Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:54

Муҳожирларни Россиядан чиқариш Марказий Осиё республикаларига босим ўтказиш воситасидир.


Ҳабибулло Ботиров

Расмий маълумотларга кўра Россияда Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларининг миллионлаб аҳолиси ғайриқонуний равишда меҳнат қилмоқда.Тожикистон расмийларига кўра 300 мингдан 500 минггача, Россия маълумотларига қараганда 800 минг, норасмий ташкилотлар ҳисоб-китобича бир миллиондан зиёдроқ тожикистонликлар Россиянинг турли вилотларида ғайриқонуний равишда яшаб, мардикорлик қилмоқда. Лекин кейинги вақтда Россияда муҳожирлар тўғрисида қабул қилинган қонун ўз мамлакатида иш топа олмаган юз минглаб аҳолини келажак тўғрисида ўйлашга мажбур этмоқда. Ўтган йил охирларида тожик мардикорларнинг Москва вилоятидан намойишкорона ҳайдалиши ва Россия оммавий ахборот воситаларида бунинг ҳаддан ташқари бўрттириб ёритилиши стратегик шериклар ҳисобланган Россия билан Тожикистон ўртасидаги муносабатларга бироз бўлсада соя ташлаб қўйди.

Кўплаб кузатувчилар фикрича,Мустақил Давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари доирасида меҳнат миграцияси муаммоларига стратегик ёндошувнинг йўқлиги минтақавий можароларни авж олдириши мумкин.Маълумки, Кавказ ва Марказий Осиё республикаларининг тўрт миллиондан зиёдроқ аҳолиси Россияда ғайриқонуний равишда меҳнат қилмоқда. Шулардан 800 мингга яқини тожиклардир.Муҳожирлар Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан таъқибга учрамоқда ва энг яхши ҳолатда полициянинг мўмай пул ишлаш манбаига айланиб қолмоқдалар.

Россияда миграция тўғрисида янги қонун кучга кирган 2002 йил ноябр ойида Москва вилояти губернатори генерал Громов ташаббуси билан Россия ҳуқуқ-тартибот органлари тожикларни мамлакатдан чиқара бошлади. 200 дан зиёд тожиклар намойишкорона Москвадан ҳарбий самолётларда Тожикистонга келтириб ташланди.

Тожикистонлик муҳожирлар ўзларининг Россиядан қувилишини ғайриқонуний амал деб ҳисоблайдилар.Улардан бири “ Озодлик” радиосига: “Аввалига Москвада паспортларимизни тортиб олишди. Сўнгра ички ишлар бўлимига ҳайдаб келишди.Бу ерда гўё биз ўз хоҳишимиз билан Душанбега қайтиб кетаётганимиз битилган баъзи ҳужжатларни тўлдиришиб, қўлимизга суд қарорини тутқаздилар. Аммо бирор кишининг Тожикистонга ихтиёрий қайтиш хоҳиши йўқ эди”, дейди.

Москва вилоятидаги тожиклар жамиятининг раиси Караматулло Шариповнинг айтишича, бунда тожик мухожирларининг айби ҳам йўқ эмас.У шундай дейди: “Чиндан ҳам айрим тожик муҳожирларнинг яшаш ва ишлаш учун расмий ижозати йўқ. Бошқа мамлакатлар, жумладан озарбойжонлик муҳожирлар ғайриқонуний йўллар билан бўлсада ана шундай ижозатни олганлар. Тожиклар эса, рус милициячиларини порага ўргатиб қўйганлар, озарийлар бўлса пора бермайдилар ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила оладилар”.

Россиянинг тожикларга нисбатан намойишкорона муносабатига расмий Тожикистон, жумладан президент Имомали Раҳмонов эътироз билдирди ва у Россиянинг Тожикистондаги элчиси Максим Пешковни ҳузурига чақириб, бундай ҳолат икки дўст мамлакат ўртасидаги яхши муносабатларга мувофиқ келмаслигини билдирди.Аммо элчи Пешков,”тожиклар Москвада қандай ишлаётган бўлсалар, шундай ишлайверишлари мумкинлигини, аммо барча ишлар қонун асосида бўлиши зарурлигини” таъкидлади.

Шуни ҳам айтиш керакки, тожикларнинг Россиядан ҳайдалиши давом этса,бу ҳолат аксарият меҳнатга яроқли аҳолиси фақат шу мамлакатда ишлаб тирикчилик ўтказаётган Тожикистонда ижтимоий ларзалар юзага келиши ва Раҳмонов ҳокимиятининг жамиятни бошқариши савол остида қолиши мумкин. Чунки, айрим кузатувчилар, жумладан, иқтисодчи олим Умаровнинг айтишича, тожик муҳожирлар ҳар йили мамлакатга 900 миллион доллардан бир миллиард долларгача даромад келтирадилар. Банклар орқали эса Тожикистонга мардикорлардан йилига 400 миллион доллар пул келмоқда.. Бу пул давлат бюджети 200 миллион доллар атрофида бўлган мамлакат учун жуда катта маблағ ҳисобланади.Тожикистон халқининг ишсизлик ва камбағаллик туфайли ҳукуматга ҳозирча ҳеч қандай ошкора эътироз билдирмаётгани сабабларидан бири ҳам айни Россиядаги мардикорлик орқали топилган даромаддир.

