Линклар

Афғонистонда қуролли гуруҳларни қуролсизлантириш масаласи


Азизуллах Аррал

Афғонистоннинг Ҳамид Карзай бошчилигидаги ўтиш даври ҳукумати¸ янги ташкил этган комиссиялар зиммасига мамлакатдаги маҳаллий гуруҳларни қуролсизлантириш ва 70 мингдан иборат кучли миллий армия ташкил этиш каби оғир вазифани юклади.
Мазкур қўшимча тўрт комиссия Афғонистон мудофаа комиссиясининг шанба кунги йиғилишидан кейин расман эълон этилди. Мудофаа комиссияси эса Мудофаа вазири Муҳаммад Қосим Фаҳим томонидан бошқарилади.
Қуролсизланиш жараëни муваффақиятли амалга ошиши учун йиғилишда қатнашган кучли маҳаллий қумондонларнинг ўзлари ҳам бу жараëнга ҳисса қўшишлари керак бўлади.
Катта аҳамиятга эга бўлган қўшимча комиссиялардан бири маҳаллий гуруҳларнинг ҳақиқий маънода қуролсизланишларини кузатиб боради ва унга Мудофаа вазирининг ўринбосари Атиқуллоҳ Барëлай бошчилик қилади.
Маълумки¸ келиб чиқиши этник тожик бўлган Барëлай¸ собиқ Шимол бирлашган кучлари таркибидаги Мудофаа вазирининг Жамият-и-Исломий фракцияси аъзоси ҳисобланади. У миллий армия ташкил этилиши хусусида радиомизга берган суҳбатида¸ БМТнинг Афғонистондаги ваколати ўз ниҳоясига етадиган 2004 йилнинг июнига қадар мамлакатда янги миллий армияга асос солиш амримаҳол деб билади:
"Миллий армия шароитларига мос келадиган кишиларнинг бир қисми мана шу мавжуд ҳарбий кучлар таркибида бўлса¸ қолган қисми кўнгилли ëшлардан иборат бўлишини инобатга олиш керак. Албатта бу ишни амалга ошириш ва уларга ҳарбий машқлар бериш анча вақт талаб қилади. Менинг назаримда¸ бунинг учун камида тўрт йил керак бўлади"¸ дейди Мудофаа вазирининг ўринбосари Барëлай. У сўзида давом этиб¸ тўрт йилдан кейин биз тажрибали¸ шаклланган ва кучли миллий армияга эга бўламиз¸ деб умид қилади.
Афғонистон мутахассислари ва Ғарб ҳарбий таҳлилчиларининг айтишларича¸ қуролсизлантириш программасининг муваффақиятли амалга ошиши ўзларининг шахсий кучларига эга маҳаллий гуруҳлар лидерларининг мудофаа комиссияси доирасида ҳамкорлик қилишларига боғлиқдир.
Кабулда бўлиб ўтган бўҳронли учрашувга пойтахтдан ташқаридаги икки маҳаллий қўмондоннинг иштирок этганини бу соҳадаги умидворликдан бир дарак дея қарашмоқда кузатувчилар. Мазкур қўмондонлардан бири Ҳирот волиси этник тожик Исмоил Хон бўлса¸ иккинчиси Қандаҳор волиси этник паштун Гул Оға Шерзайдир. Аммо Мудофаа вазири Фаҳим фракциясининг асосий рақиби¸ мамлакатнинг шимолидаги этник ўзбек генерал Абдул Рашид Дўстим учрашувда қатнашмади.
Таҳлилчиларнинг сўзига кўра¸ Абдул Рашид Дўстимнинг мазкур муҳим учрашувда қатнашмаганига унинг кучлари бўлмаган жойда хавфсизлиги учун таҳдид бўлиши сабаб бўлган. Дўстим ўтган йилнинг ëзида Карзайнинг шимолдаги махсус вакили этиб номланганлигига қарамай¸ у 2002 йилнинг июнида бўлиб ўтган Лўйа Жирғадан кейин Кобулга боргани йўқ.
Яна таҳлилчиларнинг мулоҳазаларига қайтадиган бўлсак¸ Дўстимнинг Кобулда ўз хавфсизлигидан қилаëтган андишасига ўтган йил давомида пайтахтда икки вазирнинг жонига суиқасд уюштирилгани сабаб бўлган. Маълумки¸ суиқасд ҳодисасида қурбон бўлганлардан бири Ўтиш даври ҳукуматининг вице президенти Ҳожи Абдул Қадир¸ иккинчиси Муваққат ҳукуматнинг авиация вазири Абдул Раҳмон эди.
Бошқа томондан¸ ўтган йилда Дўстим кучлари шимолда Фаҳимга содиқ фракция жангарилари билан қуролли тўқнашувлар ҳам олиб борди.

Дўстимнинг учрашувда қатнашмагани келажакда қийинчиликлар туғдириши мумкинлигига қарамай¸ БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Лахдар Браҳими қуролсизланиш соҳасида ташланган бу қадамни ижобий деб баҳолайди ва унинг матбуот вакили Маноел де Алмеида е Силва қўшимча комиссияларнинг ташкил этилиши Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишининг муҳим бир қисми ҳисобланишини таъкидлайди:
"У¸ дейди Браҳимини назарда тутиб матбуот вакили¸ халқаро ҳамжамиятнинг мудофаа комиссияси билан бирга иш олиб бориши керкалигини яна бир бор таъкидлаб ўтди".
Барëлайнинг айтишича¸ у бошқарадиган комиссия ўз ишини яқин кунлар ичида мамлакат бўйлаб қуролларни йиғиб олишдан бошлайди.
Фуқаро хизмати комиссиясини эса вице президент этник ҳазора Карим Халилий бошқаради. Бу борада сўз юритган Барëлай: "Бу комиссия таркибига бир қатор вазирликлар муовинлари киритилган ва улар халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликда иш олиб бориш қобилиятига ва салоҳиятига эгадирлар"¸ дейди.
Миллий армия аскарларини танлаш ва уларга ҳарбий машқ берувчи комиссияга этник паштун генерал Раҳим Вардак бошчилик қилади.
Пактиë вилоятидан этник паштун генерал Гулзарак Хон Задрон эса¸ зобитларни танлаш комиссиясини бошқариб боради.

Маълумотларга кўра¸ қуролсизлантириш дастурининг катта қисмини Япония молия билан таъминлайди. Ғарбнинг ҳарбий кучлари¸ жумладан АҚШ¸ Британия ва Германия эса¸ миллий армия аскарларига ҳарбий машқлар беришда ëрдамлашади.
Афғонистоннинг ҳозирги миллий армияси эса тақрибан 2000 аскардан иборат.
XS
SM
MD
LG