Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:00

Ироқдаги БМТ инпекторлари қўшимча вақт берилишини талаб қилдилар.


Акрам Файзулло

АҚШ етакчилигида Ироққа қарши ҳужум қилиш кечиктириладиганга ўхшайди. Душанба куни Оқ уй матбуот вакилининг қайд этишича, Қўшма Штатлар Ироқда олиб борилаëтган текширув ишларини тезроқ ниҳоясига етказиш учун бирон бир муддат белгилашга уринаëтгани йўқ.

Душанба куни БМТнинг Атом энергияси бўйича халқаро агентлик директори Муҳаммад Ал Баради, Ироқдаги ҳарбий инспекторларга ўзларининг ишларини ниҳоясига етказиш учун яна бир неча ой керак бўлишини маълум қилди.

АҚШнинг айрим иттифоқдошлари Ироқда таъқиқланган ядровий, кимëвий ва биологик қуроллар бор-йўқлигини аниқлаш борасида шошма-шошарликка йўл қўймасликка чақирар эканлар, уруш хавфи камайган кўринади.

27 январда БМТ ҳарбий инспекторлари бошлиғи Ханс Бликс ва Атом энергияси бўйича халқаро агентлик директори Муҳаммад Ал Баради, Ироқдаги текширув ишларининг натижалари ҳақида ҳисобот тақдим этадилар. Илгари АҚШ расмийлари бу кун Ироққа қарши ҳужум қилиш-қилмаслик ҳақида қарор беришда муҳим бўлишини таъкидлаган эдилар.

Аммо АҚШ Давлат котиби Колин Пауэллнинг қайд этишича, 27 январда БМТда ўтказиладиган учрашув – қарор бериш куни эмас.

Айни масалада тўхталган Атом энергияси бўйича халқаро агентлик директори Муҳаммад Ал Баради, “БМТ Хавфсизлик Кенгашида келишилгани каби, 27 январ энг сўнгги муддат эмас, балки ҳисобот тақдим этиш кунидир. Бироқ айни пайтда халқаро ҳамжамиятнинг сабр-тоқати тугаб бормоқда, чунки орадан 11 йил ўтганидан кейин ҳам Ироқни оммавий қирғин қуроллари борасида қуролсизлантириш ишини ўз ниҳоясига етказганимиз йўқ”, деди.

Душанба куни БМТ ҳарбий инспекторлари бошлиғи Ханс Бликснинг қайд этишича, АҚШ ва Британиядан янги разведка маълумотлари олингани натижасида Ироқдаги инспекторлар текширув ишларини янада кенгайтирмоқдалар.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик директори ҳам инспекторлар янги разведка маълумотлари билан таъминланганини тасдиқлади.

“Биз Ироқ борасида аллақачон айрим разведка маълумотларини ола бошладик ва биз келаси бир неча ҳафта мобайнида ушбу маълумотларга асосан текширув ишларини олиб борамиз. Биз ўз миссиямизни тезроқ ниҳоясига етказиш учун барча имкониятлардан фойдаланмоқдамиз”, деди Муҳаммад Ал Баради.

Ўтган ойда Бликс АҚШ ва Британия бундай разведка маълумотларини бермаëтгани ҳақида шикоят қилган эди.

Британия Бош вазири Тони Блэр Ироқдаги ҳарбий инспекторлар ўз ишларини ниҳоясига етказишини кутишини билдирди, аммо пировардида Ироқ қуролсизлантирилиши ҳақида огоҳлантирди.

Душанба куни Лондонда сўз юритган Блэр, Саддам Ҳусайннинг Ироқда оммавий қирғин қуроллари йўқ, деб қилаëтган даъвосига ишонмаслигини таъкидлади.

“Биз Саддам Ҳусайннинг кимëвий, биологик ва ядровий қуроллар ишлаб чиқаришга уринаëтганига заррача ҳам шубҳа қилмаймиз. У аллақачон кимëвий қуролларни амалда қўллади ҳам”, деди Британия Бош вазири.

Блэр ўз сўзида давом этиб, Ироқни қуролсизлантириш тўғрисида БМТ Хавфсизлик Кенгаши қабул қилган резолюцияларга тўлиқ амал қилиниши ниҳоятда зарур эканини қайд этди.

“Биз БМТ салоҳияти ҳурмат қилинишини таъминлашимиз зарур, биз хавфли давлатларга ва террорист ташкилотларга оммавий қирғин қуролларини йўқ қилиш масаласи билан жиддий шуғулланишимизни амалда намойиш қилишимиз керак. БМТ Ироқ президенти Саддам Ҳусайнга тинч йўллар орқали қуролсизланиш учун имконият берди, аммо у агар бу йўлни танламаса мажбуран қуролсизлантирилади”, деди Тони Блэр.

27 январда БМТга Ироқ борасидаги ҳисобот тақдим этилганидан кейин Вашингтонда Британия Бош вазири Тони Блэр ва АҚШ президенти Жорж Буш ўртасида учрашув ўтказилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG