Линклар

logo-print

"ЎЗБЕКИСТОНДА ИСЛОҲОТЛАР ЙЎҚЛИГИ РАДИКАЛ ИСЛОМНИНГ ҚАЙТАДАН ИЛДИЗ ОТИШИГА САБАБ БЎЛИШИ МУМКИН "

  • Ҳурмат Бобожон

"Wall Street Journal" мухбири Стив Левайн ўзининг "Ўзбекистонда ислоҳотлар йўқлиги радикал исломнинг илдиз отишига сабаб бўлиши мумкин" сарлавҳали мақоласини қуйидаги сўзлар билан бошлайди:
АҚШнинг яқин иттифоқчисига айланган Ўзбекистон сўнгги бир ярим йил мобайнида террорчиликка қарши олиб борилаётган урушнинг олдинги жабҳасида бўлиб келди. Аммо, айрим ғарблик кузатувчилар ва давлат расмийлари Ўзбекистоннинг ислоҳотлар борасида имкониятларни бой бериб қўяётгани исломий радикал гуруҳларнинг қайтадан жонланишига туртки бўлиши ҳақида гапирмоқдалар. Мамлакатда Совет услубидаги иқтисод ва сиёсий тизимнинг сақланиб қолаётгани ислом фундаментализмининг илдиз отишига шароит яратмоқда, - дея таъкидланади "Wall Street Journal" газеатсида эълон қилинган мақолада.

"Стратегик аҳамият касб этаётган Марказий Осиёда барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ хавотирлар Ғарбни Ўзбекистонга мамлакатда туб ислоҳотларни амалга ошириш борасида босимни кучайтиришга ундади", -деб таъкидланади мақолада.

Марказий Осиёнинг 25 миллион аҳолисига эга, ҳарбий жиҳатдан етакчи давлати саналган Ўзбекистон АҚШнинг Афғонистонда Толибон режимини ағдариш ҳарбий амалиётларида муҳим ўрин тутди. Мазкур кампаниянинг дастлабки кунлари кўплар Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонда сезиларли сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар бўлишини башорат қилгандилар. Аммо, мақолада ёзилишича, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва унинг ҳукумати ғарбдаги каби иқтисодий ислоҳотларни четлаб ўтди. Айни пайтда минглаб кишиларни қамоққа ташлади. Дипломатларга қараганда, бу кишиларнинг аксарияти сиёсий сабабларга кўра қамоққа олинган.

Гарчи, Каримовнинг асосий диний мухолифи бўлган Ўзбекистон исломий ҳаракати Афғонистонда яксон этилган бўлса-да, дипломатларнинг таъкидлашларича, Ўзбекистонда маҳаллий халқ орасида мавжуд тузумга норозилик кайфият кучаймоқда.

90- йилларнинг бошларида Ғарб Ўзбекистонни Марказий Осиё иқтисодини юргизишга қодир куч сифатида кўра бошлаган эди. Мустақилликнинг дастлабки йиллари Ўзбекистон ўзининг кўп сонли аҳолиси, бой иқтисодий имкониятлари, жумладан пахта етиштиришда жаҳонда тутган салмоқли ўрни, олтин, табиий газ, нефт захиралари билан чет эл инвесторларини ўзига ром эта бошлаганди. Бироқ, орадан сал вақт ўтиб мамлакатдаги бизнес қилиш шароитларидан қониқмаган хориж сармоядорлари Ўзбекистонни тарк эта бошладилар.

Баъзи дипломат ва банкирларнинг "Wall Street Journal" мухбирига айтишларича, президент Каримов қаттиқ-қўл диктатор обрўсига эга бўлишига қарамай туб иқтисодий ислоҳотлар бошлашнинг уддасидан чиқа олмаяпти." 62 яшар собиқ Коммунист партия етакчиси Ўзбекистон иқтисодиётининг каттагина қисмини ўзининг бир ховуч ҳамкорлари қўлига бериб қўйган. Чунки улар Каримовнинг ҳокимият тепасида қолишида муҳим рол ўйнашади", - дейишмоқда улар.

Мамлакатда фаолият олиб бораётган Ғарб дипломатлари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ислом Каримовни маккор стратегиячи сифатида таърифлашади. Ғарб эса Каримовни сахна ортидан туриб иш олиб бораётган шахсларни четлаштиришга ундаш учун турли усулларни қўлламоқда.

Ўтган йили Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонга иқтисодий ёрдам миқдорини сезиларли оширди. Мақолада таъкидланишича, Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин 11 йил ичида Вашингтон Ўзбекистонга қарийб 444 миллион доллар ажратган бўлса, бу ёрдам 40 фоизи, яъни 173 миллиони ўтган йилнинг ўзида берилган.

Ўз навбатида бундан икки йил олдин Ўзбекистондаги ваколатхонасини ёпган Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистон ҳукумати билан музокараларни қайта бошлади.
Шу ой оҳирида Буш маъмурияти вакили, АҚШ Давлат котиби ўринбосари Ричард Армитэйжнинг Ўзбекистонга бориши режалаштирилган. Олий мартабали Вашингтон расмийсининг Тошкент раҳабарияти билан бўладиган сўзлашувлари давомида яна иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни ўтказиш масаласини кўтаради. АҚШ расмийсидан илгари БМТ ва Европа Иттифоқи вакиллари ҳам Тошкентда бўлишганди.

Ўтган йиллар мобайнида президент Каримов ғарб босимларини инкор этиб, Ўзбекистоннинг ўзига хос йўли борлигини ва Ғарбдаги бошқарув услуби маҳаллий шароитларга мос келмаслигини таъкидлаб келди. Аммо, айрим кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг баъзи ҳаракатлари Каримовнинг бу позициядан қайтаётганидан дарак бермоқда. Хусусан, деб ёзилади "Wall Street Journal" газетасидаги мақолада, илк бор Инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти рўйхатга олинган, махбусларни қийнаб ўлдирган хавфсизлик хизматининг етти нафар ходими жиноий жавобгарликка тортилган, БМТнинг қийноқлар бўйича инспектори Тео ван Бовенга мамлакат қамоқхоналарини кўришга имкон берилган.

Аммо айрим хорижий мамлакатлар расмийлари Ўзбекистондаги вазият юзасидан танқидий фикрлар билдиришмоқда. Ўтган йил декабр ойида Тео ван Бовен Ўзбекистонда "систематик равишда қийноқлар" қўлланаётганини баён қилди.

"Wall Street Journal" газетасидаги мақолада ёзилишича, Халқаро валюта жамғармасининг ҳам Тошкент ҳукумати билан сўзлашувлари шу пайтгача самара бергани йўқ. Дастлаб Каримов улгуржи бозорларни ёпиб ташлади ва импорт молларига солиқлар миқдорини оширди.

Халқаро валюта жамғармаси бунга эътироз билдиргач, солиқлар пасайтирилди. Аммо, бунинг ўрнига бож тарифлари оширилди. Кейин эса, Каримов ХВЖ белгилаган муддат ичида мамлакатда ягона валюта курсини яратишнинг уддасидан чиқа олмади. Ўзбекистонда турли курслар мавжудлиги имтиёзларга эга шахсларга АҚШ долларларини 40 фоиз арзонроқ нархда сотиб олиш имконини бермоқда.
XS
SM
MD
LG