Линклар

2002: Халқаро аксилтеррор кампания секинлашиб қолганга ўхшайди.


Акрам Файзулло

Усама бин Ладин бошчилигидаги “Ал-Қоида” террор тармоғи ëки унга алоқаси бўлган гуруҳлар сўнгги 3 ой ичида жаҳон бўйлаб содир этилган терактларда айбланди.

Октябрда Индонезиянинг Бали оролидаги тунги клубларга ва Яман қирғоғида Франциянинг нефт танкерига қилинган ҳужумларда “Ал-Қоида” гуруҳининг алоқаси бор, деб шубҳа этилмоқда.

Қувайтда Америка аскари отиб ўлдирилганида, шунингдек Кенияда Исроил меҳмонхонаси портлатилганида ва Исроил йўловчи учқучини уриб тушириш учун қилинган ҳужумда ҳам “Ал-Қоида” гуруҳи айбланди.

Учқучга қарши отилган 2та ракета нишонга тегмаган бўлсада, бу воқеа алқоидачиларнинг ҳужум қилиш услублари кенгайиб бораëтганини намойиш қилди.

Халқаро терроризм мутахассисларига кўра, октябр ойидан буëн жаҳон бўйлаб рўй берган кетма-кет зўравонликлар “Ал-Қоида” гуруҳи ва унинг хайрихоҳлари террорчилик страгеясини ўзгартирганидан далолат бермоқда. Мисол учун, террорчилар энди қаттиқ қўриқланаëтган АҚШ ҳарбий кемалари ëки элчихоналарига ўхшаган объектларни эмас, балки хавфсизлик янада “юмшоқроқ” бўлган фуқаровий объектларни нишонга олишга уринмоқдалар.

Бали портлашлари ўтган йилги 11 сентябр терактларидан кейин юз берган энг даҳшатли ҳужумдир. Мазкур портлашлар оқибатида аксарияти австралиялик туристлар бўлган 180 киши ҳалок бўлди. Австралиялик туристлардан бир киши портлашларни видео суратга олди.

“Даҳшат, мен умримда бундай портлашларни кўрмаган эдим. Қўрқинчли, ҳамма ëқда кишиларнинг куйиб кетган жасадлари ëтибди”, деди австралиялик турист.

Бали портлашларидан бир неча кун ўтгач, АҚШ президенти Жорж Буш янги глобал терроризм доирасида зўравонлик содир этиш бошланганини маълум қилди.

“Менимча, Бали ҳужумлари “Ал-Қоида” гуруҳи томонидан содир этилган. Бу ҳақда янада узил-кесил хабарлар тарқатилмоқда, аммо мен бу борада ўз ҳисоботимизни кутаяпман”, деди Буш.

Орадан бир неча кун ўтиб, АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Жорж Тенет Бали ҳужумларида “Ал-Қоида” гуруҳини айблади ва гуруҳ террорчиликнинг бошқача усулларини танламоқда, деди.

“Жаҳон бўйлаб Балидан Қувайтгача содир этилган ҳужумлар, бир қанча мувафаққиятсизликка учраган ҳужумлар, “Ал-Қоида” лидерлари томонидан тарқатилган турли баëнотлар, буларнинг ҳаммаси “Ал-Қоида” гуруҳи ўзининг ҳужум қилиш тактикасини ўзгартирганидан дарак бермоқда”, дейди Жорж Тенет.

Шотландиянинг Санкт Андревс университети қошидаги терроризм ва сиëсий зўравонлик бўйича тадқиқот марказининг таҳлилчиси Магнус Рансторпга кўра, октябрдан бери юз берган ҳужумларда нишонлар диққат билан танланган.

“Агар бу ҳужумлар ҳақиқатан ҳам “Ал-Қоида”нинг иши бўлса, унда гуруҳ иқтисодий объектларга ҳужум қилишни бошлаганига, хусусан савдо ва барқарорликка зарар етказишга уринаëтганига гувоҳ бўлаяпмиз”, деди таҳлилчи Магнус Рансторп.

Бали портлашлари оқибатида Индонезия жиддий иқтисодий йўқотишларга учради, жумладан мамлакатнинг суғурта сектори, биржалари ва туризм саноати катта зарар кўрди.

Лондондаги бошқа бир таҳлилчи Филип Сабиннинг таъкидлашича, 11 сентябр терактлари рўй берганига бир йилдан кўп вақт ўтганига қарамай, “Ал-Қоида” террор тармоғи ҳақида етарли разведка маълумотлари тўпланмаган.

“Биз “Ал-Қоида” ҳақида, унинг раҳбарияти тўғрисида етарли маълумотларга эга эмасмиз. Биз ҳатто бин Ладиннинг ўлик ëки тирик эканини ҳам аниқ билмаймиз”, дейди Филип Сабин.

11 сентябр терактларидан кейин АҚШ етакчилигида бошланган аксилтеррор кампанияда эришилган энг муҳим ғалабалар сифатида Толиблар ҳокимиятдан четлаштирилганини ва Ҳомид Карзай бошчилигида Ғарбга дўст бўлган ҳукумат ҳокимиятни эгаллаганини айтиб ўтиш мумкин.

Бундан ташқари, АҚШ расмийлари аксилтеррор кампания давомида қатор муваффақиятли натижаларга эришилганини, жумладан яқинда Яман, Покистон ва Индонезияда “Ал-Қоида” гуруҳининг бир неча юқори лавозимли амалдорлари ўлдирилганини ва ушланганини тилга олиб ўтдилар.

Аммо март ойида АҚШ ҳарбий кучлари Афғонистонда Толиблар ва “Ал-Қоида” жангариларига қарши охирги марта шиддатли ҳужумлар қилганидан бери, ҳарбий кампания секинлашиб қолди.

Бунга Ироқ бўхронини сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Шу кунларда Қўшма Штатлар раҳбарияти Ироқ президенти Саддам Ҳусайнни ҳокимиятдан четлаштириш ëки унинг даъво қилинаëтган оммавий қирғин қуролларини йўқ қилишга қаратилган потенциал ҳарбий кампания учун ички ва ташқи ëрдамни олишга ҳаракат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG