Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:36

Бўҳрон масаласини муҳокама этиш учун россиялик дипломат Шимолий Корея лидери билан учрашди.


Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Лосюков Шимолий Корея ва АҚШ ўртасида юзага келган таранг вазиятни юмшатиш ҳақидаги режани муҳокама қилиш учун душанба куни Шимолий Корея лидери Ким Жонг Ил билан учрашди. Томонлар ўртасидаги сўзлашув олти соат давом этди. Бу, оммавий қирғин қуроллар дастури хусусида Шимолий Корея ва АҚШ ўртасидаги бўҳрон октябр ойи охирида пайдо бўлганидан бери хорижлик дипломатнинг Шимолий Корея лидери билан биринчи маротаба тўғридан-тўғри учрашуви бўлди.

Айни пайтда, АҚШ оммавий қирғин қуролини қўлга киритишга уринаётган Шимолий Корея масаласини БМТ Хавфсизлик Кенгашида муҳокама этиш йўлидаги уринишларни бошлади. Душанба куни АҚШдаги “Истеъфодаги офицерлар ассосиацияси” йиғилишида сўзга чиққан АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд Шимолий Корея мавзусига тўхталиб: “Ироқдан фарқли ўлароқ Шимолий Корея кўп жиҳатдан инқирозга юз тутаётган давлат. Мамлакатда очарчилик ҳукм сурмоқда. Ўтмишда бу давлат иқтисодий бўҳрондан чиқиш учун Ғарбдан ёрдам олиш мақсадида ўзининг қуроллар дастуридан қўрқитиш воситаси сифатида фойдаланишга уринган. Шимолий Корея - албатта таҳдид. Аммо, у бошқача таҳдид”, деди.

Агар Шимолий Корея масаласи БМТ Хавфсизлик Кенгашида муҳокама этилса ва унинг аъзолари тасдиқласа, мамлакатга қарши иқтисодий эмбарго жорий этилиши мумкин. Ўз навбатида бу Шимолий Кореяни янада кўпроқ изоляцияга олиб келади.

Пекинда сўзлаган АҚШ дипломати, Шимолий Кореянинг энг яқин иттифоқчиси ҳисобланган Хитой, Шимолий Корея масаласи БМТ Хавфсизлик Кенгашида муҳокама этилишига қарши эмаслигини билдирди. Халқаро хавфсизлик ва қуролларни назорат қилиш бўйича АҚШ Давлат котиби ўринбосари Жон Болтон сўзини қуйидагича давом эттирди: “Хитой Корея халқ демократик республикаси билан анча вақтдан бери алоқаларни йўлга қўйиб келган. Шу сабабли Хитойнинг Пхенян расмий доираларига катта таъсир эта олишига ишонамиз. Аммо, бу масалада муваффақиятга эришиш асосан Пхенян расмийларига боғлиқ”, деди.

АҚШ ва Шимолий Корея ўртасида юзага келган бўхронни дипломатик йўллар орқали бартараф қилиш ниятида АҚШ Давлат котиби ўринбосари Жон Болтон Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрига келди. Сешанба куни журналистлар саволларига жавоб берган Жон Болтон шундай деди: “Биз АҚШ ва Жанубий Корея ҳукуматлари учун муҳим ҳисобланган икки давлат ўртасидаги маслаҳатлашув жараёнини давом эттиряпмиз. Менинг ташрифим ҳам шу мақсадда амалга ошяпти”.

Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Лосюков Пхенянда музокаралар олиб борганидан кейин сешанба куни Пекинга етиб келди. У Шимолий Кореяда олиб борган музокаралари ҳақида журналистларга: “Пхенянда бир қатор сўзлашувлар олиб бордим. Айтишим мумкинки, улар жуда фойдали ва конструктив бўлди. Пхеняндаги сўзлашувларим натижалари ҳақида президент Владимир Путинга ҳисобот беришим керак”, деди.

Бўлиб ўтган музокараларга қисқача хулоса қилган Лосюков сўзида давом этиб: “Умумий қилиб айтганда, менимча, бир оз умидворлик бор. Ушбу муаммо ҳал этилиши мумкин. Бу, аввало, томонларнинг тайёргарлигига боғлиқ”, деди.

Рус дипломати ўртага қўйган таклифга кўра, Корея ярим ороли ядровий қуролсиз зона, деб эълон қилиниши ва Шимолий Корея ўзининг уранни бойитиш дастуридан воз кечиб, “Қуролларни тарқатмаслик” ҳақидаги шартномага мувофиқ халқаро инспекторларнинг текшириш олиб боришига рози бўлиши керак. Шундан сўнг, АҚШ қийинчилик гирдобига тортилган Шимолий Кореяга иқтисодий ёрдам кўрсатиши лозим.

Россиянинг Шимолий Корея ва АҚШ ўртасидаги бўҳронни ҳал этиш бўйича ўртага қўйган ушбу режаси, бундан бир неча кун олдин АҚШ расмийлари томонидан умумий қилиб айтилган шартларга мос келади.
XS
SM
MD
LG