Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:03

“Марказий Осиё республикалари чегараларидаги ҳозирги вазият беқарорликка сабаб бўладими?”


Ҳабибулло Ботиров.

Марказий Осиё минтақасидаги ҳозирги давлатлар раҳбарлари совет империяси инқирозидан кейин мустақиллигини эълон қилган ўз мамлакатлари учун олтин аср бўлиши ҳақида гапиришни яхши кўрадилар. Гўё бу олтин аср Аловуддиннинг сеҳрли чироғи каби ўзларининг қўлидаю халқлар сабр-тоқат қилсалар бас, уни муҳайё этиш ҳеч гап эмасдек сўзлашади.Совет даврида ҳам шунга ўхшаш валдирашлар бўлган эди чамамда.Агар янглишмасам, Ленинга ўхшаш бир ҳаёлпараст 20 йилдан кейин коммунизмни олтин патнисда муҳайё қилиш тўғрисида афсона тўқиган ҳам эди.

Шу жиҳатдан олганда минтақадаги собиқ совет республикалари ҳозирги раҳбарлари ўзларининг коммунист ўтмишдошларидан узоққа кетган эмаслар.Амммо бир жиҳатлари билан улардан фарқ қиладилар. Ҳозиргилар ўз халқлари учун ваъда қилаётган олтин даврга бошқалар, хусусан қўшнилар шерик бўлишини истамайдилар. Шунинг учун ҳам мамлакат ҳудудларини тақа-тақ ёпиб, эшикларни тамбалаб олишмоқда. Келажагини буюк кўрувчи Ўзбекистон каби давлат эса ҳар эҳтимолга қарши эшиги ортига мина ҳам қўйиб чиққан.

Аммо раҳбарлар мана ўн-ўн икки йилдан бери ваъда қилаётган даврнинг эпкини ҳам сезилгани йўқ ҳозирча. Аксинча, баъзи таҳлилчилар фикрича, гарчи ҳукуматлар, жумладан Тожикистонда, иқтисодий ўсиш кузатилгани ҳақида жар солаётган бўлсаларда, халқ турмуш даражасида яхшилик сари ўзгариш сезилгани йўқ. Билъакс, тобора ёмонлашиб бораётгани тўғрисида гапирмоқдалар. Бунга кўп ҳолларда, эркин савдо ва бозор иқтисодиётига зид равишда бу мамлакатлар вужудга келтирган ғайри цивилизацияли чегара ва божхона хизматлари ва бу хизматлар айрим ходимлари орасида авж олган таъмагирлик сабаб бўлмоқда.

Тожик-қирғиз,ўзбек-қирғиз,ўзбек –қозоқ, ўзбек –тожик чегараларидаги вазиятнинг мураккаблигича қолаётгани ва айрим чегараларда,жумладан йил бошланишида тожик-қирғиз чегарасида юз берган кескинлик айрим таҳлилчиларга, хусусан қирғиз-тожик ўзбек халқлари макони бўлган Фарғона водийсидаг этник можаролар вужудга келиши тўғрисида хулоса чиқаришга асос бўлмоқда.

Маълумки,шу йил январ ойида Қирғизистоннинг Боткент вилояти ва Тожикистоннинг Исфара районларини ажратиб турувчи чегарада ғайриқонуний ўрнатилган постлар икки мамлакатнинг маҳаллий аҳолиси ўртасида қонли можаро чиқиб кетиши мумкин бўлган вазиятни юзага келтирди.Тожиклар Қирғизистон томондаги чегара постлари вагончаларини улоқтириб ташладилар.Кўп ўтмай қирғизлар Тожикистон томонида шундай амалга қўл урдилар.Фақат бахтли тасодиф туфайли бу можаронинг кескинлашиб кетиши олди олиб қолинди.

Кейинги хабарларга кўра, 14 январ куни Тожикистон ва Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари юқори мартабали раҳбарлари икки мамлакатнинг баҳсли ҳудудида ўрнатилган учтадан чегара постларини олиб ташлашга келишганлар.Бироқ, бу билан тожик-қирғиз чегара муаммолари ҳал қилинди, деб бўлмайди.Чунки, Совет Иттифоқи парчалангандан кейин мустақилликка эришган республикалар гарчи 1924 йилда белгиланган рамзий чегаралар доирасида қолишга келишган бўлсалар ҳам, бир-бирларига ҳудудий даъволаридан кечган эмаслар.Шу боис ҳам бот-бот Тожикистон матбуотида Ўзбекистонга нисбатан ҳудудий даъволар пайдо бўлиб туради. Қирғизистон билан Тожикистон ўртасида ҳам тақрибан 21 квадрат километрли 70 участка ҳануз баҳсли бўлиб қолмоқда.Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудларидаги анклавлар ҳам гоҳ-гоҳида аҳоли билан чегара ва божхона хизматлари ходимлари ўртасида тушунмовчиликларни юзага келтирмоқда.

