганидан бехабарлар. Уларни бу жараён унча қизиқтирмайди. Лекин Босния серблари республикасининг собиқ президенти Биляна Плавшичнинг душанба куни судда ўзининг айбдор эканини эътироф этгани босниялик сербларни бефарқ қолдирмади.

Плавшичнинг ўзи 1992-95 йилларда Боснияда бўлиб ўтган уруш давомида инсонийликка қарши жиноятларни содир этганлигини тан олар экан, бу ҳодиса миллатлараро тичнликни мустаҳкамлаш учун муҳим, деб ҳисоблашини билдирди. Бироқ, маълумотларга кўра, аслида унинг баёнотлари босниялик сербларни таажублантирган ва норозиликларига сабаб бўлган.

Шу ерда қисқа бир тушунтириш бериб ўтсак. Босния-Герцеговина икки қисмдан иборат бўлиб, улардан бири - асосан серблар яшайдиган пойтаҳти Баня-Люка шаҳри бўлган Република Србска, иккинчиси эса мусулмонлар ва хорватларнинг пойтаҳти Сараевода жойлашган федерациясидир. Уруш давомида Плавшич Босниядаги сербларнинг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган республикаси президентлигининг вакили бўлган. Уруш тугаганидан сўнг республика “Република Србска” номи билан жаҳонда танилди ва тан олинди, Биляна Плавшич эса унинг президентига айланди. Сербларнинг фикрича, Биляна улар ҳуқуқлари учун курашган. Шу сабабдан серблар Плавшичнинг жиноятларни содир этганлигининг тан олишини тушунмадилар. Баня Люка университетининг серб тили бўлими талабаси бўлмиш 22 ёшли Елена Мийович “Плавшич айбдор эмас”, дер экан, собиқ президентдан кўнгли қолганини айтади. “Плавшич халқ ихтиёрини бажарган, холос”, - дейди Елена.

БМТнинг уруш жиноятлари бўйича бош прокурори Карла дел Понте Плавшичнинг айбларини тан олганини маълум қилар экан, мана бундай деди:

“Прокуратура билан мулоқотида у шаҳсий манфаат ҳақида ўйламади ва айбловларни инкор этмади. Унинг жиноятларни содир этганликда иқрор бўлгани Босния ва Герцеговина ўртасидаги тинчликни мустаҳкамлаш учун жуда муҳимдир”, - деди БМТ вакиласи ва Биляна Плавшич собиқ Югославияда жиноятлар содир этганликда айбланган юқори мартабали шаҳслар орасида биринчи бўлиб айбларини бўйнига олганини қайд этди.

Маҳкама жараёнида АҚШнинг собиқ давлат котиби Мэдлин Олбрайт хоним ва ёзувчи, тинчлик бўйича Нобел мукофоти лауреати Эли Визел гувоҳ сифатида иштирок этмоқдалар.

Сешанба куни Олбрайт судда гувоҳлик берар экан, Плавшич ҳақида мана бундай деди:

“Мен Плавшични ички зиддиятларга тўла шахс сифатида биламан. У серблар манфаатларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилган. Айни вақтда Дэйтон тинчлик шартномасига риоя қилиш кераклигини тушунган эди. Менимча, у охир-оқибат Дэйтон шартномасига риоя қилиш устувор масала эканини англаб етди. Бироқ унга қадар даҳшатли ишларга қўл урди”, - деди Мэдлин Олбрайт.

Олбрайт хонимнинг табири билан айтганда, Биляна Плавшич “даҳшатли ишларга қўл урганида”, у ишлар серблар манфаатларини кўзлаб қилинаётганига ишонган. Сербларнинг аксарияти Плавшичнинг судда тавба қилаётганини хато, деб ҳисоблаб, Биляна уларни ҳимоя қилгани ва ҳеч қандай жиноятлар содир этмаганлигига ҳамон ишонмоқдалар. “У бизнинг ғояларимизни акс эттирган ҳақиқий фидокор одам”, - дейди серб тилида чиқадиган “Независне Новине” газетаси бош муҳаррири Зелико Копаня, -“у ўз ғоялари гирдобига тушиб қолди, у ўз ғоялари қурбони бўлди”.
XS
SM
MD
LG