Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:33

"ТАЙВАНЧИК" ВЕНЕЦИЯ БИЛАН ҲАЙРЛАШМОҚДА


Сешанба куни Венеция маҳкамаси асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Олимжон Тўхтаохуновни Америкага экстрадиция қилиш тўғрисида қарор чиқарди. Евроосиё мафияси орасида "Тайванчик" лақаби билан танилган бу шахс ўтган йил Солт Лейк Сити қишки олимпиада ўйинлари давомида ҳакамларни сотиб олишда воситачилик қилганликда айбланмоқда. 53 яшар Тўхтаохунов АҚШ Федерал қидирув бюроси илтимосига кўра 2002 йилнинг июл ойида Венециядаги шахсий вилласида ҳибсга олинган эди.

Тўхтаохуновни Америкага экстрадиция қилинишининг аниқ муддати ҳозирча номаълум. "Тайванчик"нинг адвокатлари Лука Салдорелли ва Эриберто Россолар унинг экстрадициясини иложи бор қадар чўзишга уринмоқдалар. Бунинг учун адвокатлар Венеция суди қарорини рад этиб, Италия маҳкамасига даъво аризаси билан мурожаат этганлар.
"Маҳкама Олимжон Тўхтаохуновни экстрадиция қилишга қарор берди, аммо биз бу қарор қайта кўриб чиқилишини талаб этмоқдамиз", - дейди адвокат Эриберто Россо.

Сешанба кунги маҳкама мажлисида Тўхтаохуновнинг ўзи ҳам иштирок этди. У қўйилаётган айбловлар асоссиз эканини ва маҳкама жараёнинг Америкада давом эттиришларига қаршилигини билдирди. Эслатиб ўтамиз, июл ойида АҚШ федерал қидирув бюроси Манхеттен суди қарорига мувофиқ "Тайванчик"нинг Венециядан Америкага экстрадиция қилинишини сўраб, Италия ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат этган эди.

АҚШ Федерал қидирув бюроси вакилларининг таъкидлашларича, айнан Олимжон Тўхтаохунов қишки олимпиада ўйинларининг фигурали учиш бўйича жуфтлик мусобақаларида россиялик фигурачилар Елена Бережная ва Антон Сихарулидзеларга олтин медални таъминлаб берган. Шунингдек, Франция жуфтлиги Марина Анисина ҳамда Гвендал Пейзерлар ҳам фигурали учишнинг спорт тури бўйича дунё биринчилигини рус мафиячиси эвазига қўлга киритганлар.

Тўхтаохуновга товламачилик ҳамда пора эвазига тил бириктирганлик айблари қўйилмоқда. Агар ҳақиқатан ҳам бу жиноятлар исботланса, Тўхтаохунов ҳар бир жинояти учун беш йилдан жами 25 йил муддатга қамоққа маҳкум этилиб, ундан 250 минг долларлик жарима ҳам ундириб олиниши мумкин.

АҚШ федерал қидирув бошқармаси вакилларига кўра, улар анчадан бери Тўхтаохунов хатти-ҳаракатларини кузатиб, унинг телефон сўзлашувларини магнит тасмасига ёзиб борганлар. Венеция маҳкамаси ҳам Тўхтаохунов экстрадицияси билан боғлиқ қарорни ана шу далилий ашёларга таяниб қабул қилган. Жумладан, магнит тасмасига ёзиб олинган суҳбатларнинг бирида Тайванчик фигурали учиш халқаро федерацияси президенти Дидье Гелагедан француз ҳакама Мари ле-Гунга босим қилишни сўрайди.

Эсингизда бўлса, Солт Лейк Сити олимпиада ўйинларидан сўнг фигурали учиш мусобақаларига ҳакамлик қилган француз судяси Ле Гун Франция фигурали учиш федерациясининг кучли босими остида россиялик фигурачиларга кўпроқ балл берганини айтганди. Бунга жавобан француз олимпия жамоаси раҳбари ҳақиқатан ҳам Ле Гунга босим қилинганини ва бундай босим Франция спорт уюшмаси тарафидан эмас қандайдир шубҳали шахслар тарафидан қилинганини айтганди. Катта шов-шувга сабаб бўлган бу воқеалардан сўнг ҳакамлар хулосаси қайта кўриб чиқилиб, деярли бехато чиқиш қилган канадалик жуфтлик Жеми Сале ва Давид Пелетеларнинг кумуш медали олтинга айлантирилганди.

Олимжон Тўхтаохунов кўп йиллар давомида Францияда яшади. У ерда спорт доираларида анча таниш орттирган. Айни вақтда Француз махсус хизматлари Тайванчикни Россия мафиясининг яна бир етакчиларидан бири Япончик лақаби билан танилган Вячеслав Иванковнинг ўнг қўли бўлганини айтишади. Айрим норасмий маълумотларга кўра, Тўхтаохуновнинг Халқаро олимпия қўмитаси аъзолари билан ҳам муносабатлари яхши. 2001 йилда Франция ҳукумати спорт ва шоу бизнесга қўшган хиссаси учун "Тайванчик"ни Фаҳрий легион ордени билан ҳам тақдирлабди. Айтишларича, Парижда ўтган тақдирлаш маросимида француз фигурачиси Марина Анисина ҳам бўлган. Асли келиб чиқиши россиялик бўлган Марина Анисинанинг Тайванчик билан алоқаси бўлгани ҳақида ҳам маълумотлар бор. Келтирилган фактларга қарамай, француз спортчилари, хусусан Марина Анисина Тўхтаохунов ҳақида билмаслигини айтади. Россиялик фигурачилар Бережная ва Сихарулидзелар ҳам ҳеч қандай Тайванчик-Майванчикни билмасликларини таъкидлашган.

Агар Тайванчик, адвокатларнинг урунишларига қарамай Америкага экстрадиция қилиниб унинг айби исботланса, қишки олимпиада ўйинлари билан боғлиқ жанжаллар жаҳон спорт ареналарида давом этадиган кўринади. Жаҳон олимпия қўмитаси раиси Жак Рогнинг таъкидлашича, агар "Тайванчик"нинг олимпиада ўйинларига таъсир кўрсатгани исботланса, Солт Лейк Ситида ўтган қишки олимпиада мусобақаларининг натижалари қайта кўриб чиқилади.

Олимпия қўмитаси иложи борича тезроқ ушбу жиноят тагига етиш ниятида. Венецияда маҳкама жараёнлари охирлаб қолган бир пайтда Италияда чиқадиган "Ла Реппублика" газетаси, Евроосиё мафиясининг собиқ фаолларидан бири, ҳозирда Исроил ҳукумати ҳимояси остида бўлиб келаётган Жалол Ҳайдаров билан ўтказилган суҳбатни эълон қилди. Келиб чиқиши Тожикистонлик Жалол Ҳайдаров бир вақтлар Рус мафияси етакчиларидан бири Михаил Чернийнинг ёрдамчиси бўлган. Жалол Ҳайдаровнинг "Ла Реппублика" газетасига маълум қилишича, Тайванчикнинг вазифаси Ғарбий Европа ширкатлари орақали Михаил Чернийнинг харом пулларини "ювиш" бўлган. Измаилов жиноий гуруҳлари учун эса Италия қулайроқ мамлакат саналади. Ҳайдаровнинг таъкидлашича, олдинроқ Тайванчик бу иш билан Жанубий африка, Монте Карло, Германия ва Францияда шуғулланган. Агар Тўхтаохунов Америка терговчиларига бу ҳақда гапира бошласа, дейди Жалол Ҳайдаров, Евроосиё мафиясининг Ғарбий Европа давлатларидаги пул ювиш тармоғига жиддий путур етиши ҳеч гап эмас. Ҳайдаровнинг ўзи эса бу борада Италия маҳкамасига гувоҳлик беришга тайёр эканини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG