Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:47

"Christmas" Осиёда ҳам нишонланади.


"Christmas" ёки ўзбек тингловчисига кўпроқ Рождество номи орқали таниш байрам ўйинчоқларини энг кўп экспорт қилувчи давлат – Хитой саналади. Аммо эндиликда мамлакат уларни четдан сотиб олмоқда. Бугунги кунда насронийларнинг Мавлуд байрами дунё аҳолисининг бешдан бир қисми яшовчи Хитойда ҳам нишонланадиган бўлиб қолган. Декабр ойи келиши билан Хитойнинг Пекин, Шанхай ва Гунжу шаҳарларида чиройли безатилган арчаларни ва алвон кийинган қор боболарни учратиш мумкин.

Шу кунларда пойтахт Пекинда ҳизмат сафарида юрган Кришчан Сайнс Монитор мухбири Роберт Маркуанд у ердаги манзарани шундай тасвирлайди: Пекинда дўконлар байрамона безатилган. Ялтироқ ўйинчоқлар, ёниб турувчи арчалар ва ранг-баранг чироқлар билан безатилган лағмонхоналарнинг бирига кирамиз. Ўзини Йин Ли деб таништирган ошпазнинг айтишича, бу безаклар шунчаки байрам кайфияти сезилиб туриши учун экан. "Очиғини айтсам, - дейди Йин Ли, - мен арча безакларини жуда яҳши кўраман. Ҳар йили ушбу кунни орзиқиб кутамиз. Шуларсиз янги йилни тасаввур қилиш қийин" – дейди у.

Аммо, Хитойда арча безатиш анъанага айланиб бораётгани маҳаллий аҳоли насронийларнинг Мавлуд байрамини қабул қилганликларини англатмайди. Аслида бу байрам Хитойда шунчаки "мода"га айланиб улгурган. Нафақат Christmas, балки ғарбда ошиқ-мошиқлар байрами саналган Муқаддас Валентин куни, америкаликларнинг "Thanksgiving " яъни шукроналик байрами, "Helloing" – шайтонларни ҳайдаш байрамлари шарқ халқлари зехниятига тобора сингиб бормоқда. Осиё давлатларида ғарб байрамлари ёшлар назарида хуш-чақчақлик, ўйин-кулги ва гўзаллик рамзидир.

"Беш йил аввал Тинч океани хавзасида жойлашган халқлар учун бу байрамлар ёт бўлган. Улар вақти келиб шу байрамларнинг Осиёда ҳам удум бўлишини тасаввур ҳам қилолмасдилар", - деб қайд этади Токио университетининг япон тадқиқотлари маркази таҳлилчиси Марк Мюллинс. "Ғарб маданиятининг шарқий халқларга таъсири йил сайин ортиб бормоқда. Аммо, ерли халқларга бу байрамларнинг маънавий-диний жиҳатларидан кўра кўпроқ уларнинг рухи ёқади", - дейди Мюллинс.

Ушбу ойининг бошида Хитойга Швециядан шимол буғисига тортилган аравада беш Санта Клоус ташриф буюрди. Пекин кўчаларида "байрам ширинликлари" сотилмоқда. Яна бир янгилик, декабр ойидан эътиборан Хендел қаламига мансуб "Мессиа" спектакли Пекиннинг унут бўлиб кетган мюзик холида илк бор хитой тилида томоша этиладиган бўлди. "Яқин-яқинларгача, буни тасаввур ҳам қилиб бўлмасди", - дейди хитойлик студентлардан бири.

Санта Клаус, яъни қорбобони ҳатто Вьетнамда ҳам яҳши билишади. Аксар аҳолиси буддистлардан иборат бу давлатда ўтган йили сунъий арчаларнинг дўконларда сотилиши рекорд кўрсаткичга етган. Филиппин ва Жанубий Кореяда эса арча безатиш кўпдан бери анъана. Европаликларга тақлид қилиб кореяликлар ҳам Рождество куни совға-салом улашишади, пишириқлар тайёрлаб, дастурхон безатишади.

Хитойда бу кун оилавий байрам ҳисобланади. Яқинда Хитойнинг олти йирик шаҳрида ўтказилган сўровлар давомида унда иштирок этганларнинг 15 фоизи ғарб байрамларига муҳим сана сифатида қарашларини айтишган. Одатга кўра, Хитойда миллий байрамларда янги кийим кийиш анъана. Аммо, сўров қатнашчиларининг 60 фоизи миллий байрамлардан кўра кўпроқ ғарб байрамларидан баҳраманд бўлишларини билдиришган. Сўровда иштирок этган эркакларнинг 57 фоизи эса ғарб байрамларини маънавий жиҳатдан устун қўйишларини айтишган.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Осиёда нафақат Рождество, балки "Helloing", "Thanksgiving " ва Муқаддас Валентин кунларини нишонлаш ҳам одатий холга айланмоқда. Хитойда ғарб байрамлари орасида Муқаддас Валентин куни иккинчи муҳим сана ҳисобланади. Ошиқ-мошиқлар байрами ҳисобланган ушбу кунда хитойлик ёшлар орасида севги-муҳаббат рамзи, юрак расмлари туширилган мактубларни, ширинликлар солинган почта жўнатмаларини юбориш анъанага айланган.
Японияда эса аёллар ва эркакларнинг Валентин кунлари алоҳида нишонланади.
Америкаликлар байрами ҳисобланган "Thanksgiving, яъни "Шукроналик" байрами ҳам осиёликлар учун ёт эмас. Хитойнинг йирик шаҳарларида аксар аҳоли ғарбликларнинг ушбу байрамига ҳам катта аҳамият беришади. Ҳар йили ноябр ойининг учинчи пайшанбаси нишонланадиган ушбу кунда, америкаликлар анъанасига кўра, дастурхонга курка гўшти тортилади. Ҳозирда Сенксгивинг нишонланадиган куни Хитойда ҳам курка таоми тайёрланади. Ўша куни дўконларда курка гўшти танқис бўлади. Яқинда Хитойнинг Сичуан вилояти маркази ҳисобланмиш Ченгду шаҳрига бориб қолган бир америкалик у ерда Сенксгивингни нишонлаш учун дўкон айланиб курка гўшти тополмабди. Оҳири у хитойлик дўстидан курка топишга ёрдам беришини сўрабди. Хитойлик дўсти ҳам бозордан қуруқ қайтибди. Ҳуллас ўша куни барча дўконларда курка гўшти сотилиб бўлган экан. Аммо америкалик ҳамкасбини байрам куни хафа қилмаслик учун ўша хитойлик яна қайгадир кетибди-да, туяқушдай келадиган иккита куркани кўтариб келади. Орадан бир кун ўтиб маҳаллий матбуотда Сичуан хайвонот боғида иккита курка йўқолиб қолгани ҳақидаги хабар тарқалади.
XS
SM
MD
LG