Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:52

Ашхобод расмийлари Туркманистон хукуматини танқид қилган шахсларни Россиядан экстрадиция қилишга уринмоқда.


Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов Россия билан имзоланган қўшфуқаролик ҳақидаги шартномани тўхтатишни таклиф қилмоқда. ИТАР-ТАСС ахборот агентлигининг Ниёзовга асосланиб тарқатган маълумотига кўра, 25 ноябрда президент Сапармурод Ниёзов ҳаётига уюштирилган суиқасд ташкилотчиларининг кўплари қўшфуқароликка эга бўлганлари учун Туркманистон шартномани тўхтатиш масаласини аллақачон муҳокама қила бошлаган.

Президент Ниёзов бу ҳақда шундай деди: “1994 йилда мен ўша пайтдаги Россия президенти Борис Ельцин билан қўшфуқаролик ҳақидаги шартномани имзолаган эдим. Ҳозир эса бизнинг қочқинларимиз Россияга бориб мамлакат фуқаролигини оляптилар. Бунинг натижасида қонунларимиз ярим кучини йўқотяпти. Шу сабабли биз шартномани вақтинча тўхтатишни таклиф қиляпмиз. Биз Россия томонига у ердаги Туркманистон фуқаролари туркман қонунлари билан яшашларини таклиф қиляпмиз. Умуман олганда Россия бу таклифга қарши эмас. Ҳозир биз фақат уларнинг расмий жавобини кутяпмиз. Сўнг, бу масалани Халқ Маслаҳатида муҳокамага қўямиз”.

Шу ой бошида Ашхобод ва Москва расмийлари бошқа бир шартномани имзолаган эди. Лондонда жойлашган “Амнести Интернешнал” ташкилотига кўра, ушбу шартнома Ниёзов ҳукуматининг танқидчилари, жумладан, Туркманистон президенти ҳаётига суиқасд уюштирганида гумон қилинган уч нафар шахсни тутиб топширишни ҳам назарда тутган. Шу сабабли, “Амнести Интернешнал” Россия ҳукуматининг шу масалада тез ҳаракат қилиши мумкинлиги борасида ташвиш билдирган.

Анна Сандер-Плассман “Амнести Интернешнал” ташкилотида Марказий Осиё бўйича тадқиқотчи бўлиб ишлайди. У Туркманистон ва Россия ўртасидаги келишув хусусида шундай деди: “Россия Хавфсизлик Кенгаши ва Туркманистон Хавфсизлик Кенгаши ўртасида 3 январ куни шартнома имзоланганидан кейин хатарли вазият юзага келганига биз ишонамиз. Россия илгари, инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилган давлатларга айрим шахсларни куч билан жўнатиб юборганига далиллар бор”.

Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби Владимир Рушайло 2 январ куни Ашхободда туркманистонлик ҳамкасби билан ўз ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик ҳақидаги шартномани имзолади. Сапармурод Ниёзов билан музокара олиб борганидан кейин Рушайло журналистларга: “Биз халқаро терроризмга қарши курашиш, жумладан, яқинда Туркманистонда президентга қарши уюштирилган воқеалар ҳусусида сўзлашувлар олиб бордик. Россия бу масалада доим очиқ сиёсат олиб борган. Биз, ушбу воқеа терроризмнинг бир кўриниши эканини яна бир бор таъкидлаймиз ва қонунни ҳимоя қилувчи ҳамда махсус хизмат органлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қиламиз”, деди.

“Ассосиэйтед пресс” ахборот агентлиги маълумотига кўра, Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов Россия президенти Владимир Путиндан, суиқасд уриниши ташкилотчилари эканлиги шубҳа қилинган икки шахс, яъни, Туркманистон Бош вазири собиқ ўринбосари ва Марказий банки раиси Худойберди Ўразов ҳамда Туркманистоннинг Туркиядаги собиқ элчиси Нурмуҳаммад Ҳанамовни қидириб топишда ёрдам беришни сўраган. 30 декабр куни Туркманистон Миллий ассамблеяси Президент Ниёзов ҳаётига суиқасд уюштиришга уринганида айбланган Ўразов ва Ҳанамовга умрбод қамоқ жазоси берилиши ҳақида сиртдан қарор қабул қилган.

Туркманистоннинг собиқ юқори лавозимли давлат арбоби Борис Шихмурадов ҳам умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган.

“Амнести Интернешнал” ташкилоти томонидан ўтган ҳафтада тарқатилган баёнотида билдирилишича, Москвада яшаётган Туркманистон фуқароси Ўраз Иқлимов ҳам Туркманистонга экстрадиция қилиниши мумкин. Иқлимовга кўра, Туркманистон ҳукумати уни қўлга олиш мақсадида 20 ва 31 ёшдаги ўғилларини гаровда сақлаб турибди. Иқлимов: “Улар мени қидиришяпти. Улар мен Туркманистонга экстрадиция қилинишимни хоҳлашади. Бор гап шу. Бу мақсадга етиш учун улар менинг ўғилларимни гаровда ушлаб туришибди. Ўғилларимдан бири Ойли Иқлимов қамоқдан озод этилди. Аммо университетда ўқишини давом эттириши учун унинг Москвага учиб кетишига рухсат беришмаяпти. У уй қамоғида гаровда сақланмоқда”, деди.

Москвадаги таҳлилчи Сергей Благов “Asia Times Online” саҳифасида эълон қилган мақоласида, Москва Ашхобод расмийлари билан ҳамкорлик эвазига Россиянинг Туркманистондан кўпроқ газ сотиб олишига умид қилаётганини ёзган.

Наталия Вишнякова Россия Бош прокуратурасининг жамоа алоқалари бўлими бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлайди. Жума куни ундан уч нафар шахс Туркманистонга топширилиши ҳақида сўралганида, у саволга жавоб беришдан бош тортди. Вишнякова, Туркманистон ҳукумати уларни қўлга олиш ҳақида расмий сўров йўлламаганини маълум қилди.

“Амнести Интернешнал” ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Анна Сандер-Плассман эса, уч нафар шахснинг Туркманистонга тутиб топширилиши, Россиянинг халқаро қонунлар доирасида ўз зиммасига олган мажбуриятига зид бўлишини таъкидлади. Шунга қарамай, Сандер-Плассман умидвор бўлиш учун сабаб борлигини айтди. Чунки, ўтмишда Москва расмийлари инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонунлар доирасида ўз зиммасига олган мажбуриятларга риоя қилган. Жумладан, 2001 йилда Россия Бош прокурори Владимир Устинов тожик журналисти Додожон Атовуллоевни Тожикистонга топширишни рад этган.
XS
SM
MD
LG