Линклар

БМТнинг қурол-аслаҳа бўйича инспекторлари Ироқдаги текширув ишларини давом эттирдилар ва қидирув ҳудудини кенгайтирдилар.


Бугун улар камида 6 жой, шу жумладан ракеталар ишлаб чиқариладиган завод ва ҳарбий омборхонани бориб кўрдилар.
Инспекторлар раҳбари Ханс Бликс қидирув ҳудудининг кенгайтирилганига тушунтириш берар экан, инспекторлар АҚШ ва Британиядан янги разведка маълумотларини олганларини айтди.
Атом энергияси бўйича халқаро агентлик раҳбари Муҳаммад ЭлБарадей ўзининг кечаги чиқишида Ироқда оммавий қирғин қуроллари бор ёки йўқлигини аниқлаш учун яна бир неча ой вақт кераклигини айтган эди.
Лондонда Британия ташқи ишлар вазири Жэк Строу агар Ироқ президенти Саддам Ҳусайн халқаро ҳамжамият талабларини бажармаса ва қуролсизланмаса, бу Британияга Ироққа қарши ҳарбий ҳаракат бошлаш ҳуқуқини беради, деб таъкидлади. Аммо, деди Строу, Британия БМТ Хавфсизлик кенгаши Ироқ бўйича иккинчи резолюция қабул қилишига ва зарурат туғилса ҳарбий ҳаракатлар бошлашга рухсат беришига умид қилади.
Германия канцлери Герхард Шрёдер ҳам Ироқ масаласини БМТ Хавфсизлик кенгашининг янги резолюциясини қабул қилиш орқали ҳал этиш лозимлигини айтди.
XS
SM
MD
LG