Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:14

Давосда ўтадиган жаҳон иқтисодий форуми ҳақида.


Муҳтарам “Озодлик” тингловчилари, 23 – 28 январ кунлари Швецариянинг Алп тоғларида жойлашган Давос курорт шаҳрида 33-анъанавий Жаҳон иқтисодий форуми ўз ишини бошлайди. Унда 99та давлатдан келган 2.150дан ортиқ йирик тадбиркорлар, таниқли сиёсатчилар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этадилар. Аниқ рақамларда айтадиган бўлсак, форумда 37 нафар диний лидер, 71та нодавлат ташкилот вакиллари, 172 нафар олим-мутахассислар, 239 нафар жамоат арбоблари, 264 нафар оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, 1.300 нафар тадбиркорлар қатнашадилар. Форумни пайшанба куни Малайзия Бош вазири Маҳатир бин Муҳаммад табрик сўзи билан тантанали равишда очади. Давос форумида 29та давлат ва ҳукумат бошлиқлари қатнашадилар.

Навбатдаги форумда асосан ўзаро ишончни тиклаш масаласи муҳокама этилади. “Озодлик” тингловчиларига маълумки, сўнгги йиллар мобайнида амалга оширилган террор ҳужумлари ҳамда молия билан боғлиқ бир қатор шов-шувли жанжаллар дунё иқтисоди, сиёсати ва фуқаролар жамиятидаги ўзаро ишончга жиддий путур етказди.

Ташкилотчилар томонидан тарқатилган баёнотда, Форум ишини ёритиш учун чекланган сонда оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилган. Давоснинг географик жойлашган ўрни ва Форумда қатнашишни хоҳлаган барча кишиларни меҳмонхоналарга жойлаштириш қийин бўлгани сабаби чеклов жорий этилган.

Давос форумида АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэлл, Жаҳон савдо ташкилоти, ОПЕК, НАТО, Интерпол, Европа Иттифоқи ва БМТ қошидаги бошқа бир қатор ташкилот раҳбарлари иштирок этишлари кутилмоқда.

Маълумки, шу пайтгача бўлиб ўтган дунёдаги барча йирик анжуманларда каттаю кичик норозилик намойишлари уюштирилган. Уларнинг баъзиларида зўравонлик ҳоллари қайд этилган бўлса, бошқалари тинч намойиш билан чекланган. Навбатдаги 33-Давос форумида ҳам айрим гуруҳлар томонидан норозилик намойиши уюштирилиши тахмин қилинмоқда.

Шу муносабат билан халқаро Амнистия ташкилоти куни-кеча баёнот тарқатди. Унда Амнести ташкилоти Давос форумига мезбонлик қилаётган Швецария ҳукумати ва маҳаллий ҳокимиятларни, хавфсизлик чоралари кўрилаётган пайтда тинч намойишчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши ва халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларига тўлиқ риоя қилинишига чақирган.

Амнести интернэшенал томонидан йўлланган мактубда Швецария ҳукуматининг диққати инсон ҳуқуқлари вақтинчалик ҳибсга олиш каби чоралар билан бузилмаслиги, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари куч ва ўқотар қуролларни ишлатиш ҳақидаги халқаро стандартларга риоя қилиши лозимлигига қаратилган.

Давос форумининг 25 январ шанба кунги йиғилишида бир неча минг киши иштирокида норозилик намойиши бўлиши кутилмоқда. “Олтер Бунднис” номли норозилик ҳаракати вакили Волтер Ангст Ройтер ахборот агентлигига: “Биз Давосга боришда катта қийинчиликка дуч келяпмиз. Ҳозирча биз норозилик намойиши ўтказиш учун рухсат олдик. Аммо, намойишчиларнинг Давосга боришлари учун рухсат йўқ”, деди.

Швецария ҳукумати Давос форумида қатнашадиган юқори мартабали дунё лидерлари осойишталигини таъминлаш учун мисли кўрилмаган хавфсизлик чораларини кўрди. Форум хавфсизлигини таъминлаш учун ташкилотчилар 10 миллион доллар сарфлайдилар. Оддий математика нуқтаи назаридан гапирадиган бўлсак, Давос форумига таклиф этилган 2000 делегатдан ҳар бирининг хавфсизлиги учун 5.000 доллардан сарфланади.

Давос курорт шаҳри тижорат самолётлари учмайдиган водийда жойлашган. Шу сабабли, Швецария ҳукумати расмийлари Давос томон учаётган ҳар қандай енгил самолёт “парвоз йўналишини ўзгартириш” ҳақида берилган буйруққа бўйсунмаса, Швецарияга қарашли жанговар учқичлар уни дарҳол уриб тушириши ҳақида огоҳлантирдилар.

Муҳтарам тингловчилар, Давос форуми тафсилотлари билан кейинги дастурларимиз давомида батафсил таништиришга ҳаракат қиламиз.
XS
SM
MD
LG