Линклар

logo-print

АҚШ дипломатлари Шимолий Кореянинг ядровий дастури билан боғлиқ муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилмоқдалар.

  • Сарвар Усмон

АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси Жеймс Келли якшанба куни Жанубий Корея пойтахти Сеулга сафар қилиб, бу ерда мамлакатнинг олий даражали расмийлари билан сўзлашувлар бошлади. Музокаралар мавзуи Корея халқ демократик республикасининг ядровий дастурига боғлиқ кейинги кунларда юзага келган вазиятдир.

Гап шундаки, Шимолий Корея раҳбарияти ўзининг ядровий дастури бўйича тўхтатиб қўйилган ишларини қайта тиклашини, "Ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисида"ги халқаро шартномадан чиққанлигини ўтган ҳафтада маълум қилган эди. Бу баёнотдан сўнг дипломатлар даражасида бошланган мулоқотлар масалага анчайин ойдинлик кирита бошлади. Якшанба куни Нью-Мексико штати губернатори Билл Ричардсон Шимолий Корея дипломатлари билан учрашди. Ричардсонга кўра, Шимолий Корея, ўзбекча айтганда, "қанчалик катта кетмасин", ядровий қуроллик бўлиб олмоқчи эмас, Пхеньян дунё ҳамжамияти билан зиддиятни сақлаб турмоқчи эмас.

Шимолий Корея масаласини Япония бош вазири Зюинтиро Коизуми ҳам Россияга қилган сафари давомида муҳокама қилди. "Шимолий Кореяни яккалаб қўйишнинг оқибати минтақа ҳамда бутун дунё учун салбий бўлади". Бу Япония бош вазирининг якшанба куни Хабаровск шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида айтган сўзлари. Коизумига кўра, Пхеньяннинг ядровий дастури билан боғлиқ вазиятни тинч йўл билан изга солиш - Шимолий Корея манфаатларига ётадиган ишдир.

АҚШ давлат котибининг Сеулда сўзлашувлар ўтказаётган ёрдамчиси Жеймс Келли АҚШ Шимолий Кореянинг ёнилғи тақчиллиги билан боғлиқ муаммосини ҳал қилишга ёрдам кўрсатиш масаласини кўриб чиқиши мумкинлиги тўғрисида баёнот берди. Фақат, деди у, бунинг учун Пхеньян ядровий қурол яратиш бўйича фаолиятни тўхтатиши лозим.

"Албатта, биз ядровий қуролларни йўқ қилиш масаласида Шимолий Кореянинг халқаро ҳамжамият олдида жавоб беришини истаймиз. Биз масалани ҳал қилишнинг энг қулай воситаларини излаб топишга ҳаракат қиламиз", - деди Жеймс Келли.

Келлига кўра, Вашингтон Пхеньян билан унинг ядровий дастури юзасидан сўзлашувлар олиб бориш ниятида. Ва мазкур масалага боғлиқ барча муаммолар ҳал қилиб бўлиниши биланоқ, Шимолий Кореянинг ёнилғи тақчиллигига доир масалаларни муҳокама қилишни бошлаш мумкин.

Баъзи халқаро кузатувчилар бошланган ҳафтада АҚШ ва Шимолий Корея муносабатларида бурилиш ясалиши мумкинлигини таъкидламоқдалар. Пхеньян ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномадан чиққанлигини эълон қилганидан сўнг, Вашингтон Пхеньянга таъсир ўтказиш учун барча дипломатик воситаларни ишга солишга киришди. Жеймс Келли Сеулдан сўнг Токио ва Пекинга боради. Келлининг ортидан Сеул, Токио ва Пекинга Вашингтоннинг яна бир вакили - Жон Болтон боради. АҚШ давлат котибининг ядровий технологиялар ҳамда хавфсизлик масалалари бўйича муовини Жон Болтон, ишончли манбалардан олинган маълумотларга кўра, Марказий разведка бошқамаси Оқ Уйга тақдим этган бир маҳфий информацияни ўзининг осиёлик ҳамкасблари билан муҳокама қилади. Шу пайтгача БМТ Шимолий Кореянинг Енбен шаҳрида битта ядровий реактори борлигини билар эди. Марказий разведка бошқармасининг Оқ Уйга берган маҳфий информациясига кўра, Пхеньяннинг яна бир маҳфий ядровий маркази мавжуддир. Кузатувчилар, Вашингтоннинг ўзи бу объектга киришга имконсиздир, шунинг учун бу юмушда Сеулнинг кўмагига умид қилаяпти, демоқдалар.

Бироқ, шуниси ҳам борки, АҚШ билан Шимолий Корея ўртасидаги можарони қилиш учун Сеулнинг кўнгилдагидек воситачи эканлигига на Вашингтон ва на Пхеньян чин дилдан ишонади. Чунки бир томондан кейинги пайтларда Жанубий Кореяда Америкага қарши кайфиятлар кучайиб бораётган бўлса, иккинчи томондан, Шимолий Корея ядровий масалаларни ҳал қилишда Сеулнинг воситачилик қилишини ҳоҳламаяпти. Воситачисиз эса Вашингтон билан Пхеньяннинг гаплашиб олиши амри маҳолдир.

Америкалик дипломатларга кўра, Шимолий Корея ядровий дастури бўйича фаолиятини тўхтатиш эвазига АҚШдан кўпроқ нарса ундириб олишга ҳаракат қилмоқда. Осиёда музокаралар олиб бораётган АҚШ дипломатлари Жанубий Корея, Япония ҳамда Хитой билан Пхеньяннинг кўнглини юмшатиши мумкин бўлган чора-тадбирлар ҳақида келишиб олишга ҳаракат қиладилар. Бусиз, афтидан, Корея ярим оролидаги кескинликни камайтириш анча қийин кечадиганга ўхшайди.
XS
SM
MD
LG