Линклар

Жорж БУШ: "Саддамнинг қилиқларидан кўнглим айнаяпти"

  • Сарвар Усмон

АҚШ президенти Жорж Буш Ироқ президенти Саддам Ҳусайнга қуролсизланиш учун ажратилган вақт ниҳоясига етиб қолганини, Ироққа қарши бериладиган зарбанинг муқаррарлигини таъкидлади.

АҚШ маъмурияти бундай фикр билан ўзининг муҳим иттифоқчилари Буюк Британия ва Германияга мурожаат қилар экан, Ироққа қарши уруш бошлаш тўғрисида БМТ резолюцияси қабул қилинишини уларнинг ҳам қўллаб-қувватлашига умид қилмоқда.

Айни пайтда БМТнинг қуролсизлантириш бўйича инспекторлари Ироқда ядровий, биологик ҳамда кимёвий қуролларни изламоқдалар.

Вашингтон Ироқнинг оммавий қирғин қуроллари яратиш бўйича дастурлари борлигини таъкидлаб келмоқда. Бироқ инспекторлар текширув бошлаганларига 7 ҳафта бўлганига қарамай Вашингтоннинг таъкидига асос бўла оладиган далиллар кўрсатишдан йироқлар. Уларнинг дастлабки ҳисоботлари 27 январда эълон қилиниши кутилмоқда.

БМТнинг қуролсизлантириш бўйича инспекторлари бошлиғи Ханс Бликснинг фикрича, бошланган текширувларни якунига етказиш учун яна бир неча ой керак. БМТ бош котиби Кофи Аннан эса Нью Йоркда бўлиб ўтган матбуот анжуманида текширувларни давом эттириш ҳамда можарони тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканлигини такидлади.

"Мен Ироққа қарши қуролли ҳужум бошлаш босқичида турибмиз, деган фикрдан йироқман. Ироқда иш олиб бораётган инспекторлардан Хавфсизлик кенгаши қуролсизланиш программаси қандай амалга оширилаётганини текширишни ҳамда бу ҳақда ҳисобот беришни сўраган. Шундан сўнг Кенгаш қарор чиқаради. Менимча, инспекторлар эндигина ишга киришдилар",- деди Кофи Аннан.

БМТ бош котибининг позицияси Вашингтоннинг Ироққа қарши ҳарбий амалиётларни жуда тез, шу қишнинг ўзидаёқ бошлашга ҳаракат қилаётганлиги тўғрисидаги турли миш-мишларга зиддир. Бу миш- мишларда жон борлигини таъкидловчилар, АҚШ аскарлари иссиқ ҳавода самарали ҳарбий ҳаракатлар ўтказа олмайдилар, уларнинг кийимлари оғир, бу кийимларни енгиллатиб бўлмайди, чунки аскарларни кимёвий ва биологик қуроллардан ўша кийимларгина ҳимоя қила олади, деган гапни айтадилар. Қолаверса, АҚШ маъмуриятининг хужум бошлашга ҳозирлик кўраётганига Ироқ атрофида ҳарбий кучларни тўпланаётгани асос беради.

Айрим кузатувчиларга кўра, Жорж Буш ҳарбий ҳаракатларни бошлаш тўғрисидаги қарорни 27 январь атрофида, Ироқдаги инспекторлар дастлабки хулосаларини эълон қиладиган кунлари қабул қилиши мумкин.
Бироқ, бир ҳафта муқаддам АҚШ давлат котиби Колин Пауэлл қарор чиқариладиган кун белгиланмаганини айтган эди.
14 январь куни эса Жорж Бушнинг ўзи ҳамда Оқ Уй матбуот котиби Ари Флейшер бу фикрни яна бир бор таъкидлаб, Ироққа қарши уруш бошланиши куни белгиланмаганини билдирдилар. Айни пайтда ҳар иккиси ҳам яна бир бор Ироқни қуролсизланишга чақирдилар.

"Саддам Ҳусайн учун ажратилган вақт тугаб бораяпти. У қуролсизланиши лозим. Бу ўйинлардан кўнглим айнаяпти. Бу менинг муддатни белгилаш масаласига муносабатимдир", - деди президент Буш.

Жорж Буш маъмурияти каби БМТ бош котиби Кофи Аннаннинг ҳам мазкур масала юзасидан билдираётган фикрларида изчиллик сезилмайди.
Бир томондан у урушнинг олдини олиш кераклигини таъкидлаётган бўлса, айни пайтда урушни бошлаш тўғрисида қарорнинг қабул қилиниши муқаррар, деган фикрни билдиради. Яна у Саддам Ҳусайнга босим ўтказавериш лозимлигини ҳам таъкидлайди.

"Менимча, ҳеч ким ўтказилаётган босимларнинг самара бераётганидан шубҳаланмаса керак. Бу босимларсиз инспекторлар бугун Ироққа кайтиб бормаган бўлардилар. Уларнинг Ироққа қайтиб боришлари учун 4 йил керак бўлди", - дейди Кофи Аннан.

Айни пайтда Берлинда Германия канцлери Шредер БМТнинг Ироққа қарши куч ишлатишга рухсат берувчи резолюциясисиз бу мамлакатга қарши хужум бошламаслик тарафдори эканлиги тўғрисида баёнот берди. Шредер, шунингдек, инспекторларга етарли вақт берилиши лозимлигини ҳам таъкидлар экан, Саддамни қуролсизлантириш учун уруш бошлаш шарт эмас, деб айтди.

Лондонда эса Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жек Стро унинг мамлакати ҳам БМТнинг расмий рухсатисиз Ироққа қарши уруш бошламаслик тарафдори эканлигини баён қилди. Бироқ, шу билан бирга, Британия, агар лозим бўлса, вазиятга қараб, Ироққа қарши ҳарбий кучни БМТ резоляциясисиз ҳам ишлатиш ҳуқуқини ўзида қолдиради, деди.
XS
SM
MD
LG