Линклар

Қозоқистон президентининг Швейцарияга ташрифи танқид остида


Фарангис Саид

Расмий хабарларга кўра, Қозоқистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг Швейцарияга ташрифидан асосий мақсад – иқтисодий масалаларни муҳокама қилишдан иборат бўлди. Швейцария Ташқи ишлар федерал департаменти матбуот котиби Ливио Заноларининг Озодлик радиосига билдиришича, учрашувлар давомида турли масалалар муҳокама қилинган.

“Улар Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик масаласини муҳокама қилдилар. Швейцария МО давлатларига техникавий ва молиявий кўмак бериш орқали бу ҳамкорликка ҳисса қўшаётир. Улар, шунингдек, Қозоқистон республикаси ва Швейцария ўртасидаги сиёсий муносабатларни муҳокама қилдилар. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳам четда қолмади, албатта”, деди Швейцария расмийси.

Учрашув натижаларичи, улар қандай бўлди? Берилаётган маълумотларга кўра, музокараларда иқтисодий масалалар устуворлик қилди ва натижада икки ҳужжат имзоланди. Улардан бири – йўл ва транспорт соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида, иккинчиси эса минтақавий савдо-сотиқни ривожлантириш ва Швейцариянинг бундаги ўрни ҳақидаги шартномадир.

Қозоғистоннинг Берндаги элчиси Анорбек Карашевнинг маълум қилишича:

“Қозоқистон ҳукумати ва Швейцария конфедерацияси Кенгаши номидан Қозоқистон давлат котиби ва Ташқи ишлар вазири Қозимжомарт Тўқаев ҳамда Швейцария конфедерацияси президенти Паскаль Кушпен халқаро миқёсда пассажирлар ва товарлар транспортировкасини амалга ошириш ҳақида ҳужжат имзоладилар. Иккинчи ҳужжат эса “Швейцария, МДҲ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги интеграциянинг иккинчи босқичи дастури”, деб номланган бўлиб, уни Қозоқистон номидан Саноат ва савдо вазири Мажит Эсенбоев имзолади”.

Шунингдек, Анорбек Карашевнинг маълум қилишича, ташриф давомида президент Назарбоев Швейцариянинг 150 нафар тадбиркори билан учрашди.

Швейцария расмийлари Қозоқистон делегацияси билан инсон ҳуқуқлари масаласини муҳокама қилганларини таъкидлаётган бўлсаларда, ОАВ ҳамда Қозоқистон ҳукуматига мухолиф партия ва ташкилотлар ташрифни танқид қилдилар. Қозоқистон халқ партиясининг Париждаги вакили Рашид Нуғмонов мана бундай дейди:

“Афсуски, бу расмий ташрифдир. Шу сабабдан биз ташриф ҳақидаги фикримизни билдиришга мажбурмиз. Бу ташриф Қозоқистон ҳукумати инсон ҳуқуқларини топтаётган ва мухолифатни бўғаётган бир пайтда бўлиб ўтаётганидан биз ниҳоятда норозимиз”, дейди Рашид Нуғмонов.

У ва Қозоқистон ҳукуматининг баъзи бошқа танқидчилари Швейцария раҳбари Паскаль Кушпенга очиқ хат йўллаб, хатда “Швейцария раҳбарияти авторитар ҳукумат бошлиғи Назарбоевни қабул қилмаслиги керак”, деб ёздилар.

Швейцария Ташқи ишлар федерал департаменти матбуот котиби Ливио Занолари эса инсон ҳуқуқларининг поймол этилишига чек қўйиш учун Қозоқистон раҳбарияти билан музокара олиб бориш кераклигини таъкидлайди ва учрашувлар давомида Назарбоевга инсон ҳуқуқлари вазиятига оид жиддий саволлар берилгани ва бир ҳужжат тақдим этилганини айтади.

“Конфедерация президенти жаноб Кушпен Қозоқистон президентига саккиз банддан иборат бўлган меморандумни тақдим этди. Меморандум биз Қозоғистон ҳукуматидан ҳал этишни талаб қилаётганимиз муаммолар ҳақидадир”, дейди Швейцария расмийси.

Бу мамлакатда фаолият олиб бораётган “Хавф остидаги халқлар”, деб номланган халқаро нодавлат ташкилот Швейцария ҳукуматини Қозоқистон делегацияси билан учрашгани учун кескин танқид қилди. Ташкилотнинг Швейцариядаги вакили Ханс-Петер Биглернинг Озодлик радиосига берган интервьюсида айтишича, Швейцария ҳукумати Қозоқистон раҳбарияти билан иқтисодий масалаларни муҳокама қилишдан бош тортиб, музокаралар инсон ҳуқуқлари ва коррупцияга бағишланган ҳолдагина у билан сўзлашувлар олиб боришга рози бўлиши керак эди. “Жаҳон иқтисодий тизимининг бир қисми бўлишни истаган давлат инсон ҳуқуқлари ҳақидаги халқаро ҳуқуқ мезонларига жавоб беришга мажбур бўлиши лозим”, дейди Биглер.

Яшиллар партиясининг Швейцария парламентидаги вакиласи Пиа Золленстейн бу фикрга қўшилар экан, Қозоқистон раҳбари Нурсултон Назарбоевнинг коррупцияда айбланиши муносабати билан Швейцарияда ҳозирги вақтда тергов иши олиб борилаётганини айтади.

“Швейцария уни мамлакатга таклиф этмаслиги керак эди. Бизнинг бунга ишончимиз комил. Бу одам ўзининг режими сабабли бизнинг ҳукуматимиз номидан мамлакатга таклиф этилмаслиги лозим эди. Маълумотларга қараганда, у бошчилигидаги режим жиноятга, хусусан фирибгарликка қўл урган. Шу сабабдан унинг Швейцария банкларидаги ҳисоблари музлатиб қўйилган”, дейди Швейцария парламенти депутати Пиа Золленстейн Нурсултон Назарбоев ҳақида.

2001 йилда АҚШ Адлия департаменти сўровига кўра, Швейцария расмийлари Қозоқистон президенти ва унинг яқинларига тегишли, деб тахмин қилинаётган 120 миллион долларлик банк ҳисобини музлатиб қўйган эдилар. Нафақат Қозоқистон ичида, балки бутун дунёда катта шов-шувга сабаб бўлган ва “Казахгейт”, номи билан танилган бу ишга кўра, 90-йиллар давомида АҚШнинг Қозоқистонда фаолият олиб бораётган бир неча компанияси имтиёзли контрактлар эвазига Қозоқистон президенти ва унинг оила аъзолари ҳамда бошқа расмийлар номларидаги банк ҳисобларига катта миқдордаги маблағ ўтказган. Ҳозирги вақтда АҚШ олий суди бу ишни ўрганмоқда.

Январ бошида Назарбоевнинг Швейцарияга бориши маълум бўлганидан сўнг, маҳаллий ва халқаро матбуот ҳам, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам Швейцария ҳукуматидан коррупциялашган республика раҳбарияти билан учрашмасликни талаб қила бошладилар.

Швейцария Ташқи ишлар федерал департаменти матбуот котиби Ливио Заноларининг таъкидлашича, Швейцария ҳукумати Назарбоев делегацияси билан коррупция ҳақида ҳам гаплашган.

“Ўйлашимча, Швейцария ташқи ишлар вазири Мишелин Калми-Рей бу масалани муҳокама қилди. Бироқ, президент Кушпен жаноблари асосий эътиборни иқтисодий масалаларга қаратиб, инсон ҳуқуқлари ва пул масалаларини фақат қисқача муҳокама қилган”, дейди Швейцария Ташқи ишлар федерал департаменти вакили ва учрашувдан сўнг бўлиб ўтган матбуот конференциясида журналистлар Назарбоевга қарашли, деб тахмин қилинаётган банк ҳисоблари ҳақида саволлар берганларини айтади. “Аммо бу, ҳукумат эмас, балки суд ҳал этадиган масаладир”, - дейди Занолари.
XS
SM
MD
LG