Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 21:00

Шимолий Корея


Фарангис Саид

Шимолий Корея телевидениеси 10 январ куни ҳукумат қарорини эълон қилди:

“Биз ядровий қуролни кўпайтирмаслик ҳақидаги битимдан шу заҳотиёқ чиқишимизни эълон қиламиз. Бизнинг битимдаги иштирокимиз кераклича давом этди”.

Давлатга қарашли ахборот агентлиги эса “коммунистик мамлакат Атом энергияси бўйича халқаро агентлик билан тузилган битимдан ҳалос бўлди”, деб ёзди.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик – БМТ тузилмаси бўлиб, у 1970 йилда имзоланган битимнинг бажарилишини кузатиб боради. Битимни имзолаган мамлакатлар сони 180дан ортиқ бўлиб, 90 кундан кейин бу рақам биттага камайиши, ундан Шимолий Корея чиқиши керак. Битимнинг шартлари шундай. Бироқ, Шимолий Корея ҳукумати битимга риоя қилмаслиги ва ундан чиқишни 90 кунга чўзмаслигини маълум қилди. Кузатувчилар эса 1993 йил мартда бўлиб ўтган ҳодисани эсладилар. Ўшанда Пхеньян ҳукумати айни баёнот қилган, яъни битимдан чиқажагини эълон қилган, лекин 90 кундан сўнг битимдан расман чиққанини эълон қилишни “унутган” эди. Бу сафар ҳам айни шундай “ўйин” олиб борилмаяптимикан? Шимолий Корея ҳукумати ўз қарорини эълон қилгач, унинг Хитойдаги элчиси ҳукумат номидан гапириб, “расмий Пхеньян қарорини ўзгартириши мумкин”, деди ва бунинг шарти сифатида АҚШ ва унинг ҳамкорларидан Шимолий Кореяга нефт беришни талаб қилди. Шу ерда эслатиб ўтиш жоизки, 2002 йил октябр ойида Пхеньян ядровий дастурга эгалигини эълон қилганидан сўнг унинг соҳилларига йўл олган нефт танкерлари орқага қайтарилган ва бошқа танкерлар юборилмаган эди.

Жума кунги қарорига тушунтириш берар экан, Шимолий Корея битимдан чиқса-да, ядровий қурол ишлаб чиқариш ниятида эмаслигини таъкидлади. “Мамлакатдаги ядровий заводларда эса фақат электр энергияси ишлаб чиқарилади”, дейишди Пхеньян расмийлари.

Шимолий Корея ҳукуматининг жума кунги қарори жаҳон ҳамжамияти диққат марказида бўлиб, унга турли муносабат билдирилмоқда. Баъзилар бундан дарров хавотирга тушган бўлсалар, бошқалар “дунёда ядровий қуролга эга бўлган, бироқ битимни имзоламаган бошқа давлатлар ҳам бор-ку”, деб мисол сифатида Исроил, Покистон ва Ҳиндистонни келтирмоқдалар.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Александр Яковенко Пхеньян қарори Москвада чуқур ташвишга сабаб бўлганини айтди.

“Бу қадам Корея яримороли атрофидаги шундоқ ҳам кескин вазиятни янада кескинлаштириб юбориши мумкин”, - деди Москва расмийси.

Шимолий Корея битимни 1985 йилда имзолаган ва шу билан БМТ, хусусан Атом энергияси бўйича халқаро агентлик вакилларига мамлакатдаги ядровий дастурни текширишга рухсат берган. Битимдан чиқиш эса агентлик вакилларининг бундай ҳуқуқдан маҳрум этилганларини англатади. Эндиликда агентлик БМТ Хавфсизлик кенгашига мурожаат қилиб, Шимолий Кореяни инспекторларга мамлакатга бориб ишлашига рухсат беришга мажбурлашни сўраши мумкин.

Шимолий Корея қарори жаҳон ҳамжамияти учун кутилмаган қарор бўлди. Чунки баъзи мамлакатлар, хусусан Жанубий Корея АҚШ ва бошқа давлатларни Шимолий Корея билан музокаралар бошлашга даъват этиб, муаммони ҳарбий эмас, тинч йўл билан ҳал этиш мумкинлигини таъкидлаётган эди. Узоқ вақтдан бери бунга қаршилик кўрсатиб келаётган АҚШ ҳукумати Пхеньян билан бевосита музокараларни бошлашга деярли рози бўлганди. Пхеньян қарори Жанубий Кореяни ноқулай аҳволга туширди, АҚШ президенти Жорж Бушни эса ғазаблантирган бўлиши мумкин.

Япония ҳукумати раҳбари Ясуо Фукуда Шимолий Корея қарори юзасидан афсусланиш билдирди ва Пхеньянни битимдан чиқиш ҳақдаги қароридан қайтишга даъват этди.

Шимолий Корея бўйича мутахассислар эса жума кунги қарор Пхеньян ташқи сиёсати учун одатий тактика, дейишмоқда. Уларнинг фикрига кўра, одата Пхеньян жаҳон ҳамжамияти эътиборини, хусусан музокаралар бўйича потенциал шериклари диққатини ўзига тортади, уларни ғазаблантиради, музокаралар учун йўл қолмади, деган фикрга келтиради, сўнг музокаралар бошлашга чақиради. Шериклар бунга дарров розилик берадилар. Музокаралар давом этаётган даврда ҳам Пхеньян уларнинг жиғига тегувчи баёнотлар қилади ва музокараларни ҳар дамда тўхтатишга тайёрлигини кўрсатади. Бу эса шерикларни Пхеньян шартларига рози бўлишга мажбур қилади. Бу тактика мақсади, дейишмоқда мутахассислар, жаҳон ҳамжамиятидан иқтисодий ёрдам олишдир. Шимолий Кореянинг аҳолиси очликдан ўлаётгани, ҳукуматнинг эса уларга ёрдам беришга ожизлиги ҳаммага маълум.

Бошқа мутахассислар бу тактиканинг яна бир – муҳимроқ мақсади бор, дейишмоқда. Битимдан чиққан Шимолий Корея кимёвий, биологик ва оддий турдаги қуролларга тўла омборхонларига ядровий қуролни ҳам қўшмоқчи ва шу билан ядровий давлат мақомига эришмоқчи. Ҳукуматнинг фикрича, бу Шимолий Кореянинг чокларидан сўкила бошлаган “хавфсизлик” номли кўйлагини батамом йиртилишдан сақлаб қолишга ёрдам беради.
XS
SM
MD
LG