Линклар

ОҚ КЕРАКМИ, КЎК КЕРАК? <br>(АҚШда ирқий тенглик масаласига доир)

  • Сарвар Усмон

Марказий Осиё мамлакатлари халқлари, хусусан, Ўзбекистон халқи турли миллат вакилларидан иборат. Демак, чин демократик давлат қуриш учун миллатлараро тотувликни таъминлаш муҳимдир.

Бундай тотувликка эришиш йўлида қилинадиган ҳаракатлар эса доимийдир. Фикримизга танишадиганингиз лавҳа далил бўлиши мумкин.

***
20 январь, душанба куни америкаликлар ўзларининг миллий байрамларидан бирини нишонладилар. Ҳар йили айнан шу куни америкаликлар ўзларининг ватандошлари, фуқаролик ҳуқуқлари ҳимоячиси, машҳур Мартин Лютер Кингни хотирлайдилар. Афроамерикаликларнинг ҳуқуқлари учун курашган Кинг 1964 йили халқаро Нобель тинчлик мукофотига сазовор бўлган эди.

Ҳар йили, январь ойининг учинчи душанбасида америкаликлар мамлакатдаги ирқий тенглик вазиятига бир қараб оладилар.

Мамлакат президенти Жорж Буш Мэриленд штатидаги асосан афроамерикаликлар истиқомат қилувчи Гленарден шаҳридаги черковда душанба куни ўтказилган ибодат пайтида мазкур масалага тўхталар экан, "Жамиятимизда ҳалигача бошқаларга заҳмат етказувчи кимсалар мавжуд. Албатта, олға силжиш ҳам бор, бироқ, ҳали қилинадиган ишлар кўпроқ, кишиларнинг фикрларида ҳали кўп сарқитлар сақланиб қолаяпти",- деди.

Ҳа, Мартин Лютер Кинг ва унинг тарафдорлари курашлари натижаси ўлароқ, Қўшма Штатларда бирон бир фуқарони танасининг рангига қараб камситиш - кечириб бўлмас жиноят сифатида тушунилиш даражасига кўтарилган.

Бироқ, бу соҳада ҳалигача баъзи муаммолар йўқ эмас. Муаммо шундан иборатки, баъзи кузатувчиларга кўра, афроамерикаликлар ёҳуд лотинамерикаликларнинг ҳуқуқларини таъминлашга зўр берилиши оқибатида оқ танлилар ҳуқуқларининг камситилишига баъзида йўл қўйилиб қолинаяпти.

Шу ўринда АҚШ президенти Жорж Бушнинг Мартин Лютер Кингни хотирлаш кунидан атиги 5 кун аввал, 16 январь кунги баёнотини эслаш жоиздир.

Ўша куни, Озодлик радиоси Вашингтондаги мухбирининг хабарига кўра, АҚШ президенти Жорж Буш олий ўқув юртларига қабул қилишда ирқий квоталарга, яъни муайян ўринлар фақат афроамерикаликларга ажратиб қўйилишига қарши эканлигини билдирган эди. Хўш, гап нимада?

У шундаки, давом этаётган ўқув йили бошланиши биланоқ бир неча оқ танли абитуриент, ўзларининг ҳуқуқларини камситганликда айблаб, Мичиган университетини судга берган эди. Мазкур иш бўйича суд мажлислари шу йилнинг мартида бошланади. Мичиган университетида жорий этилган қоидага кўра, унда ўқимоқчи бўлганларнинг билими 150 баллик ўлчов билан баҳоланади. Бироқ, афроамерикаликлар, лотинамерикаликлар ҳамда ҳиндуларга имтиёз берилган бўлиб, улар имтиҳон топшириш пайтида тўплаган балларига автоматик тарзда яна 20 балл қўшилади. Мичиган университетига киролмаган оқ танли абитуриентлар ўз ҳуқуқларини камситилган ҳисоблаб ўқув юртини судга берди.

Шундан сўнг АҚШда мазкур воқеа юзасидан баҳсу мунозаралар бошланиб кетди. Оз сонли миллатлар манфаатлари ҳимояси билан шуғулланувчи жамоат ташкилотлари президент Бушга мурожаат қилиб, ўз позициясини билдиришни сўрай бошладилар.

Ва президент билдирди ўз позициясини. Унинг 16 январь кунги ирқий квоталарга қарши эканлиги тўғрисидаги баёноти шу ҳодиса билан боғлиқ. Буш ўшанда Мичиган университети сиёсатини АҚШ конституциясига зид, деб баҳолади. Унинг фикрича, Мичиган университетида қўлланилаётган усул оз сонли миллатлар манфаатларини ҳимоя қилаётган бўлиши мумкин, бироқ, айни пайтда, бу усул кўпчиликни ташкил қиладиган оқ танлиларнинг ирқий жиҳатдан камситилишига олиб келаяпти. Университет озчиликни ташкил қилувчи этник гуруҳлар вакилларининг олий маълумот олишларига кенгроқ имконият яратувчи бошқа усулларни қўллаши лозим, деган фикрни билдирди Жорж Буш.

Энди икки оғиз сўз президент Бушнинг бу баёнотига билдирилган муносабатлар тўғрисида.

Мичиган университети президенти Мэри Сью Коулман мамлакат президентининг фикрига қўшилмади, деб хабар беради Озодлик радиосининг Вашингтондаги мухбири. У АҚШ Олий Судининг 1978 йилги қарорини эслаб, президент Бушнинг позицияси фуқаролик ҳуқуқлари йўлида ортга ташланган қадамдир, деган.

Бушнинг баёнотини 2004 йили АҚШда бўладиган сайловларда президентликка номзод сифатида иштирок этишни режалаштирган сенатор Жон Керри ҳам танқид қилди. Кузатувчиларга кўра, ирқий квоталар масаласи кейинги президентлик сайловларида асосий мавзулардан бири бўлиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG