Линклар

logo-print

Украина ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар янада тарaнглашди.

  • Ҳасанжон

Лондонда чиқадиган “Таймс” газетасининг Вашингтондаги юқори лавозимли расмий киши айтганига асосланиб ёзишича, Украина Ироққа асосан ҳарбий мақсадларда ишлатиладиган кўчма кўприк сотган. Вашингтондаги расмий киши, Украинанинг Бағдод расмийларига қуроллар сотиши “давом этаётган муаммо” эканини билдирган. Яқинда АҚШ Давлат департаментида бўлиб ўтган брифингда матбуот котиби Ричард Баучер бу даъволарни тасдиқлай олмаслигини, бироқ Вашингтон расмийлари масалани ўрганиб чиқишини маълум қилди. Баучер сўзида давом этиб: “Ироққа ҳарбий анжомларни сотиш БМТ санкцияларини бузиш дегани. Биз бу масалани ўрганиб чиқамиз. Биз бир қатор ҳукуматлар, жумладан Европа ва Евроосиё минтақаси ҳукуматлари билан ҳам қуролларни тарқатмаслик борасида мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Украина масаласига келсак, биз бундай маълумотларни кўриб чиқиш ва текшириш масъулиятини ўз зиммамизга олганмиз”, деди.

Шу куни Украина Ташқи ишлар вазири Анатолий Зленко Киев расмий доиралари кўчма кўприкларини экспорт қилганини, аммо улар хеч қачон Ироққа экспорт қилинмаганини таъкидлади. Зленко сўзида давом этиб: “Агар Ироқда кўчма кўприклар бўлса, бунинг масъулиятини бизнинг ҳукумат ўз зиммасига олмайди. Чунки, Украина ҳеч қачон Ироққа тўғридан-тўғри кўчма кўприк сотмаган”, деди.

Кўприк муаммоси АҚШ ва Украина ўртасидаги муносабатлар мураккаб паллага тўғри келди. Сентябр ойида АҚШ Украина БМТ санкцияларини бузган ҳолда президент Леонид Кучманинг рухсати билан учқичларни аниқлай оладиган замонавий “Колчуга” системасини Ироққа сотганини исботловчи далилларга эга эканини айтган.

Бу воқеа АҚШ Ироқни оммавий қирғин қуролларидан қуролсизлантириш учун БМТнинг қўллаб-қувватлашига эришишга уринаётган вақтга тўғри келди. Шу сабабли АҚШ Украинага кўрсатилаётган ўз ёрдамини тўхтатишга ҳамда Киев расмийларига нисбатан олиб бораётган сиёсатини қайтадан кўриб чиқишни бошлашга мажбур бўлди.

Ричард Баучер, сиёсатни қайта кўриб чиқиш жараёни ҳозир ҳам давом этаётганини билдирди. Бироқ, АҚШ Давлат департаменти расмий вакили “Озод Европа Озодлик” радиосига, Давлат департаменти келаси ҳафталар ичида бу масала юзасидан шарҳ бериши мумкинлигин маълум қилди.

Бу масала юзасидан бериладиган шарҳ ижобий бўлиши эҳтимолдан анча йироқ кўринади. АҚШнинг Киевдаги элчиси Карлос Паскуал ўтган ҳафтада сиёсат бўйича Вашингтонда ўтказилган форумда, “Колчуга” масаласи сўнгги икки йил ичида Украина ва АҚШ ўртасидаги муносабатларга салъбий таъсир кўрсатган кўпгина воқеаларнинг бири эканини маълум қилди. Элчи Паскуал сўзида давом этиб: “Мен Украина ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги вазиятини, Украина ўз мустақиллигини қўлга киритган даврдан бери юзага келган энг мураккаб ҳолат, деб баҳолаган бўлар эдим. Ишончга путур етди. Имкониятлар бой берилди ва ўзаро муносабатларнинг айрим жиҳатлари истиқболи можароли кўринмоқда”, деди.

Элчи Паскал, АҚШ президент Кучманинг ўрнига собиқ Бош вазир Виктор Юшенко каби мухолифат вакилларидан бирини қўйиш мақсадидадир, деган украиналиклар орасида тарқалган миш-мишларни рад этиб: “Бу нотўғри. АҚШ Украина сиёсатига таъсир кўрсатиш ёки уни ўзгартириш ниятидан йироқ. Бизнинг мақсадимиз ва умидимиз – Украина халқи раҳбарлик лавозимига ўзи хоҳлаган кишини сайлаши учун эркин, адолатли ва очиқ сайловлар жараёнини рағбатлантиришдир. Раҳбарлик масаласини биз ҳал қилмаймиз”, деди.

АҚШнинг Киевдаги элчиси Карлос Паскуал Вашингтон ва Киев расмийлари ўзаро ишонч ва муносабатни қайта тиклаш учун бирга ишлаши мумкин бўлган соҳаларни санаб ўтди.
XS
SM
MD
LG