Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:44

Яна Сибир дарёлари сувининг бир қисмини Марказий Осиёга буриш ҳақида.


Қимматли тингловчилар, ёдингизда бўлса “Тоза табиат” рукнининг ўтган йил охиридаги сонларидан бирида, Москва ҳокими Юрий Лужковнинг 5 декабр куни президент Владимир Путинга “Сибир дарёлари сувининг бир қисмини Марказий Осиёга буриш” ҳақидаги мактуби Россия матбуотида кенг муҳокама қилинаётгани ҳақида атрофлича маълумот берган эдик.

Ушбу мавзу хусусида Россия жамоатчилиги турли фикрлар билдиришда давом этмоқда. Айрим кишилар Сибир дарёлари сувининг бир қисмини Марказий Осиёга буриш Сибирнинг ўзига хос табиати ва экологиясига салбий таъсир этишини айтсалар, баъзилар бу келажакда Россияга нефт каби катта моддий даромад олиб келишини таъкидламоқдалар.

“Сельская жизнь” газетасининг 21 январ кунги сонида Полина Добролюбованинг Россия Фанлар академияси маслаҳатчиси академик Олег Васильев билан айни мавзуда ўтказган суҳбати эълон қилинган. Олег Васильев 80-йилларда Россия Фанлар академияси Сибир бўлимининг Сув ва экология муаммолари институтини ташкил қилган олимдир.

Васильевнинг айтишича, 60 – 70 – йилларда Орол денгизининг суви пасая бошлаганида Сибир дарёлари сувининг бир қисмини Орол сув ҳавзасига буриш ғояси пайдо бўлган. Лойиҳани техник-иқтисодий жиҳатдан асослаб бериш ишлари билан 70-йилларда ўша пайтдаги СССРнинг Мелиорация ва сув хўжалиги вазирлиги қошида ташкил этилган “Союзгипроводхоз” институти шуғулланган. Институт бу вазифани 80 йиллар бошига келиб тугатган. Шундан сўнг, лойиҳа хужжатлари СССР Госпланининг давлат экспертлар комиссиясига кўриб чиқиш учун топширилган. Айни шу даврда Олег Васильев давлат экспертлар комиссияси қошидаги кичик комиссия раисининг ўринбосари бўлиб фаолият олиб борган. Мутахассислар Сибир сувларини узоқ масофага жўнатиш лойиҳасини диққат билан ўргана бошлаганлар.

Биз Бош қароргоҳи Тошкентда жойлашган халқаро ЭКОСАН жамғармаси раиси профессор Юсуфжон Шодиметов билан шу мавзуда суҳбатлашганимизда, у киши Олег Васильев ҳақида шундай фикр билдирган эди:
Газета мухбирининг “Сибир дарёлари сувининг бир қисмини Марказий Осиёга буриш ишлари қандай сабабга кўра тўхтатиб қўйилди?” деб берган саволига Олег Васильев, ўша пайтда бундай канал қурилиши катта шов-шувга сабаб бўлганини, лойиҳага қарши чиққан олим ва мутахассислар кўп бўлганини айтди. Россиялик академик сўзида давом этиб, 1986 йилда бу лойиҳа асосан иқтисодий сабабларга кўра, яъни молия етишмагани сабабли тўхтатиб қўйилганлигини билдирди. Лойиҳада ушбу канал Марказий Осиёга ҳар йили 25 – 27 минг куб километр сув олиб келиши тахмин қилинган эди.

Россиялик академикнинг фикрича, Об дарёси сувининг тахминан 5 – 7 фоизини эни 150 – 200 метр ва узунлиги 2.500 км бўлган канал орқали Марказий Осиёга олиб келиш – канал ўтган жойлардаги ер усти ва ер ости сувлари оқимига таъсир кўрсатиши мумкин. Аммо бу лойиҳа амалга ошса, минтақа иқлимига жиддий зиён етмаслиги, илмий жиҳатдан ишончли тарзда асослаб берилган. Бундан ташқари, Сибир дарёлари сувининг бир қисмини Марказий Осиёга буриш лойиҳаси ҳозир сув танқислиги муаммосига дуч кела бошлаган Россиянинг Челябинск, Курган ва бошқа вилоятларидаги вазиятни яхшилашга имкон яратади.

Сибир дарёлари сувини Марказий Осиёга буриш лойиҳаси ишлаб чиқилаётган пайтда геосиёсат ҳақида ўйлашга умуман ҳожат бўлмаган. Чунки ўша пайтда СССР деб номланган давлат бор эди. Ҳозирга келиб унинг ўрнида 15та мустақил давлат пайдо бўлди.

Россия Фанлар академияси академиги Олег Васильев, Сибир дарёлари сувининг бир қисмини Марказий Осиё минтақасига буриш лойиҳасини амалга оширишдан олдин унинг барча салбий ва ижобий томонлари ўрганиб чиқилиши лозимлигини, ушбу мураккаб муаммони хал этиш ҳар томонлама ёндашувга асосланган бўлиши кераклигини айтди. Сўзининг охирида у, лойиҳани амалга тадбиқ этиш учун барча иқтисодий-ижтимоий, техник, экологик ва геосиёсий жиҳатлар диққат билан ўрганилиши лозимлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG