Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:17

Буш Шимолий Кореяга ëрдам берилишига ишора қилди.


Акрам Файзулло

Сешанба куни АҚШ президенти Жорж Буш Шимолий Кореянинг ядровий қуроллар дастури кучдан чиқарилиши эвазига, мамлакатга озиқ-овқат ва энергетика соҳаси бўйича ëрдам берилишини таклиф қилди.

Ушбу таклиф, Пхенянга нисбатан қаттиқ қўл муносабатда бўлган президент Буш сиëсатида кескин ўзгариш рўй берганидан дарак бермоқда.

Яқинда Шимолий Корея халқаро шартномаларга хилоф равишда ядровий реакторини қайта ишга солди, ядровий қуроллар тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган шартномадан чиқди ва баллистик ракеталар синовини қайта бошлаши ҳақида таҳдид этди.

Сешанба куни Вашингтонда сўз юритган президент Буш, Шимолий Корея бўҳрони тинч йўллар орқали ҳал этилишига умид билдирди.

“Биздан, сиз Шимолий Корея билан музокаралар олиб боришга розимиз, деб сўрашмоқда. Албатта, биз музокаралар ўтказишга тайëрмиз. Аммо бу давлат туҳмат қилмаслиги керак”, деди Буш.

Президент таклиф этган ëрдам ҳақида батафсил маълумот бермади. Яқинда БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастурининг расмийлари ëрдам кўрсатиш кескин даражада камайгани оқибатида шу қишда Шимолий Кореяда юз минглаб кишилар очарчиликка учраши тўғрисида огоҳлантирдилар.

1994 йил шартномасига кўра, Пхенян ўзининг ядровий дастурини тўхтатиши эвазига, Қўшма Штатлар Шимолий Кореяни ëқилғи билан таъминлаши ва мамлакатда енгил сув билан ишлайдиган реакторлар қуриши керак эди. Мазкур шартнома шартлари бузилганига икки томон бир-бирини айблади.

Шимолий Корея бўҳрони халқаро ҳамжамиятни жиддий хавотирга солмоқда. Хитой Қўшма Штатлар ва Шимолий Кореяни муаммони тинч йўллар орқали ҳал этиш учун Пекинда музокаралар ўтказишга чақирди.

Россия ҳукумати айни масала юзасидан Пхенян, Пекин ва Вашингтонга расмий намоëндасини жўнатаëтганини эълон қилди. Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов Шимолий Кореянинг ядровий қуроллар тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган шартномадан чиққанини танқид қилиш билан бирга, сўнгги кунларда маълум ижобий қадамлар қўйилганини ва баëнотлар тарқатилганини тилга олиб ўтди.

“Шимолий Кореянинг ядровий қуроллар тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган шартномадан чиққани афсусланарли ҳолдир. Бу нарса оммавий қирғин қуролларини назорат қилиш бўйича қабул қилинган халқаро режимга қаршидир. Айни пайтда Россия, бўҳронни фақат сиëсий музокаралар орқали ҳал этиш мумкин, деб ҳисоблайди”, деди Сергей Иванов.

Сешанба куни БМТ Бош котиби Кофи Аннан ҳам Шимолий Корея бўхрони хусусида тўхталиб, “Шимолий Корея ядровий қуроллар тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган шартномадан чиққан биринчи давлатдир ва мен Шимолий Корея ўзининг халқаро мажбуриятларини қайта зиммасига олишига умид қиламан”, деди.

Пхенян ва Вашингтон орасидаги келишмовчиликларга ечим топиш мақсадида Жанубий ва Шимолий Корея расмийлари 21 январда учрашув ўтказишга рози бўлдилар.

Аммо чоршанба куни Шимолий Корея ҳукумати даҳанаки жангни давом эттириб, Қўшма Штатларни жаҳонда ядровий қуроллар тарқалишида, шунингдек Пхенян ва Вашингтон ўртасидаги ҳозирги бўҳрон билан ëмон шуғулланаëтганликда айблади.
XS
SM
MD
LG