Юқорида айтганимиз, Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги можародан кейин, айрим экспертлар, чегара муаммоси минтақада беқарорлик манбаи бўлиши мумкинлиги тўғрисида гапиришмоқда. Масалан, Германияда яшовчи Марказий Осиё бўйича эксперт Юрий Земмелнинг фикрича, шу йилнинг ўзида чегар можаролари шундай беқарорликка олиб келиши мумкин. Ўзбекистоннинг Қозоқистон билан ўз чегарасини бир томонлама ёпиб қўйгани, Тожикистон ва Туркманистон билан икки йил олдин виза тортибини жорий этгани оқибатида қон-қариндошлик алоқалари билан чамбарчас боғланган минтақа мамлакатлари халқларининг нафақат ўз мамлакатлари ҳукуматларига,балки қўшни давлатлар, айниқса Ўзбекистон раҳбариятига нисбатан норозилигини кучайтирмоқда.Бу эса “Ҳизб ут Таҳрир” каби ташкилотларга қўл келмоқда. Ўзбекистон раҳбариятини қораловчи бу ташкилотнинг Тожикистон ва Қирғизистонда фаоллашгани ва унинг асосий аъзолари этник ўзбеклардан иборат эканлиги сабабларидан бири ҳам бу давлат ҳозирги ҳукуматининг чегараларни ёпиш ва виза тартибини жорий этиш орқали халқларни бир-биридан айириш сиёсати оқибатидир.

Бу мамлакатлардаги паймонаси тўлиб тошаётган аҳоли бугун чегара ва божхона постлари жойлашган вагончаларни ағдариб ташлаган бўлсалар, эртага Ўрта Осиё республикаларининг авторитар ҳукмронлари салтанатини қуллатишга ҳаракат қилмаслигига кафолат бериб бўлмайди.

Лекин ҳамма кузатувчилар ҳам шундай фикрда эмаслар. Марказий Осиё бўйича таҳлилчи журналист Олег Панфилов чегараларда юз бериб турган можаролар чуқур кескинликни юзага келтириши мумкин эмас,деб ҳисоблайди.Бирор бир давлат, дейди у, ўз қўшнисига нисбатан қандайдир қуролли ҳаракат қилишга қодир эмас. Чунки, ҳар бир мамлакат ичида туб миллатдан ташқари кўп сонли бошқа миллатлар ҳам яшайдилар. Масалан, Тожикистонда бир ярим миллион ўзбеклар, Ўзбекистонда ҳам кўплаб тожиклар истиқомат қилиб келмоқдалар. Қирғизистон ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
Улар жиддий можаролар олдини олиш омили ролини ўйнашлари мумкин.
“Яна шуни айтиш керакки, дейди таҳлилчи, совет ҳокимияти ўрнатилгунга қадар Ўрта Осиё халқлари дўстона яшаб келганлар.Ундан кейин ҳам бирор бир жиддий миллий можаро юз бермаган.
Ҳозир ҳам бу давлатлар раҳбарлари учун ва, албатта, халқлар учун можаролар чиқиши фойдали эмас. Бу, биринчидан. Иккинчидан,Олег Панфилов фикрича: “Ўзбекистон, Қирғизистон,Тожикистон ва Қозоқистон ҳозирги раҳбарлари, агар қуролли можаро чиқиб кетса, амалда бутун Марказий Осиё мамлакатларини ўз домига тортиши мумкинлигини яхши биладилар. Кейин, уришиш учун бу мамлакатларда маблағ ҳам, етарли даражада қурол-яроқ ҳам йўқ”.Менинг ўйлашимча, дейди у, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорлик бўлишидан манфаатдор катта давлатлар бу ерда уруш чиқиб кетишига йўл қўймайдилар.
Бизнинг нима учун ҳозир чегараларда кескинлик юзага келмоқда, деган саволимизга Олег Панфилов шундай жавоб берди:”Менинг фикримча, бунинг ҳаммаси президентларнинг амбицияси оқибатидир. Одамлар нафақат Совет Иттифоқи даврида чегарасиз яшаганлар ва ҳозир ҳам яшамоқдалар. Албатта Совет Иттифоқи яхши намуна эмас, чунки бу империя темир девор ичкарисида эди. Яхши намуна, бу, одамлар бир-бирлари билан бутунлай осойишта яшаётган Европа мамлакатлари, Европа Итифоқидир. Бундай яхши муносабатлар сабаби шу давлатлардаги бир-бирига ўхшаш сиёсий тизимлардир. Афсуски, Марказий Осиё раҳбарларининг шахсий нафсониятлари халқларга шундай яшаш имкониятини бермаяпти. Аммо бу давлатлар раҳбарлари ҳарқалай катта можаролар юз беришига йўл қўймаслик учун ўзларида ирода ва имконият топа оладилар”, деб ҳисоблайман.
Марказий Осиё республикалари раҳбарлари очиқ чегаралар наркотиклар ва қурол-яроқ ғайриқонуний савдоси билан шуғулланувчиларга кўл келади, шунинг учун уларни ёпишга мажбурмиз, демоқдалар. Сизнингча, бу иддаоларда қанчалик ҳақиқат бор? деган саволимизга Панфилов: “Бу сўзлари билан ана шу раҳбарлар наркотиклар ва бошқа нарсалар ғайриқонуний савдосига қарши курашиши керак бўлган ўз қўл остидаги ҳуқуқ – тартибот органлари жуда ёмон ишлаётганларини эътироф этмоқдалар. Бунинг учун чегара ҳар икки томонида яшаётган ҳалол-пок, виждонли одамлар айбдор эмаслар”, деб жавоб берди.
Марказий Осиё минтақаси бўйича таҳлилчининг фикрича:“Чегараларда юз бераётган ҳозирги можаролар учун ёмон ишлаётган раҳбарларнинг ўзлари ҳам ва уларнинг қўл остидагилар ҳам айбдорлар”.
XS
SM
MD
LG