Линклар

Туркманистон АҚШни танқид қилмоқда


Фарангис Саид

Давлатга қарашли “Нейтральний Туркменистан” газетасининг 8 январ кунги сонида АҚШ Давлат Департаменти матбуот котиби Филип Рикернинг Туркманистон ҳақидаги танқидий баёнотига жавобан очиқ хат босиб чиқарилди.

Рикернинг 31 декабр кунги баёнотида АҚШ “Туркманистон раҳбариятининг 25 ноябр куни Туркманистон президенти Сапармурот Ниёзов автоколоннасига қилинган ҳужумдан кейин олиб бораётган сиёсатидан жиддий хавотирда”, дейилади.

25 ноябр куни Ниёзов автомашинаси ва колоннадаги бошқа машиналар президент саройига кетаётган дамда автоматлардан ўққа тутилди. Ниёзов ҳужумни давлат тўнтарувини уюштиришга қаратилган уриниш, деб атади ва уни ташкил этганликда ўзининг сиёсий рақибларини айблади.

Рикер баёнотида АҚШ Туркманистон ҳукуматининг ҳужумни уюштирганларни аниқлаш ва қўлга туширишга ҳаққи борлигини тан олиши қайд этилар экан, расмий Вашингтон халқаро ҳуқуқ ва Туркманистон аъзо бўлган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти тамойилларининг бузилишини бефарқ кузатиб тура олмаслиги айтилади. Рикер ўз баёнотида, шунингдек, “Туркманистон ҳукумати ҳужумни уюштирганликда гумон қилинаётганлар устидан судни қонунни бузган ҳолда олиб борди”, деб таъкидлайди ва АҚШ “айбланувчилар қийноқларга солинганлари ва уларнинг ҳуқуқлари поймол қилингани” ҳақида маълумотга эгалигини билдиради.

Бу баёнотга жавоб тариқасида юборилган очиқ хат муаллифлари – давлатга қарашли 15 газета ва журнал муҳаррирлари ҳамда бир ахборот агентлиги раисидирлар. Улар Рикер баёнотини асоссиз деб, бундай “ёлғон ва уйдирма гапларга” очиқ мактуб орқали жавоб беришга қарор қилганларини айтадилар. Мактубда АҚШ ҳужумни уюштирганларни аниқлаш ва қўлга туширишда Туркманистон ҳукуматига кўмаклашмагани учун танқид қилинади. Аксинча, мактубда айтилишича, АҚШнинг Ашхободдаги элчиси ҳужумни уюштирган одам – Борис Шихмуродов билан алоқада бўлган.

Эслатиб ўтаман, Туркманистон собиқ бош вазири ва собиқ ташқи ишлар вазири Борис Шихмуродов 2001 йил октябр ойида ўзининг Туркманистон президентига мухолифлигини расман эълон қилган ва ўшандан бери Москвада яшаб келган. 25 ноябр куни президент автоколоннасига ҳужум қилинганидан бир неча соат ўтиб, Ниёзов ҳужумни уюштирганликда айнан Шихмуродов ва мухолифатнинг бошқа лидерларини айблаган эди. Шихмуродов декабр охирида Туркманистон хавфсизлик хизмати ходимларига таслим бўлишга қарор қилди. 30 декабр куни телевидение орқали унинг айбларига иқрор бўлгани намойиш қилинди ва у суд ҳукми билан умрбод озодликдан маҳрум этилди. Телевидение орқали, шунингдек, унга ўлим жазосини белгилашни талаб қилган тарафлар ҳам борлиги намойиш қилинди. Бироқ, Сапармурот Ниёзов унга олий жазо белгиламасликни таклиф қилди ва телевидениеда қилган чиқишида мана бундай деди:

“Ўлим сўзини олиб ташлайлик. Ҳаётни одамга Аллоҳ беради ва Аллоҳ уни олади. Келинг, Олий суд ҳукми билан айбланувчини умрбод озодликдан маҳрум этайлик. 25 йил ўрнига умрбод озодликдан маҳрум этишни белгилайлик”.

“Нейтральний Туркменистан” газетасидаги очиқ хатда АҚШнинг Ашхободдаги элчиси Шихмуродов билан 3 марта телефон орқали суҳбатлашгани ва унга маслаҳат бергани таъкидланади.

Мактуб муаллифлари Рикернинг “Туркманистонда одамлар оммавий тарзда ҳибсга олинди”, деганини танқид қилиб, аслида ҳужумни уюштирганлар, деб гумон қилинаётганлар 33та экани, улар орасида 11 хорижлик, шу жумладан Россия, АҚШ ва Туркия фуқаролари борлигини таъкидлайдилар. Инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилотлари ҳам расмий Ашхобод давлат тўнтарувини уюштирганлик айбини қўйган ҳолда мухолифат вакилларини йўқ қилишга киришган, деб фикр билдиряптилар. Ҳибсга олинганларнинг ўз айбларига иқрор бўлишларининг телевидение орқали намойиш қилиниши инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва хорижий ҳукуматлар танқидига учради. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг таъкидлашича, бу 30-йилларда Сталин даврида қўлланилган услублар натижасида олинган иқрорларни эслатади.

АҚШ Давлат департаменти вакили Филип Рикер Туркманистон ҳукуматини халқаро ҳуқуқ тамойилларига ва имзоланган шартномаларга риоя қилишга ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ходимларига Туркманистонга бориб, тергов ишида қатнашишга рухсат беришга чақирди. Бироқ, бош қароргоҳи Венада жойлашган Инсон ҳуқуқлари Хелсинки халқаро федерацияси ижроия директори Аарон Роудснинг фикрича, бундай даъватлар фойдасиз.

“Туркманистон ҳукуматига жиддий босим кўрсатиш лозим. Босим самарали бўлиши учун Туркманистон табиий бойликларини ривожлантириш билан шуғулланаётган халқаро корпорациялар ва хорижий тадбиркорларни ҳам ишга солиш керак", - деб фикр билдиради Роудс.

Марказий Осиё бўйича мутахассис Бесс Браун эса “Туркманистонга босим кўрсатиш жуда қийин, чунки Туркманбоши ўзидан бошқа ҳеч кимни тан олмайди”, деб ҳисоблайди.

“У ўзини жаҳон иродасига боғлиқ, деб ҳисобламайди. Унга таъсир кўрсатиш имкониятлари деярли йўқ ёки жуда кам”, - дейди Бесс Браун Туркманистон президенти ҳақида.

Шу ўринда Туркманистон газеталари ва журналлари муҳаррирлари томонидан АҚШ Давлат департаментига жавобан ёзилган очиқ мактубдан мақсад нима, деган савол туғилиши мумкин. Мутахассисларнинг фикрича, шу йўл билан Туркманистон ҳукумати “жаҳон ҳамжамиятининг босимига қарамай, тўғри йўлдан қайтмаслиги ва ҳужум юзасидан тергов ишини олиб боришда давом этиш” ниятида эканини намойиш қилмоқчи. Мактуб орқали ҳукумат, шунингдек, Туркманистон халқаро ҳамжамият томонидан асоссиз танқидга учраётганини намойиш қилишга интилаётган бўлиши ҳам мумкин. Чунки Туркманистон ҳукумати жаҳон ҳамжамиятини азалдан айнан шунда айблаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG