Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:06

Франция ва АҚШ Ироқ масаласида турли фикрда.


Сўнгги ҳафталар ичида Франция ҳукумати, токи БМТ Хавфсизлик Кенгаши рухсат бермагунича, Ироққа қарши АҚШ етакчилигидаги ҳарбий коалицияга қўшилмаслигини бир неча бор такрорлади. Ноябр ойида БМТ томонидан Ироқ хусусида қабул қилинган 1441 рақамли резолюция Бағдод расмийларидан ўзининг барча қуроллар дастурини, яъни кимёвий, биологик ва ядровий қуроллар яратиш бўйича дастурларини ошкор этишини талаб қилади. Ҳозир Ироқда текшириш ишларини олиб бораётган БМТ инспекторлари берилган ҳар қандай нотўғри маълумот ёки ёлғон баёнот ҳунук оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқдалар.

АҚШ томонлама ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириши мумкинлиги ҳақида бир неча бор бир баёнот берган бўлсада, Франция ғарбий Европанинг бошқа давлатлари билан бирга, ҳарбий ўч олинишидан олдин БМТ инспекторлари ўз ишини тугатиши учун уларга етарли вақт берилишига чақирди. Франция ва ғарбий Европанинг бошқа давлатлари барча дипломатик уринишлар натижа бермагандан сўнггина, Ироққа қарши ҳарбий ҳаракат бошлашга охирги чора сифатида қараш лозимлигини таъкидлаб келмоқда.

Франция президенти Жак Ширак 14 январ куни Парижда Германия канцлери Герхард Шрёдер билан музокаралар олиб борганидан кейин Ироқ бўҳронини ҳал этиш учун сиёсий уринишлар давом эттирилиши кераклигини айтди. Шу куни Франция Бош вазири Жан Пиер-Раффарин Парламентда сўзлаган нутқида ўз ҳукуматининг урушга қарши позицияси ўзгармаганини билдирди.

Жак Белтрам Франциянинг Халқаро тадқиқотлар институтида тадқиқотчи бўлиб ишлайди. У Ироқ хусусида Франция ва АҚШ ўртасидаги фарқни ифодалаб: “Сўнгги бир неча ой ичида Франциянинг тутган позицияси ўзгаришсиз қолди. Франция ҳукумати куч ишлатилиши эҳтимолдан холи эмаслигини, аммо бу сўнгги чора бўлишини таъкидлаб келди. Бундай қарор бир томон, икки томон ёки уч томон иштирокида эмас, балки БМТ Хавфсизлик Кенгашида муҳокама этилиб, Кенгаш шу хусусида тегишли қарорни қабул қилиши керак. Ҳозирги кунда, америкаликлар урушга сўнгги чора сифатида қараётганига бизнинг ишончимиз комил эмас”, деди.

Сўнгги ҳафталар ичида ҳар иккиси БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлган Франция ва АҚШ ўртасидаги фарқ бир оз кичрайди. Ўтган ҳафтада Франция президенти Жак Ширак ўзининг ҳарбий қўмондонларига ҳар қандай шароитга тайёр бўлиб туриш ҳақида буйруқ берди. Айни пайтда, АҚШ Ироқ масаласида бир оз юмшоқ позицияда бўлиши мумкинлигига ишора қилди. Белтрам бу ҳақда: “Мен Америка расмийларининг Ироқ масаласида тутган позицияси бир оз юмшашига ишора бўлганини тан оламан. АҚШ президен-ти ва вице-президенти Ироқнинг кўнгилли равишда қуролсизланиши бу режимнинг ўзи ўзгаришини англатади, - деганлари масалага ойдинлик киритди. Агар Ироқ қуролсизланишга қарор қилса, уруш очишга ҳожат қолмайди. Ширак берган буйруққа келсак, президентнинг ўз ҳарбий қўмондонларига ҳарбий ҳозирлик ҳолатида туришни айтгани – бу, ғайриоддий ҳол эмас. Агар сиз у айтган гапларга диққат билан қулоқ солсангиз, биз Ироқнинг БМТ қабул қилган 1441 рақамли резолюциясини қандай бажараётганини назорат қилишимиз кераклигини тушунасиз. Бу, у олдин айтган гаплардан, яъни Ироққа қарши куч ишлатилиши эҳтимолдан холи эмас, аммо бу сўнгги чора бўлиши ва бу ҳақда Хавфсизлик Кенгаши қарор қабул қилиши керак – деган гапларидан ҳеч фарқ қилмайди”, деди.

Париж шаҳридаги Стратегик тадқиқотлар фонди таҳлилчиси Бруно Тертрей Ироқ масаласида Франция ва АҚШ ўртасида катта фарқ борлигини айтиб: “Ҳозир бир томонда Франция, иккинчи томонда Британия ва АҚШ ўртасида фарқ борлиги бундан олти ой илгаригидан кўра аниқ бўлиб қолди. Британия ўзининг кўп қўшинларини жўнатди ва жўнатаяпти. Франция эса бундай қилмаяпти. Менимча, ҳозир президент Жак Ширак уруш муқаррарлигига ишонади. Икки ёки уч ой олдин у урушнинг олди олиниши мумкин – деб ўйлаган. Ширак, БМТ инспекторлари ва Атом энергияси бўйича халқаро агентлик мутахассислари Ироқда топган далилларни назарга олган ёки олмаган ҳолда АҚШ уруш очишга қарор қилишига ишонади”, деди.

Ҳам Белтрам, ҳам Тертрей Франция ва АҚШнинг Ироқ борасида тутган позицияси фарқлилигича қолаётган бўлсада, сўнгги ҳафталар ичида томонлар ўртасида озгина яқинлашув сезила бошлаганини тан оладилар. Ушбу француз мутахассислари, бу яқин келажакда кенгроқ кўламдаги келишувга туртки бўриши мумкин, деган фикрни билдирдилар.
XS
SM
MD
LG