Линклар

ЕТТБ йиллик анжуманининг Тошкентда ўтиши қайта кўриб чиқилади

  • Ҳурмат Бобожон

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) вазият тақазосига кўра банкнинг келаси йил Тошкентда ўтказилиши белгиланган учрашуви қолдирилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бунга Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ва иқтисодий ислоҳотларнинг кузатилмаётгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

ЕТТБ президенти Жан Лемьер "Файнэншл Таймс" мухбирига берган интервьюсида, агар лозим топилса учрашув Тошкентда эмас, банк қароргоҳи жойлашган Лондонда ўтказилиши мумкинлиги ҳақида гапирди. "Шунга қарамай, - деди Лемьер, - ҳозирча банк бу борада бир тўхтамга келгани йўқ. Учрашувнинг қолдирилишига ҳар қандай кутилмаган "жиддий сабаб" туртки бўлиши мумкин".

ЕТТБ матбуот вакили Жэф Хайдэйнинг Озодлик радиосига айтишича, банк ўзининг йиллик учрашувини Тошкентда ўтказиш қароридан ҳали тўлалигича қайтгани йўқ.

"Биз ҳозир ҳам учрашувимизни Тошкентда ўтказишни ражалаяпмиз. Аммо президентимиз Жан Лемьер таъкидлаганидек, ҳар қандай кутилмаган вазият йиғиннинг бошқа жойга кўчирилишига сабаб бўлиши мумкин"- , дейди банк матбуот мулозими.

ЕТТБ учрашувини Тошкентда ўтказмаслик юзасидан сўнгги қарор таркибига 60 давлат, жумладан АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари ва Япония вакиллари кирувчи банк ҳиссадорлари кенгашида қабул қилиниши керак.

Аммо кузатувчиларга кўра, АҚШ етакчилигида олиб борилаётган аксил-террор кампанияси ва бу курашда Ўзбекистоннинг Вашингтон учун муҳим аҳамият касб этиши инобатга олинса, учрашувнинг Тошкентда ўтиши ажаб эмас.

Аммо суҳбатдошимиз Хайдэйга кўра, ушбу масала, яъни Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг йиллик учрашувини Тошкентда ўтказиш қарори асло 11 сентябр воқеалари ва Ўзбекистоннинг аксил-террор кампаниясида тутган мавқеи билан боғлиқ эмас.

"Ушбу қарор ҳали ҳам ўз кучида. У 1999 йилда қабул қилинган эди. Аммо иқтисодий ислоҳотлар борасидаги ҳар қандай чекиниш унинг қайта кўриб чиқлишига сабаб бўлиши мумкин. Ўзбекистонда ислоҳотлар кузатилди. Биз бу ислоҳотларнинг давомли бўлишини истаймиз. Йиллик учрашувимизнинг Тошкентда ўтиши эса у ердаги инсон ҳуқуқлари бузилиши холларини қўллаб-қувватлаш маъносини англатмайди", - дея таъкидлади Жэф Хайдей.

Яқинда ўзининг Ўзбекистон сафари якунлари бўйича қилган маърузасида банк раиси Лемьер: "Учрашувнинг Тошкентда ўтказилиш-ўтказилмаслиги ўзбек халқи учун - муҳим масала. Бу қарорнинг иқтисоддан кўра сиёсий жиҳати устунроқ. Айниқса 11 сентябр воқеаларидан кейин Ўзбекистон муҳим минтақага айланди", - дея қайд этган эди.

ЕТТБ Ўзбекистон учун аҳамияти катта бўлган қарорни феврал ойида қабул қилиши кутилмоқда. Ушбу қарор банкнинг Ўзбекистонга ажратадиган сармоялари стратегиясини ҳам белгилайди. Унгача эса Бирлашган миллатлар ташкилоти ўзининг қийноқлар бўйича ҳисоботини чиқариши керак. Жан Лемьернинг Тошкент ташрифидан сал ўтиб БМТнинг қийноқлар бўйича инспектори Тео Ван Бовен мамлакатда бўлиб қайтди. Сафар давомида Ван Бовен Ўзбекистонда махбусларнинг оила аъзолари билан суҳбатда бўлди, бир қатор қамоқхоналарни бориб кўрди.

Ташриф якунида БМТ инспектори Ўзбекистонда қийноқлар ҳали ҳам кенг тарқалгани ҳақида гапирди.

"Қийноқлар, менинг билишимча бу мамлакатда тасодифий хол эмас, улар "систематик" кўринишга эга. Ўзгача фикрловчи инсонларга нисбатан қийноқларнинг қўлланиши ҳанузгача давом этмоқда ва бу оддий холга айланган. Махбуслар ва қийноқ қурбонларининг яқинлари билан суҳбатлашганимда менда шундай тасаввур пайдо бўлди. Тергов изоляторларида одамлар қийноқлар оқибатида қилмаган айбларига иқрор қилинадилар", - деган эди Тео Ван Бовен ўзининг Ўзбекистон ташрифи якунида.

ЕТТБ президенти Жан Лемьернинг таъкидлашича, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши, шунингдек маҳаллий ноҳукумат ташкилотлари ва мустақил журналистлар эркинликларини таъминлаш борасида мажбурият олган. Лемьер бу жараён май ойида Тошкентда бўладиган йиллик анжумандан олдин ҳам, ундан кейин ҳам кузатиб борилишини қайд этди. Одатда бу каби анжуманлар халқаро молия ва банк муассасаларининг юзлаб вакиллари, журналистлар иштирокида ўтади. Мезбон давлат учун бу катта обрў демакдир.

Аммо инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотларини бошқа нарса ташвишлантирмоқда. Уларни ўзбек расмийлари учрашувга қадар инсон ҳуқуқлари вазиятини яҳшилаш борасида ваъдалар бераётган бўлсалар-да, анжуман бўлиб ўтганидан сўнг тазйиқлар яна кучайиши эхтимоли хавотирлантирмоқда. Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Хьюман райтс уотч ташкилоти Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўзининг йиллик учрашувини Ўзбекистонда сиёсий маҳбуслар озод этилиб, мамлакат суд тизимларида туб ислоҳотлар бўлган тақдирдагина Тошкентда ўтказиши кераклигини айтмоқда. Аммо Хьюман Райт Уотч вакили Стив Крошоу уч ой ичида Ўзбекистонда демократия борасида сезиларли ўзгаришлар бўлишига гумонсираб қарашини айтади.
XS
SM
MD
LG