Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:29

Журналист Аркадий Дубновга Туркменистон жиноий иш очган. Нима учун?


Ҳабибулло Ботиров

Туркманистон махсус хизмат ходимлари Аркадий Дубнов Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатларда пайдо бўлиб қолгудай бўлса уни ҳибга олиш ва Туркманистонга келтириш тўғрисида кўрсатма олдилар, дейилади Марказий Осиё ахборот агентлиги хабарида. Туркманистон маъмурлари Россияга Дубновни ўзларига топшириш тўғрисида мурожаат қилмоқчи эканликлари ҳам айтилади. Туркманистон ҳуқуқ-тартибот органлари таниқли рус журналистининг туркманбоши ҳаётига суиқасд уюштиришда айбланган ва бу террор ташкилотчиси Борис Шихмуродов ва бошқа мухолифчиларга ёрдам берганлиги, амалиётни бажариш учун одамлар ёллаганлиги тўғрисида гапирмоқдалар.

Россияда бунга қандай қарамоқдалар? Ҳозирча, Дубнов тўғрисида фақат оммавий ахборот воситалари гапирмоқдалар. Расмий бирор баёнот берилган эмас. Аммо шуниси аниқки, ҳибсга олиниб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Россия фуқароси Шихмуродов борасида ҳам расмийлар бирор муносабат билдирмади. Фақат янги йил нишонланаётган кунлар Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби Владимир Рушайло Ашхободга келиб, буюк сардор билан икки томонлама ҳамкорлик ва минтақавий хавфсизлик, жумладан туркманбошига суиқасд хусусидаги масалаларни муҳокама қилиб кетди. Ўшанда Рушайло:
“Россия бу масала хусусида ўз позициясини билдириб келган ва ҳозир ҳам шуни таъкидламоқчиманки, биз суиқасдни террорчилик амалиёти деб биламиз ва ҳуқуқ-тартибот ҳамда махсус хизмат органлари йўли билан ҳамкорлигимизни таклиф этишга тайёрмиз” деган эди. Кузатувчилар бу сўзлар ортида нима борлигини билиб бўлмаслиги тўғрисида гапирмоқдалар. Чунки Россия расмийларининг Туркманистондаги вазиятга нисбатан муносабати бундан зиёд баён этилган эмас. АҚШ Давлат департаменти эса Туркманистон “маъмурларнинг ҳаракатларидан чуқур ташвишланаётганини” билдириб қўйди. Вашингтон Туркманистоннинг суиқасд иштирокчиларини қидириб топиш ҳуқуқини эътироф этгани ҳолда, ҳарқалай, халқаро тажрибалар доирасидан ва республика аъзоси ҳисобланган ОБСЕ андазаларидан чиқмаслиги кераклигини” эслатиб қўйди.

Шуни ҳам айтиш керакки, Россия журналисти Дубновга нисбатан жиноий иш декабр ойида, ҳали Рушайло Ашхободга келмай очилган эди. Демак, Ниёзов билан Рушайло ўртасида Дубнов масаласи кўтарилмаган бўлиши мумкин эмас. Зеро туркманбоши аввалги ўз чиқишларида бир неча бор Дубнов номини Туркманистон душманлари қаторида келтирган эди.

Нима учун таниқли журналист Туркманистон душманлари қаторида қора рўйхатга кириб қолди?

Аркадий Дубновнинг айтишича, унга нисбатан жиноий иш Борис Шихмуродовнинг қийноқлар остида Туркманистон маъмурлари истаган қўштирноқ ичидаги “кўрсатмалари” асосида очилган бўлиши мумкин.Чунки, “Шихмуродов Ташқи ишлар вазирлиги пайтида 1994 йил ундан интервью олиб эҳтиётсизлик қилиб қўйган эканман”, дейди журналист Дубнов.

Туркманистон маъмурлари,жумладан Бош прокурор Отажонова Дубновни Туркманистон, шунингдек ўтган йил 25 ноябрда Ниёзовга уюштирилган суиқасд, бу террорда Шихмуродовнинг иштирок этмаганлиги тўғрисида ёлғон ахборотлар тарқатганликда ва бунинг учун Шихмуродовдан 30 минг доллар пул олганликда айбламоқдалар.

Аркадий Дубнов “Озод Европа –Озодлик радиоси”га берган интервьюсида ўзининг ёлғон ахборотлар тарқатганини рад этади.

“ Мен ҳеч қандай ёлғон ахборот тарқатмаганман. Мен ахборот тарқатувчи агентлик эмас, шарҳловчиман. Лекин шуни айта оламанки, 25 ноябрда ҳам ва ҳозир ҳам суиқасд деб аталмиш можаро Ниёзовнинг муқаддас пайғамбар эканлигига халақит берувчи кишиларни йўқ қилиш мақсадида вақтида уюштирилган ғаламислик ҳақиқатлигига ишонаман ”, дейди у.

Туркманистон телевидениеси орқали Борис Шихмуродовнинг ҳазин овозда гўё Аркадий Дубновга 30 минг доллар берганлиги тўғрисидаги кўрсатмаси намойиш этилди. Кузатувчилар Шихмуродовнинг видеотасмага туширилган бу кўрсатмаларни қандайдир таъсир остида берганлигини айтишмоқда. Лекин, ҳарқалай, прокурор Қурбонбиби Отажоновада Сизнинг 30 минг доллар олганлигингиз тўғрисида қандай далиллар бўлиши мумкин, деган саволга Дубнов шундай жавоб берди:

“Бош прокурорда ҳеч қандай далил бўлиши мумкин эмас.Чунки мен ҳеч қандай пул олганим йўқ. Бу шунчаки, Ниёзовнинг башорати. Ниёзов Шихмуродовга ўттиз минг берганман дегин, деб айтган бўлса, шу рақам айтилган. Бу айбловлар ҳамма нарса пулга қилинадиган туркманбоши салтанатидаги валдирашдир.Ниёзов ўзига нисбатан ҳамду санолар пулга айтилаётган эканми, демак унинг ҳақидаги ҳар бир салбий мақола ҳам пулга ёзилади, деб ўйлайди.Бу шахснинг мантиғи ўзи шундай”.

Аркадий Дубнов ўзига нисбатан Туркманистонда жиноий иш очилгани тўғрисидаги хабарларни тасдиқлади ва “Озодлик” радиосига шундай деди:
“Бу иш суиқасд деб аталмиш можародан кейиноқ қандайдир кўрсатмалар асосида очилган.Бу ҳам Туркманистон махсус хизматлари мантиғидан келиб чиқадиган ҳодисадир”.

Пировардида шуни айтиш керакки, Аркадий Дубнов Россиянинг “Время новостей” газетаси шарҳловчиси, таҳлилчи журналист. Туркманистон ва Марказий Осиё бошқа давлатлари тўғрисида анчадан бери мақолалар ёзиб келмоқда.Эслатиб ўтамиз, бундан бир ярим йил аввал Аркадий Дубнов Афғонистондаги Шимолий Иттифоқ қўмондони Аҳмадшоҳ Маъсудга уюштирилган суиқасдда иштирок этганликда айбланишига ҳам сал қолган эди. Ўшанда Дубнов Маъсуднинг бўлажак қотиллари билан Афғонистоннинг Хўжа Баҳоваддин шаҳридаги ҳужрада бир неча кун бирга яшаган эди.

Мақоламизга нуқта қўйганимизда Дубнов иши билан боғлиқ яна бир маълумот келиб қолди. Россия Бош прокуратурасида Аркадий Дубнов Россия фуқароси эканлиги ва Туркманистон маъмурлари ҳар қанча талаб қилганлари билан у ҳеч қачон бошқа мамлакатга топширилмаслигини айтишган.
XS
SM
MD
LG