Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:02

Россия ва АҚШ радиоактив чиқиндилар беҳавотир сақланишида Қирғизистонга ёрдам беради.


Совет Иттифоқи даврида Қирғизистон ҳудудида радиоактив чиқиндилар сақланадиган ўнлаб омборлар пайдо бўлганлиги ҳақида хабарингиз бор. Сўнгги йилларда ушбу омборларни замон талаблари даражасида сақлаб туриш учун етарли маблағ ажратилмагани сабабли уларни сақлаш ҳолати сезиларли ёмонлашди. Бу нафақат маҳаллий ҳукумат, балки, қўшни давлатларни ҳам ташвишга солмоқда. Барча тирик жон учун хавфли бўлган ушбу радиоактив чиқиндилар сейсмик актив ва сув тошқинлари юз бериши мумкин бўлган минтақада жойлашган. Шу боис, табиатнинг кутилмаган инжиқлиги Марказий Осиё минтақасидаги бир неча миллион аҳоли учун Чернобил фожиаси кўламига тенг бўлган оғир мусибатни олиб келиши мумкин.

Финляндия ҳукумати ушбу муаммо долзарблигини тушунган холда уни ҳал этишда ёрдам беришга қарор қилди ва Қора-Болта тоғ конидаги ядровий чиқиндилар сақланадиган омборнинг техник ҳолатини яхшилаш учун 3 миллион евро миқдорида маблағ ажратди.

Айни шу муаммо хусусида Россия ҳукумати ҳам Мойлисув шаҳри яқинидаги радиоактив чиқиндилар сақланаётган омборларнинг ҳозирги вазиятини яхшилаш ишларида Қирғизистон ҳукуматига ёрдам берадиган бўлди. Россия ҳукумати яқин фурсатда Атом энергетикаси вазирлигининг бир гуруҳ мутахассисларини Қирғизистонга жўнатади ва шу муаммони ҳал этиш учун маблағ ажратади. Қирғизистоннинг Экология ва фавқулодда холатлар вазири Сотиволди Чермашев Россия ҳукумати қанча пул ажратиши кейинроқ эълон қилинишини билдирди. Маълумки, Мойлисувдаги радиоактив чиқиндилар сақланадиган омборларнинг аҳволи йилдан-йилга ёмонлашиб бормоқда. Мутахассислар, агар табиий офат, аниқроғи зилзила ёки тупроқ кўчиши юз берса, ушбу омборларда сақланаётган радиоактив чиқиндилар Фарғона водийсида яшовчи Ўзбекистон ва Қирғистоннинг тахминан уч миллион аҳолиси ҳаётига таҳдид солиши ҳақида огоҳлантириб келмоқдалар.

Иқтисодий қийинчиликларни бошидан кечираётган Қирғизистон ҳукумати мамлакатдаги радиоактив чиқинди омборларининг техник ҳолатини талаб даражасида сақлаб туриш учун етарлича маблағ ажрата олмаяпти. Ушбу муаммони бартараф қилишга хорижий маблағни жалб этиш учун Қирғизистон ҳукумати траст фондини ташкил этган. Ҳозирги кунда Россия ва АҚШ Ҳожи-Сойдаги радиоактив чиқиндилар сақланаётган омборларнинг техник ҳолатини яхшилаш ишларида фаол қатнашмоқдалар. Қирғизистоннинг Экология ва фавқулодда ҳолатлар вазири Сотиволди Чермашевнинг айтишича, Россия ва АҚШ расмийлари бундан буён ҳам Қирғизистон ҳукуматига мана шундай ёрдам кўрсатиш ниятида эканликларини маълум қилганлар. Чермашевга кўра, Россия Қирғизистондаги радиоактив чиқинди омборларнинг техник холатини яхшилаш лойиҳасини амалга ошириш учун 20 миллион доллар ажратган. Маълумотларга кўра, ҳозир Мойлисув шаҳри яқинида ишлаб чиқаришдан сўнг қолдирилган ташландиқ ҳолатдаги радиоактив чиқиндиларнинг 23та ахлатхонаси ва 13та назорат қилинадиган ядровий чиқиндилар омбори бор. Улар Қирғизистон ҳудудига 60-йилларнинг охири ва 70-йиллар бошида олиб келинган. Қирғизистоннинг Экология ва фавқулодда ҳолатлар вазирлиги маълумотига кўра, 1991 ва 1998 йиллар мобайнида ишлаб чиқаришдан қолган ташландиқ ҳолдаги радиоактив чиқиндиларни назорат остига олиш ишлари гоҳ бошланиб, гоҳ тўхтаб қолгани сабабли кўзланган мақсадга эришилмаган. Радиоактив чиқиндиларни тўлиқ назорат остига олиш учун эса 30 – 40 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ керак бўлиши тахмин қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG