Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:32

Мутахассислар Ироққа қарши уруш февралда бошланишини башорат қилмоқдалар


Фарангис Саид

БМТнинг қўрол-аслаҳа бўйича инспекторлари Ироқда ишлашда давом этар эканлар, АҚШ Бағдодга қарши уруш бошлаш режасини илгари сураётир. АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл Ироқ раҳбарияти томонидан инспекторларга тақдим этилган ҳисобот БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1441 рақамли резолюциясига зид эканини таъкидлади. Пауэлл АҚШ урушни бошламоқчи эмаслиги, уни бошлашга мажбур бўлмасликка умид қилаётганини билдирса-да, кузатувчилар “Саддам Ҳусайннинг кунлари битди”, деб фикр билдирмоқдалар.

Вашингтон расмийлари Ироқ раҳбарияти томонидан тақдим этилган 12 минг бетлик ҳисоботни ўрганиб чиқиб, “Саддам Ҳусайн унга берилган имконни қўлдан бой берди, у БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ироқни қуролсизлантириш ҳақдаги 1441 рақамли резолюциясини бузди”, деб таъкидлашди.

БМТ инспекторлари бошлиғи Ханс Бликс Хавфсизлик кенгаши йиғинида чиқиш қилиб, Ироқ ўз ҳисоботида инспекцияларни тегишли маълумот билан таъминламаганини айтганидан сўнг, АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл ҳам Бағдод резолюцияни бузгани ва бу унга қарши уруш бошлаш учун асос бўлишини таъкидлаб ўтди.

“Ироқ ўз халқи ва минтақанинг бошқа халқларига оммавий қирғин қуроллари билан таҳдид солмоқда. Буни тўхтатиш керак. Ироқнинг қуролсизланиш учун ҳамон имкони бор. Афсуски, Бағдод раҳбарияти тақдим этган ҳисобот муаммо тинч йўл билан ҳал этилиши мумкин эмаслигини яна бир бор намойиш қилди”, - деди Оқ Уй расмийси ва АҚШ ўз ҳамкорлари билан яна бир бор маслаҳатлашиш ниятида эканини айтар экан, бироқ “жаҳон умрбод кутиб тура олмайди”, деди.

Аслида кутгиси келмаётган тараф жаҳон эмас, балки Вашингтон экани аниқ.

АҚШ расмийлари Америка учун таназзулнинг янги босқичи бошланганини таъкидламоқдалар. Янги босқич 27 январ куни ўз ниҳоясига етади. 27 январ куни БМТ инспекторлари Хавфсизлик кенгашига Ироқдаги фаолиятлари бўйича ҳисобот берадилар.

Аксилтеррор урушда АҚШнинг энг яқин ҳамкори бўлмиш Британия ҳам Ироқ масаласи бўйича айни позицияда. Британия ташқи ишлар вазири Жэк Строу Бағдод резолюцияни бузганини таъкидлади, бироқ “урушнинг олдини олиш мумкин, бунинг учун ҳали вақт бор”, деб айтди.

Аммо мустақил кузатувчилар, сиёсатчиларнинг бундай баёнотларига қарамай, АҚШнинг Ироққа қарши уруш бошлаши муқаррар, демоқдалар.

“Америка Ироқ ҳисоботини салбий баҳолади. Бу эса президент Буш урушни бошлашга тайёр ва бу ниятидан қайтмаслиги аломатидир. Давлат котиби Колин Пауэллнинг “27 январ куни Бағдодга сўнгги имкон берилади”, дейишига қарамай, уруш бошланиши муқаррар. У, менимча, феврал ёки март ойида бошланади”, - деб фикр билдиради АҚШнинг Мичиган университети профессори Рэймонд Тентер.

Яна бир мутахассис, Вашингтонда жойлашган Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Кеннет Аллард “АҚШнинг мақсади битта – уруш”, - дейди.

“Сўнгги 6 ҳафта давомида дипломатик ўйинлар олиб бориляпти, ҳолос. Бундай ўйинлар яна қарийб 6 ҳафта давом этади. Шундан сўнг ўйиннинг янги босқичи, яъни уруш бошланади”, - дейди Аллард, бир алломанинг “уруш – бу дипломатиянинг давоми, фақат бошқа йўллар билан олиб бориладиган давоми”, деган гапини эслаб. Мутахассиснинг фикрича, уруш натижасида Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилади.

Ҳақиқатдан ҳам, АҚШ буни, яъни Саддамни ҳокимиятдан четлаштиришни азалдан режалаштириб келаётир. Тентернинг фикрича, хатто БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1441 рақамли резолюцияси матнида ҳам Саддамга “қопқон” қўйилган.

“Саддам ироқлик олимларга мамлакатни тарк этишни таъқиқлаши мумкин. Бундай қилган ҳолда у резолюцияни бузган бўлади. Резолюциянинг бузилиши эса уруш бошлаш учун етарли асосдир”, - дейди мутахассис.

БМТ инспекторлари бошлиғи Ханс Бликс шу вақтга қадар Ироқ улар билан ҳамкорлик қилаётгани ва резолюцияга риоя қилаётганини таъкидламоқда. Бироқ, Вашингтон бунга қулоқ солмаётган кўринади. Чунки президент Буш уруш тайёргарликларини аллақачон бошлаб юборган. Маълумотларга кўра, январ ойида АҚШ Ироқ атрофида 50 минг аскар жойлаштиради. Ҳозирги вақтда Форс кўрфази ҳудудида АҚШнинг 60 минг ҳарбийси бор.
XS
SM
MD
LG