Россияда фақат тожик нолегал муҳожирлар таъқиб қилинаётгани йўқ, албатта. Тожиклар депортация этилган ўтган йил ноябр ойида Озарбойжон республикасидан борган муҳожирлар ҳам ватанларига қайтариб юборилган. Озарбойжон “Бирлик дунёси” агентлигининг 2 январдаги хабарига кўра, Россияда миграция тўғрисидаги қонун кучга киргандан сўнг , ўтган йил ноябрида 65 озарий Москва вилоятидан чиқариб юборилган. Шу агентлик маълумотига қараганда, депортация қилинаётганлар сони тобора кўпайиб бормоқда.

Марказий Осиё мамлакатлари бир-бири ичидаги ғайриқонуний муҳожират ҳам авж олмоқда. Радиомиз эшиттиришларини доимий тинглаб борган шинавандаларимиз Қозоқистон ва Қирғизистонга бориб ишлашга мажбур бўлаётган ўзбекистонликлар арзи ҳоли билан танишлар албатта. Маълумотларга кўра, 2002 йилда Ўзбекистон ва Туркманистондан шимолий Қозоқистонга бориб ишлаганлар сони 48 мингдан зиёд экан. Аммо кейинги пайтларда бу мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда чегараларни ёпиш туфайли юзага келган совуқчилик миграция масаласида ҳам намоён бўлмоқда.Қозоқистон маъмурлари мамлакатга мигрантлар оқимини тўхтатиш мақсадида мавжуд қонунларга ўзгартишлар киритдилар.Шунга кўра иш берувчиларнинг қайддан ўтмаган ходимларни ишга олганлари учун масъулияти оширилди.

Россия ҳукуматининг иқтисодий ислоҳотлар оқсаётган ва ишсизлик даражаси юқори бўлиб қолаётган камбағал Марказий Осиё мамлакатлари муҳожирларига нисбатан кескин чоралар қўллаётганини кузатувчилар, бу республикаларнинг, хусусан Тожикистоннинг 11 сентябр ҳодисаларидан кейин АҚШга юз бургани билан изоҳламоқдалар.

Москва Тожикистонга босим ўтказиш воситаларидан бири сифатида ғайриқонуний муҳожирларни депортация қилишни қўллади. Бунга жавобан Тожикистон Президенти бир неча бор унинг давлати мустақил сиёсат олиб бора олиши мумкинлигини таъкидлади. Францияга ва АҚШга ташрифлари пайтида Ғарб билан янада фаолроқ алоқалар ўрнатишини билдирди. Боз устига Россиянинг тожикларни депортация қилишига жавобан расмий Душанбе бу мамлакатга Тожикистондан борувчи поездлар чипта нархини 16 фойизга арзонлаштирди. Бу арзонлаштириш иложсиз тожикларнинг Россияга мардикорликка қатновини осонлаштиради.Лекин шу билан бирга Москва эътирозига сабаб бўлади.

Кейинги пайтларда Тожикистон оммавий ахборот воситаларида Россия ва унинг президенти Владимир Путинни танқид этувчи чиқишлар тобора кўпроқ пайдо бўлмоқда. Шундай чиқишларнинг бирида Россиянинг тожикларни депортация этиши Тожикистонда ишсизлар сонини янада кўпайтириши ва натижада экстремизм, террорчилик ва наркобизнесни авж олдириш учун имконият яратиши мумкинлиги,бунинг Россияга ҳам салбий таъсири бўлмай қолмаслиги билан президент Путин огоҳлантирилади.

Кузатувчилар фикрича, Марказий Осиё республикалари раҳбариятлари ўртасидаги ўзаро ишончсизликка асосланган сиёсат ҳам айни террорчилик ва экстремизм учун бир манба бўлиб қолмоқда.Марказий Осиё ҳамкорлиги доирасидаги давлатлар раҳбарлари ўзаро учрашувларидан кейин ҳар гал журналистлар орқали халқларга катта-катта ваъдалар берадилар.”Сабр қилинглар, ҳаммаси яхши бўлади. Мамлакатларимиз ўртасидаги интеграциялашув жараёни тез вақт ичида ишлай бошлайди” қабилидаги сўзларни эшитавериб шусиз ҳам камбағаллик, адолатсизликдан қийналган ва келажакка ишончдан айрилган халқларнинг тинкаси қуриб бормоқда. Тожик-қирғиз,туркман-ўзбек, тожик-ўзбек чегара олди аҳолисининг кейинги вақтлардаги чиқишлари, бир-бирларига эътирозлари ҳукуматларнинг ички ва ташқи сиёсатида, хусусан миграция соҳасидаги сиёсатларида уйғунлик йўқлигини кўрсатиб турибди. Кузатувчилар фикрича, Марказий осиё республикалари раҳбарларининг ўзаро келишмовчиликларидан Россия усталик билан фойдаланиб, бу мамлакатлардан борган муҳожирларни бундан кейин истаганича камситиши, ҳақоратлаши мумкин. Бу ҳам босим ўтказишнинг бир йўли ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG