Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:30

Саддам Ҳусайндан кейинги Ироқ келажаги.


Акрам Файзулло

Маълумотларга қараганда, АҚШ президенти Жорж Буш маъмурияти урушдан кейинги Ироқ келажаги режаси устида ишламоқда. Ушбу режада эса, Ғарб ҳарбий кучлари Ироқни 18 ойгача ишғол этиб туриши ва Ироқ нефтидан олинадиган даромадни мамлакатни қайта қуриш ишларига сарфлаш назарда тутилади.

Таҳлилчиларнинг қайд этишларича, бундай режа Қўшма Штатлар қаршисида қатор муаммоларни яратади ва президент Буш Ироқ масаласига ниҳоятда эҳтиëткорлик билан ëндошиши керак.

Вашингтондаги Като тадқиқот маркази таҳлилчиси Гален Карпентернинг фикрича, президент Буш худди Афғонистон сингари Ироқни ҳам ишғол этиш муваффақиятли бўлади, дея ўйлаб хато қилаëтган кўринади.

“Ироқни ишғол этиш муваффақиятли бўлишига ишонишим қийин. Биринчидан, Афғонистонга қараганда Ироқда америкаликларга қарши янада кучли қаршилик кўрсатилиши мумкин. Бундан ташқари, вазиятни барқарорлаштириш учун Афғонистонда бўлган ҳудудий бошқарув структураси Ироқда мавжуд эмас”, деди Гален Карпентер.

Таҳлилчига кўра, Афғонистондаги барча мустақил қўмондонлар Американи ўзига дўст, деб ҳисобламаслиги мумкин, аммо улар ҳеч бўлмаса ўз худудларида осойишталикни сақламоқдалар.

Аммо агар Қўшма Штатлар халқаро ҳарбий кучларга етакчилик қилиб, Ироққа бостириб кирса, дейди Карпентер, унда Саддам Ҳусайн тезда ҳокимиятдан четлаштирилиши ва сўнгра мазкур халқаро кучлар дарҳол Ироқни тарк этиши керак.

Вашингтондаги бошқа бир таҳлилчи Жеймс Линдсэ бу фикрга қўшилмади. Унга кўра, Қўшма Штатлар шунчаки Саддам Ҳусайнни ҳокимиятдан четлаштириш билан чекланиб қолмаслиги керак.

“Биз Ироққа бостириб кириб, режимни ҳокимиятдан ағдаргандан кейин мамлакатдан юз ўгиролмаслигимиз, бор ҳақиқатдир. Американинг Ироқда демократик ташкилотлар ташкил қилиш учун ëрдам беришдан бошқа чораси йўқ”, деди Жеймс Линдсэ.

Қўшма Штатлар Ироқ нефтидан олинадиган даромадни мамлакатни қайта қуриш ишларига сарфлашни истайди ва бу Буш қаршисида турган яна бир муаммо саналади.

Аллақачон танқидчилар Бушни “у аслида Саддам Ҳусайн таҳдид бўлгани учун эмас, балки Ироқ нефтини назорат қилиш учун мамлакатга ҳужум қилишни истаяпти”, дея айбламоқдалар. Маълумки, Ироқ Саудия Арабистондан кейин нефт заҳиралари бўйича жаҳонда иккинчи ўринда туради.

Таҳлилчи Гален Карпентерга кўра, Бушнинг асосий мақсади нефт эмас, лекин бошқа кўплаб кишилар бунга ишонмайдилар.

“Биз бу масалага қандай қарашимиздан қатъий-назар ва ҳатто Қўшма Штатларнинг ҳақиқий мақсади Ироқни демократик давлатга айлантириш бўлса ҳам, барибир, мусулмон дунëси Америка Яқин Шарқда нефтга бой бўлган давлатни назорат қилишни ҳоҳлайди, деб ўйлайди”, деди Карпентер.

Аммо таҳлилчи Жеймс Линдсэга кўра, бундай шубҳаланишларнинг олдини олиш учун президент Буш Ироқда демократик тизим яратиш устида жиддий ишлаши керак. Агар келаси бир неча ўн йил давомида ироқликлар ўз ҳукуматини назорат қилса, дейди у, Саддам Ҳусайнни ҳокимиятдан четлаштириш учун қилинган уруш, адолатли уруш сифатида кўрилади.

“Менимча, агар Қўшма Штатлар халқаро ҳарбий кучларга етакчилик қилиб Ироққа бостириб кирса, бунинг муваффақияти Қўшма Штатларнинг Ироқда демократик тизим яратиш ëки бошқача қилиб айтганда, оддий ироқликларнинг турмуш даражасини яхшилаш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлай олиш-олмаслигига боғлиқдир”, деди Жеймс Линдсэ.

Таҳлилчи кўра, Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан четлаштирилганидан 6 ëки 16 йилдан ўтгандан сўнг, Ироқда “аъло даражали” демократик тизим яратилади, деб ҳеч ким кафолат беролмайди. Ўз-ўзини бошқариш учун зарур бўлган ташкилотларни ташкил этиш ўн йиллаб вақтни ва сабр-тоқатли бўлишни талаб қилади.
XS
SM
MD
LG