Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:46

Ироққа қарши уруш: асл мақсад нефт эмасми?


Фарангис Саид

Расмий Вашингтон ироқликлар тақдиридан хавотирланаётганини таъкидлаб, Саддам Ҳусайн режими ағдарилганидан сўнг Ироқдаги нефт заҳираларини мамлакат иқтисодини қайта тиклаш учун ишлатиш лозимлигини айтаётган бўлса-да, мустақил кузатувчилар аслида Оқ Уйнинг мақсади – Ироқ нефт заҳираларини қўлга киритишдир, деб фикр билдиришмоқда.

“Нью-Йорк Таймс” газетасининг ёзишича, АҚШ расмийлари яқин орада президент Жорж Бушга Ироқни босиб олиш ва уни бошқариш режасини тақдим этадилар. Режага кўра, АҚШ Ироқда ўз ҳарбий назоратини ўрнатади ва уни бир ярим йил давомида бошқаради. Маъмурий бошқарув БМТ вакиллари томонидан амалга оширилиши мумкин, бироқ нефт сектори АҚШ назорати остида бўлади ва Вашингтон уни ислоҳ қилишни режалаштирмоқда. Бироқ, Оқ Уй ўз режалари тафсилотларини ошкор этишни истамаяпти. Жорж Буш шу вақтгача унинг мақсади Саддамни қуролсизлантириш ва ироқликларни авторитар режимдан ҳалос этишдан иборатлигини таъкидлаб келган:

“Диктаторлар нима дейишларига қарамай, Ироқ халқи диктатурани ёқтирмаслиги шубҳасиз. Барча одамлар каби, улар озодлик ва эркинликда яшашни истайдилар”.

Бироқ АҚШ президентининг бундай баёнотлари кузатувчилар фикрини ўзгартирмаяпти. Улар ҳамда минтақа давлатлари АҚШнинг Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин олиб борадиган сиёсатидан хавотирланмоқдалар.

Яқин Шарқ иқтисодига бағишланган ва Қибрисда нашр этиладиган “Мидл Ист Икономик Сёрвей” журналининг нефт соҳаси бўйича мутахассиси Жералд Баттнинг фикрича, энг муҳим масала – АҚШнинг Ироқни ОПЕК – нефт экспортчилари ташкилотидан чиқишга мажбур қилиши ёки қилмаслигидир.

“Шу кунларда Ироқнинг Америка томонидан ОПЕКдан чиқариб юборилиши эҳтимоли кўп муҳокама қилинмоқда. Нефт секторини Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг ким бошқаради, деган саволга жавоб бериш жуда осон: уни бугунги кунда ким бошқараётган бўлса, ўшалар бошқаражак. Энг юқори мартабали раҳбарлар лавозимларидан четлаштирилишлари мумкин, бироқ ўрта даражадагилар ўз лавозимларида қоладилар”.

Шундай дер экан, Жералд Батт Ироқда нефт соҳасини бошқараётганлар Ироқнинг ОПЕК ташкилотидан чиқишига қаршиликларини айтади. Бағдодда янги ҳукумат ҳокимиятга келган тақдирда ҳам, у ОПЕК ташкилотининг асосчиларидан бири бўлган Ироқнинг ташкилотни тарк этмаслигини афзал кўради, дейди мутахассис.

Янги ҳукумат ОПЕК доирасида Ироқнинг улушини кўпайтиришга ҳаракат қилиши мумкин. Бу эса ташкилотнинг бошқа аъзолари улушларининг камайишини англатади. Демак, Ироқнинг ОПЕКдан чиқиш-чиқмаслиги ташкилотнинг бошқа аъзолари учун жуда муҳим.

Ташкилотга аъзо бўлмаган, бироқ жаҳон нефт бозорининг энг қудратли намоёндаларидан яна иккиси ҳам Ироқ тақдиридан хавотирда. Улар - Россия ва Франциядир. Россиялик ва франциялик нефт компаниялари Саддам Ҳусайн билан нефт контрактларини имзолаганлар. Ироққа қарши жорий этилган санкциялар бекор қилинган тақдирда, уларнинг катта-катта даромад олишлари шубҳасиз. Бироқ, Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилиб, мамлакатни бошқа одам бошқара бошласа, Россия ва Франция контрактларини ҳам, даромадни ҳам йўқотишлари мумкин.

Москва манфаатларига бу ўзгариш айниқса ёмон таъсир қилиши мумкин. Бир тарафдан, ЛукОйл нефт компанияси Саддам Ҳусайн ҳукумати билан имзоланган контрактни йўқотиши мумкин. Бошқа тарафдан, Ироқ нефтни экспорт қила бошлаганидан кейин жаҳон бозорида нефт нархларининг пасайиши муқаррар. Бу эса Москванинг Сибирдаги нефт конларини ривожлантиришга ва хорижга сотилаётган нефт ҳажмини оширишга қаратилган режаларини бузиши мумкин. Хорижий сармояларни жўғрофий жиҳатдан йироқда жойлашган Сибир нефт конларига жалб этиш учун нефтнинг жаҳон бозоридаги нархи ўртачадан баландроқ бўлиши лозим.

Бироқ, БМТ Хавфсизлик кенгашида Ироққа қарши резолюция муҳокама қилинаётган даврда Вашингтон расмийлари резолюция лойиҳасига қарши чиқаётган Россия ва Франция расмийлари билан учрашганлари маълум. Москва ва Париж вакиллари резолюцияни қўллаб-қувватладилар. Демак, Вашингтон Россия ва Франция билан маълум муросага эришган. Бу муроса Саддам ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг Ироқ нефт секторини биргаликда ривожлантириш ва даромадни тақсимлаш ҳақида бўлган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Тахминлар қилишда яна давом этиш мумкин. Бундай тахминлар ва эҳтимоллар кузатувчиларни ҳам, ҳатто сиёсатчиларни ҳам Вашингтонни танқид қилишга мажбур этаётир. Улардан бири – Британиянинг Лейбористлар партияси аъзоси Алан Симпсондир. Унинг Британия парламентида қилган чиқишида таъкидлашича, “АҚШнинг Ироққа нисбатан сиёсати ортида инсон ҳуқуқлари эмас, балки нефтни тақсимлаш ҳуқуқлари учун кураш бор”.

Британиянинг нуфузли “Файненшл Таймс” газетаси эса бундай чиқишни танқид қилиб, Ироққа қарши ҳужумлар ортидаги сабаб - нефт учун кураш, деб ҳисоблаш нотўғри, деб ёзади. “Ироққа қарши ҳужумлар нефт нархларининг осмон баробар ошишига, демак АҚШ иқтисодининг янада ёмонроқ аҳволга тушишига олиб келади. Бу эса Жорж Бушнинг 2004 йилдаги президентлик сайловларида ғолиб чиқиши учун имкониятлари қолмаганини англатади. Иқтидордаги президент Бушнинг отаси Жорж Буш 1991 йилда Форс кўрфазида уруш бошлаганида, нефт нархлари ошиб кетган ва натижада Буш президентликка қайта сайлана олмаган эди”, деб ёзади Британиянинг “Файненшл Таймс” газетаси.
XS
SM
MD
LG