Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:47

Вашингтон ўзининг Ироқ ва Шимолий Корея сиëсати орасидаги фарқни тушунтиришга уринмоқда.


Акрам Файзулло

Вашингтон халқаро ҳамжамият диққат-эътиборини Ироқнинг шубҳа этилган оммавий қирғин қуроллари таҳдидига қаратган бир пайтда, Шимолий Корея томонидан янги таҳдид ўртага чиқди.

Яқинда БМТ ҳарбий инспекторларини мамлакатдан чиқариб юборган Шимолий Корея, ядровий қуроллар учун плутоний ишлаб чиқара оладиган ядровий реакторни қайта ишга солди. АҚШ расмийлари Шимолий Корея аллақачон бир-иккита кичик атом бомбаси яратганига ишонмоқдалар.

Ироқ эса ҳарбий инспекторларнинг мамлакатга қайтишига рухсат берди. Президент Саддам Ҳусайн улар билан ҳамкорлик қилмоқда ва ҳозирча инспекторлар мамлакатда ядровий, кимëвий ëки биологик қуролларни топганлари йўқ.

Шунга қарамай, Бағдод режимига нисбатан янада жиддий муаммо сифатида қараëтган АҚШ президенти Жорж Буш маъмурияти Ироққа қарши урушга тайëргарлик кўрмоқда. Айни чоғда Вашингтон Корея вазиятини бўҳрон, деб аташдан бош тортиб, масалага тинч йўллар орқали ечим топиш мумкинлигини билдирмоқда.

АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Филип Рекерга кўра, ҳатто Буш Шимолий Корея, Ироқ ва Эронни жаҳон тинчлигига таҳдид этаëтган “жаҳолат ўқи”, деб атаган бўлсада, ҳар бир давлатга нисбатан алоҳида ëндошиш керак.

“Ҳамма давлатни бир қолипга солиб бўлмайди. Ҳар бир давлатга, ҳар бир муаммога нисбатан алоҳида ëндошиш керак. Ҳамма нарсанинг ўз контексти ва ўзига хос тарихи бор”, дейди Филип Рекер.

Вашингтон ўзининг Ироқ ва Шимолий Корея сиëсати орасидаги фарқни тушунтиришга уринмоқда. АҚШ Давлат котиби Колин Пауэллнинг қайд этишича, Шимолий Кореянинг ядровий дастурини тўхтатиш ва инспекторларни мамлакатга қайтариш масаласида расмий Пхенянга босим қилиш учун Америка Хитой, Россия, Жанубий Корея ва Япония билан ишламоқда.

Пауэллга кўра, Қўшма Штатлар Шимолий Корея билан музокаралар олиб боришга рози бўлсада, Пхенян ўз сиëсатини ўзгартирмас экан, Вашингтондан ëрдам ололмайди.

Шимолий Корея Американинг эҳтимолий ҳужумини қайтариш учун ядровий қуроллар ишлаб чиқаришга мажбур бўлганини билдирмоқда. Пхенян Қўшма Штатлар билан бевосита музокаралар олиб боришни ва ҳужум қилмаслик ҳақида битим тузишни талаб этмоқда.

Пауэллга кўра, Қўшма Штатлар Шимолий Кореяга ҳужум қилиш ниятида эмас.

“Биз ҳужум қилишни режалаëтганимиз йўқ. Қўшма Штатлар олдида қатор имкониятлар, жумладан сиëсий, иқтисодий, дипломатик ва тўғри, ҳарбий имкониятлар мавжуд. Аммо биз Шимолий Кореяга таҳдид этиш орқали бўҳрон келтириб чиқаришга уринаëтганимиз йўқ”, дейди Колин Пауэлл.

Айрим АҚШ расмийларига кўра, Вашингтон Шимолий Кореяга қарши иқтисодий босимни кучайтириши, жумладан Пхеняннинг баллистик ракеталарни экспорт қилишига йўл қўймаслиги мумкин.

Аммо Жанубий Корея, Хитой, Россия ва Япония аҳолиси шундоқ ҳам қашшоқликда яшаëтган Шимолий Кореяга яна иқтисодий босим қилинишига қаршидир.

Мичиган университетининг профессори Раймонд Тантернинг айтишига қараганда, Америка Ироққа қарши ҳарбий куч қўллаши ҳақида таҳдид этиши ва Шимолий Кореяга нисбатан дипломатик босим қилиш борасида ҳақлидир.

Унга кўра, Пхенян ва Бағдод бир-биридан кескин фарқ қилади. Мисол учун, Саддам Ҳусайн аллақачон оммавий қирғин қуролларини амалда қўллади ва қўшни давлатларга бостириб кирди. Бундан ташқари, Ироқ нефтга бой бўлгани туфайли, бу мамлакатга санкциялар орқали таъсир қилиш қийиндир.

“Иқтисодиëти оғир аҳволда бўлган Шимолий Корея эса иқтисодий ва дипломатик босимлар қаршисида янада ожиздир. Шунинг учун Шимолий Кореяга нисбатан бошқача ëндошиш керак”, дейди профессор Раймонд Тантер.

Шимолий Корея ва Ироқ ўртасида яна бир жиддий фарқ шундан иборатки, Пхенянга қарши ҳарбий зарба бериш ëмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Ядровий қуроллардан ташқари, Шимолий Корея бир миллион аскардан иборат армияга эга ва ундаги артиллерия кучларининг ўзи урушнинг дастлабки дақиқаларидаëқ Жанубий Корея пойтахти Сеулни кул-тепага айлантириши мумкин.
XS
SM
MD
LG