Линклар

logo-print

Ироқ президенти Саддам Ҳусайн БМТ инспекторларини “жосуслик” фаолияти билан шуғулланаëтганликда айблади.


Акрам Файзулло

Душанба куни Ироқ Армияси ташкил этилгани муносабати билан телевидение орқали чиқиш қилган президент Саддам Ҳусайн БМТ ҳарбий инспекторларини Ироқда оммавий қирғин қуролларини қидириш ишлари билан эмас, балки “жосуслик” фаолияти билан шуғулланаëтганликда айблади.

“БМТ инспекторлари Ироқда даъво қилинаëтган кимëвий, биологик ва ядровий қуролларни қидириш ўрнига, ироқлик олимларнинг номларини тўплаш ва ҳарбий иншотлар борасида маълумотлар йиғиш билан шуғулланишмоқда. Бу жосуслик қилишдан бошқа нарса эмас”, деди Саддам Ҳусайн.

Ироқ президенти ўз сўзида давом этиб, мамлакати урушга тайëр эканини таъкидлади ва “адолат бизнинг томонимизда бўлгани туфайли, Ироқ ҳар қандай урушда ғолиб чиқади”, деди.

БМТнинг Венадаги Халқаро атом энергия агентлигининг матбуот вакили Мелиша Флеминг хоним ушбу айбномаларни рад этиб, инспекторлар бирон бир давлат учун ишламасликларини ëки қандайдир давлатни информация билан таъминламасликларини таъкидлади. У, “агар инспекторлар разведка маълумотларини тўплаëтган бўлсалар, бу фақат БМТ учундир”, деди.

Маълумки, ноябрда БМТ Хавфсизлик Кенгаши қабул қилган резолюцияга мувофиқ, инспекторлар Ироқда кимëвий, биологик ва ядровий қуроллар бор-йўқлигини текширмоқдалар. Ироқ ҳукумати бундай қуролларга эга эмаслигини билдириб келмоқда. Аммо АҚШ ва Британия Ироқни таъқиқланган қуролларни яширганликда айбламоқда.

Президент Жорж Буш ва АҚШнинг бошқа расмийлари “агар расмий Бағдод БМТ резолюцияларига кўра оммавий қирғин қуролларидан воз кечмаса, Ироққа ҳарбий ҳужум қилиш ва Саддам Ҳусайнни ҳокимиятдан ағдариш ҳақида таҳдид этдилар.
Душанба куни президент Жорж Бушнинг қайд этишича, Ироқнинг қуролсизланишини фақат Америка эмас, балки бутун жаҳон талаб қилмоқда.

“Жаҳон Ироқ президенти Саддам Ҳусайнга сизда ҳеч қандай оммавий қирғин қуроллари бўлмаслиги керак, бундай қуроллардан воз кечинг, деб айтди ва ҳозирча у ушбу талабни бажармаган кўринади. Аммо бунинг учун унда вақт бор ва биз Саддам Ҳусайнни жаҳоннинг талабини бажаришга чақиришда давом этамиз. Саддам Ҳусайннинг қуролсизланишини фақат Америка Қўшма Штатлари эмас, балки бутун жаҳон талаб қилмоқда”, деди президент Буш.

Душанба куни Британия Ташқи ишлар вазири Жак Строу ҳам БМТнинг Ироқни қуролсизлантириш борасидаги резолюцияларига тўлиқ амал қилиш ниҳоятда муҳим эканини таъкидлаб ўтди.

“БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1441 - рақамли резолюцияси Саддам Ҳусайнни БМТ ўз ваъдасининг устидан чиқиши ҳақида жиддий огоҳлантирди. Ироқни тинч йўллар орқали ëки куч қўллаш орқали қуролсизлантириш - оммавий қирғин қуроллари таҳдидини бартараф этишда жаҳон қудрати учун ва ҳам БМТ салоҳияти учун муҳимдир”, дейди Британия Ташқи ишлар вазири Жак Строу.

Ироқ президенти Саддам Ҳусайн душанба кунги чиқишида “Қўшма Штатлар БМТ инспекторларини ўз вазифалари доирасидан четга чиқишга, хусусан ироқлик олимларни мамлакатнинг қуроллар дастури борасида суроқ қилишда кўпроқ агрессив бўлишга ундаëтганликда”, айблади.

Саддам Ҳусайн инспекторлардан шубҳалаëтгани туфайли, Ироқ улар билан ҳамкорлик қилишни тўхтатиш-тўхтатмаслиги ҳақида гапирмади. Ироқнинг бошқа расмийлари инспекторларнинг текширув услублари тўғрисида хавотирланиш билдирдилар, аммо урушни четлаб ўтиш учун Ироқ ҳамкорлик қилишда давом этишини қайд этдилар.

Айни пайтда, БМТ ҳарбий инспекторлари Ироқда кимëвий, биологик ва ядровий қуролларни қидириш ишларини давом эттирмоқдалар.

БМТ инспекторлари бошлиғи Ханс Бликс ва Халқаро атом энергияси агентлигининг директори Муҳаммад Ал Баради пайшанба куни инспекторлар томонидан олиб борилган текширув ишларининг дастлабки натижалари тўғрисида ҳисобот тақдим этадилар.
XS
SM
MD
LG