Линклар

logo-print

Оғажорийнинг суд иши эронлик талабаларнинг намойишлар ўтказишига сабаб бўлмоқда.


Акрам Файзулло

2002 йил ҳам тугаб бормоқда, аммо Эронда тарихчи олим, профессор Ҳошим Оғажорийнинг суд иши билан боғлиқ бўҳронга бу яқин орада ечим топиладиганга ўхшамайди.

Теҳрон университети ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларидаги талабалар суднинг Ислом динини ҳақорат этган, деган айб билан Оғажорийга берган ўлим жазоси бекор этилишини талаб қилиб, тез-тез намойишлар ўтказиб келмоқдалар. Оммавий нарозиликлар натижасида яқинда Эроннинг Олий лидери Оятулло Али Ҳаманаи Адлия вазирлигига Оғажорийнинг ишини қайта кўриб чиқиш ҳақида буйруқ берди.

Оғажорийга бундай айб қўйилишига унинг июн ойида Ҳамадон шаҳрида қилган нутқи сабаб бўлди. Профессор ўзининг ушбу чиқишида, “нима учун фақат уламоларга Ислом динини тушунтириш ҳуқуқи берилган” деган саволни кўндаланг қўйиб, ҳар бир ëш авлоднинг эътиқодни ўзи истаган шаклда қабул қилишга ҳақи бор, деб таъкидлаган эди.

Суд ҳукмини қайта кўриб чиқиш ҳақида буйруқ берилганига қарамай, 45 ëшли профессор ҳибсда ушлаб турилмоқда ва унинг иши бу яқин орада ҳал бўлмайдиган кўринади. Агар Оғажорийга берилган ўлим ҳукми бекор этилса, у ислом динини ҳақорат этган, деган бошқа айблар билан жазога тортилиши, жумладан саваланиши, 8 йил озодликдан маҳрум этилиши ва мамлакат ичида сургун қилиниши мумкин.

Эрон парламентининг собиқ аъзоси ва ҳозир Парижда яшаëтган сиëсий таҳлилчи Аҳмад Саламатиянга кўра, ислоҳотчи сиëсатчилар Оғажорийнинг иши юзасидан жиддий хавотирланмоқдалар, чунки Олий лидернинг буйруғи суд ҳукмини фақат вақтинчалик тўхтатган холос.

Саламатияннинг қайд этишича, Адлия вазирлигига берилган буйруқ – масалани атайин кечиктиришдан бошқа нарса эмас, чунки ҳал этувчи қарорни Адлия вазирлиги эмас, балки Ҳаманининг ўзи беради.

“Адлия вазири ва давлат Прокурори олий лидер томонидан тайинланиши туфайли, улар Олий лидернинг буйруқларини бажаришга мажбурлар. Оғажорийнинг ишини кўриб чиқиш учун Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган комиссия юқоридан берилган кўрсатмага кўра, норозилар билан ҳисоблашмай, Олий лидернинг навбатдаги буйруғини кутиб турибди”, деди сиëсий таҳлилчи Аҳмад Саламатиян.

Эронда ислоҳотлар ўтказилишига тарафдор бўлган депутатлар ва талабалар Оғажорийга қарши қўйилган айбномалар сиëсий сабабларга асосланган, дейишмоқда.

Тез-тез оммавий намойишлар ўтказиб келаëтган талабалар нафақат Оғажорийни озод этишни, балки Адлия вазири, Олий лидер Оятулло Али Ҳаманаи ва президент Муҳаммад Ҳотамийнинг истеъфо беришини ҳам талаб қилмоқдалар.

Ҳотамий ушбу талабга ўз муносабатини билдирар экан, “намойишлар душманнинг ишидир ва бу бостирилади”, деб таъкидлади. Хавфсизлик ходимлари талабалар лидерларидан 4 нафарини ҳибсга олдилар.

Оғажорийнинг суд ишида кўтарилган масалалар бугунги Эрон ëшларини хавотирга солаëтган муаммолар саналади. Шу боисдан у талабалар диққатини ўзига жалб этган.

Оғажорий ўз нутқида, бугунги ëшлар уламоларнинг кўрсатмаларига кўр-кўрона амал қилмасликлари керак, ҳар авлоднинг ўз даврида ўз эътиқодини ўзи англаганидек қабул қилишга ҳақи бор, деди.

Унга кўра, бугунги ислом дини бундан 1.400 йил олдин Макка ва Мадинада пайдо бўлган ислом динидан фарқ этади. Эрон ëшлари барча соҳаларда ислом динига бошқача қарайдилар, динни уларнинг бугунги ҳаëтига мослаштириш зарур.

Эрон аҳолисининг яримидан кўпи 1979 йилда содир бўлган Исломий инқилобдан кейин туғилган. Кўплаб ëшлар исломий тизим ўзларининг ижтимоий ҳаëтини ва сўз эркинлигини чеклаб қўйганидан норозилар.

Эрон Ислом жумҳуриятининг марказлашган иқтисодиëти етарли ривожланмаëтгани оқибатида ëшлар орасида ишсизлар сони ҳам тобора ортиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG