Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:56

АҚШнинг Шимолий Кореяга қарши ҳужум қилиш нияти йўқ


Жанубий Корея ва Япония расмийлари Вашингтонда АҚШ дипломатлари билан Шимолий Кореяни қандай қилиб ядровий дастурдан воз кечтириш масаласини муҳокама этмоқдалар.

Яқинда Пхенян таъқиқлаб қўйилган ядровий реакторини қайта ишга туширган эди. Экспертлар фикрича, агар иш шу зайлда борса, ёзга бориб Шимолий Корея бир ёки иккита кичик ҳажмдаги ядро қуролига эга бўлиши ҳеч гап эмас. Аммо АҚШ расмийлари, Шимолий Корея аллақачон бу каби қуролга эга эканини таҳмин этмоқдалар. Ўтган йил кузда мамлакат халқаро келишувларга зид равишда ядро қуроли учун зарур бўлган уран моддаси ишлаб чиқаришни бошлаган эди.

Пхенян расмийларига кўра, ядро қуроли Американинг Ироқ, Эрон ва Шимолий Корея каби "бўйсунмас давлатлар"га қилаётган таҳдидига жавобан жорий қилинмоқда. АҚШ президенти Жорж Буш ўз чиқишларида бу давлатларни "жаҳолат ўқлари" дея қайта-қайта таърифлаган эди.

Масалани тинч ҳал этиш учун Шимолий Корея АҚШ билан тўғридан-тўғри музокаралар бошлашни ва бир-бирларига ҳужум қилмаслик тўғрисидаги шартномани имзолашни таклиф этмоқда. Вашингтон расмийлари эса, масала АҚШ агрессияси эмаслигини, бош муаммо Шимолий Кореянинг ядро қуролини тарқатмаслик борасида олган халқаро мажбуриятларни бажармаётганида эканини айтишмоқда.

Душанба куни АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Жэймс Келли Жанубий Корея ташқи ишлар вазири ўринбосари ҳамда Япония ташқи ишлар вазирлигининг Осиё ва Океания давлатлари департаменти бошлиғи билан айри-айри музокаралар олиб борди ва мазкур сўзлашувлар сешанба куни ҳам давом этди. Унда нималар ҳақида келишилгани ҳозирча очиқланмади. Шунга қарамай АҚШ президенти Жорж Буш Шимолий Кореянинг хавотирларига ўрин йўқ эканини яна бир бор қайд этди. Сешанба куни журналистлар саволларига жавоб берар экан Буш, Пхенян раҳбари Ким Чен-ирнинг Америкадан қўрқишига асос йўқ, унинг мамлакати ядро қуролини тарқатмаслик борасида олган халқаро мажбуриятларга риоя этса кифоя, дея баён қилди:
"Мен Кореяга борганимда очиқ ва лўнда қилиб, биз сизга ҳужум қилмаймиз, деб айтганман ва яна қайтариб айтаман, АҚШнинг Шимолий Кореяга ҳужум қилиш нияти йўқ".

Вашингтонда Жанубий Корея расмийлари Шимолий Корея хавфсизлигига кафолат берилишини ва мамлакатга нефт етказиб беришнинг қайтадан йўлга қўйилишини таклиф этмоқда. Сеул расмийларига кўра, бунинг эвазига Пхенян ўз ядровий дастуридан воз кечиши мумкин.

Вашингтон эса Шимолий Корея билан бу борада музокаралар бошлашга ҳожат йўқлигини ва 1994 йилда имзоланган шартноманинг ўзи кифоя эканини айтмоқда. Айни шартномага кўра Шимолий Корея нефт эвазига ядро қуролини ишлаб чиқармаслик мажбуриятини олган эди.

Шунга қарамай, Карнеги халқаро тинчлик жамғармаси таҳлилчиси Жон Волфштахл Бушнинг чиқиши Сеул таклифига жавоб тариқасида қилинганини айтади.

"Менимча Бушнинг чиқиши Жанубий Корея таклифига ҳамоҳангга ўхшаб кетяпти. Чунки Шимолий Корея расмийлари АҚШ билан ҳужум қилмасликка келишиб олиш зарурлигини таъкидлаб келишган. Буш эса оддий шаклда, бизнинг ҳужум қилиш ниятимиз йўқ, дея ушбу масалани оғзаки тарзда ҳал этишга уринмоқда", - дейди Жон Волфштахл.

АҚШ пойтахтида Шимолий Корея бўхронини ҳал этишнинг дипломатик чоралари мухокама этилар экан, қароргоҳи Венада жойлашган БМТнинг Атом энергияси бўйича халқаро агентлиги халқаро инспекторларни Пхенянга қайтарилишини кўзда тутувчи резолюцияни ишлаб чиқди. Мазкур резолюция агентлик бошқарув ҳайъатига кирувчи 35 давлат тарафидан тасдиқланди. БМТнинг Атом энергияси бўйича халқаро агентлиги бош директори Муҳаммад ал-Барадей Шимолий Корея расмийларидан мазкур резолюцияга бир ҳафта ичида жавоб хозирлашларини сўради. Барадейга кўра, бу Шимолий Кореяга халқаро мажбуриятларни бажариш учун берилган сўнгги фурсатдир:
"Халқаро ҳамжамият масалани куч ишлатиш йўли билан ҳал этишга ҳозирча тайёр эмас. Мен масаланинг дипломатик йўллар билан ҳал этилишини, дипломатияга фурсат берилишини ҳоҳлардим. Бу эса энг аввало Шимолий Корея ва у олган халқаро мажбуриятларнинг бажарилишига боғлиқ", - деб қайд этди БМТнинг Атом энергияси бўйича халқаро агентлиги бош директори Муҳаммад ал-Барадей.

Барадейга кўра, Шимолий Корея бўҳронига нафақат Вашингтон ва Пхенян ўртасидаги, халқаро миқёсдаги муаммо сифатида қараш керак. "Мазкур муаммо халқаро кўламга эга. Шимолий Кореянинг халқаро мажбуриятларни бажармаётгани аввалам бор халқаро ҳамжамиятни ташвишга солмоқда. Масала икки давлат АҚШ ва Шимолий Корея ўртасидаги келишмовчилик доирасидан аллақачон чиққан", - деб қайд этади Барадей.
XS
SM
MD
LG