Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:22

Европа Иттифоқи иммигрантлар ишлари бўйича қўшма назорат тизимини ишлаб чиқди.


Акрам Файзулло

Европа Иттифоқида иммигрантлар ишлари билан шуғулланиш ҳеч вақт осон бўлмаган. Ташкилотга аъзо бўлган давлатлар ҳали ҳам иммиграция бўйича мувофиқлаштирилган сиëсат қабул қилгани йўқ ва бу мамлакатларга қанча киши қонуний ëки қонунсиз йўллар билан кираëтганини ҳеч ким аниқ билмайди.

Ташкилотнинг Брюсселдаги расмийларига кўра, ҳар йили тахминан ярим миллион иммигрантлар Европа Иттифоқи мамлакатларига ғайриқонуний равишда кирмоқда. Бошпана берилишини сўраб мурожаат қилаëтганлар сони бир йилда тахминан 400 минг кишини ташкил қилмоқда.

Энди вазият ўзгарадиганга ўхшайди. Чоршанба куни Европа Иттифоқининг “Евродак”, деб аталган янги компютерлашган қўшма назорат тизими иш бошлади. Бошпана излаб Европа Иттифоқи мамлакатларига келаëтган 14 ëшдан юқори бўлган ҳар бир иммигрантнинг бармоқ излари олинмоқда. Иммигрантлар ҳақидаги маълумотлар эса Брюсселдаги марказий компютерга киритилмоқда.

Европа Иттифоқининг иммиграция ишлари бўйича комиссари Антонио Виторинога кўра, “Евродак” Европа Комиссияси томонидан бошқарилади. Бу тизим компютерида иммигрантларнинг бармоқ излари ва улар ҳақида бошқа маълумотлар сақланади. Бундан кўзланган асосий мақсад эса Европа бўйлаб иммиграция тизимини мустаҳкамлашдан иборатдир.

Европа Иттифоқи давлатлари орасида иммигрантлар хусусида ахборот алмашиш масаласи кўпинча қаттиқ баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. “Евродак” тизими бу ҳақдаги тортишувларга чек қўйишга қаратилган. Европа Иттифоқида бошпана берилишини сўраган ҳар бир иммигрант янги тизим бўйича қаерда биринчи бўлиб бармоқ излари олинган бўлса, ўша мамлакатга қайтарилади.

Европа Комиссияси расмийларига кўра, Қўшма Штатларга иммигрантлар тўғрисида тўпланган маълумотлардан фойдаланишга рухсат берилмайди.

“Евродак” тизимидан кўзланган яна бир мақсад, иммигрантларнинг бир вақтнинг ўзида бошпана олиш учун Европа Иттифоқининг бир неча мамлакатига мурожаат қилишига йўл қўймасликка, шунингдек ҳақиқатан ҳам ëрдамга муҳтож бўлган кишиларни ҳимоя қилишдан иборатдир.

БМТнинг Муҳожирлар ишлари бўйича олий комиссари Жак Мушат “Евродак” тизими ëрдамида суиистеъмолларга чек қўйилиши ҳақида умид билдирди.

“Айрим суиистеъмоллар содир этилаëтгани шубҳасиздир. Баъзи кишилар қонунсиз йўллар билан бир мамлакатдан бошқасига боришга ҳаракат қилмоқда ва уларни ҳар доим ҳам ëрдамга муҳтож бўлган кишилар, деб бўлмайди. “Евродак” тизими бошпана берилишини сўраб мурожаат қилган кишиларнинг аризалари тезроқ кўриб чиқилишини ва ëрдамга муҳтож бўлганларни яхшироқ ҳимоя билан таъминлашга имконият беради”, деди Жак Мушат.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи айрим фаоллар “Евродак” компютерида тўпланган маълумотлар иммигрантларга қарши қўлланилиши ëки улар фуқаро бўлган давлатга берилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирдилар. Европа Комиссияси расмийлари ушбу танқидни рад этиб, тизимдан фойдаланиш мустақил мутахассислардан ташкил топган орган томонидан қаттиқ назорат қилинишини таъкидладилар. Уларга кўра, “Евродак” компютерига ҳеч бир иммигрантнинг исм-фамилияси киритилмайди ва тизим фақат иммигрантни унинг бармоқ изларига қараб аниқлайди.

“Евродак” Европа Иттифоқига аъзо давлатларга мамлакатга қонунсиз кириб, бошпана сўрамаган кишиларнинг бармоқ излари олинишига рухсат бермайди. Аммо расмийларга кўра, шахснинг илгари бошпана сўраган-сўрамаганини аниқлаш учунгина унинг бармоқ излари олинади ва у кишининг асл мақсади маълум бўлиши биланоқ, унинг бармоқ излари ўчирилади.
XS
SM
MD
LG